Линклар

logo-print

Ўшда 2010 йил июн воқеаларида жабр кўрганлар учун қурилган янги кўп қаватли уйларнинг айримларида ёриқлар пайдо бўлди.


Ўтган йил июн воқеаларида жабр кўрганлар учун Ўшнинг Манасата районида қурилган 5 қаватли 75 хонадонли уйнинг фойдаланишга топширилганига бир йил тўлар-тўлмас деворлари ёрилиб, уй ичига чакка ўтаётгани тўғрисида мазкур уйнинг 32-хонадонида яшовчи Венера Чилова маълум қилди.

- Яқинда бўлган зилзилада уйимнинг ошхонасида ёриқ пайдо бўлди. Подъезд ва подвал ҳам чўкаяпти. Уйимга чакка ўтиб, деворларим кўкариб кетаяпти. Қўрқасан экан, ҳозир зилзила кўп бўлаяпти. Табиий офат чоғида босиб қолса, бу ерда қанча одам яшайди... Бир квартирада камида 5-6 дан одам яшайди, - дейди Венера Чилова.

Унинг айтишича, ҳозирда кўп қаватли уйнинг олдида қурилган болалар майдончаси ҳам яроқсиз аҳволга тушган.

- Уйнинг олдидаги ҳайинчаклар ҳам синган. Усталар наридан бери қуриб кетишган. Ошиб борса, бир ойга етмади. Атрофдаги панжаралар ҳам синди. Бу уйдан ҳеч ким хабар олмади, - дейди Венера Чилова.

Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш давлат дирекцияси эса сувоқ пайтида деворларнинг баъзи жойлари дарз кетган бўлиши мумкинлигини, ёриқларни суваб қўйиш кераклигини айтмоқда.

- Ҳаммаси яхши, деб айтмайман. Иш бўлган ерда камчилик ҳам бўлади. Бироқ биз камчиликларни ўз вақтида тўғрилаб турамиз. Айнан 75 хонадонли уйга келсак, мана, неча марта зилзила бўлди - турибди, уй сифатли қурилган, - деди Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш давлат дирекцияси вакили Қурбонали Азимов.

Суҳбатдошимиз, шунингдек, 2010 йил воқеаларида жабрланганлар учун қурилган кўп қаватли уйлар евростандарт бўйича қурилмаганини ва қурилиш учун давлат томонидан ажратилган маблағ фойдаланишга топширилгандек уйлар қуриш учунгина етишини қўшимча қилди.

Қайд этиш жоизки, 75 хонадонли бу уйда 64 та қирғиз, 10 ўзбек ва битта рус оиласи истиқомат қилади.

Мазкур уйни қуриш билан шуғулланган “Ал-Манар” ширкати муҳандиси Арин Жээнбеков эса пайдо бўлган ёриқларни тўғрилаш қийин эмаслигини айтади:

- Биз уйларни сифатли қилиб қурганмиз. Уйларда ёриқлар пайдо бўлиши мумкин, сабаби уйнинг айри-айри қисмли жойлари ҳозирги янги технологиялар билан – пенопласт қуйилиб, сетка тортилиб, сувоқ қилинган. Ўша ишларнинг барчаси қиш кунларида қилинган. Ҳозир қуриганда озгина ёриқлар пайдо бўлиши мумкин. Буни тўғриласа бўлади, - деди Арин Жээнбеков.

Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш давлат дирекцияси матбуот котиби Мелис Эржигитовнинг айтишича, 5 декабр куни мазкур уй яшовчилари билан дирекция, давлат архитектураси ва қурилишни амалга оширган пудратчи ширкат вакиллари учрашган ва яшовчилар арзлари ўрганилган. Мелис Эржигитов уй деворларидаги ёриқларни тузатиш пудратчи ширкатлар ҳисобидан амалга оширилишини айтди

Маълумотларга кўра, Ўш ва Жалолобод вилоятларида бундай уйлардан 35 тасини қуриш режаланган. Ҳозирча уйларнинг 11 таси қуриб битказилган ва 2010 йил июн воқеалари чоғида жабрланганларга топширилган. Қолган 15 та кўп қаватли уйнинг шу йил охиригача фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG