Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:56

Единая Россия сири: Сайлов "чархпалаги"


Россия сўлчилари парламент сайловларини бойкот қилди.
Россия сўлчилари парламент сайловларини бойкот қилди.

Россиялик фаоллар махсус автобусларда ташилган "сайловчилар"нинг бир эмас¸ 45 тагача сайлов участкасида қайта-қайта овоз берганини далилловчи фото ва видеотасвирларни жамоатчиликка тақдим қилмоқда.


4 декабр куни новгородлик адвокат Александр Кириллов сайловларда иштирок этиш учун ўз сайлов участкасига келганида у ерда кўргани одамларга лиқ тўла шубҳали автобус фотосуратларини шахсий блогида чоп этди.

Воқеа тафсилотларини Озодликка ҳикоя қилиб берган Александр Кириллов ҳақиқий “карусел”- бир нечта сайлов участкаларида овоз бераётганларнинг “чархпалак” ўйинига гувоҳи бўлганини айтади.

- Новгородда мен 7-сонли ётоқхонада жойлашган ўз сайлов участкамда овоз бердим. Сайловдан чиқиб машинамга ўтириб кетмоқчи бўлиб турганимда участкага ичида ёшлар тўла бўлган автобусга назарим тушди. Автобус маршрутли эмас эди, яъни унинг рейс рақамлари йўқ эди. Олд ойнакда фақатгина “НовГУ”, аниқроғи Новгород Давлат университети ёзуви бор эди, холос. Шунда мен машинанинг ортидан бордим ва автобус орқасидан ВАЗ 2114 русумли автомобил кетаётганини суратга олдим, дейди Александр Кириллов.

Адвокатнинг сўзларига кўра, бу автобус 8-сонли ётоқхонадаги бошқа сайлов учаскасига келиб тўхтаган.

“Шунда барча ёшлар яна сайлов участкасига кириб кетди”, дея давом этади. Кириллов.

- Мен бу воқеани суратга олиб турганимда ёнимга бир гуруҳ ёш йигитлар яқинлашиб келди. Сайлов участкасидан костюмдаги бир кимса ёнимга келиб нима учун мен ётоқхонани расмга олаётганимни қўпол тарзда суриштиришни бошлади. Улар машинамни тўхтатишга уринди, лекин мен у ердан қочиб чиқишга улгурдим, дейди Озодлик билан суҳбатлашган новгородлик адвокат Александр Кириллов.

4 декабр куни Россиянинг бошқа минтақаларида ҳам сайлов участкаларида Кирилловнинг бу гувоҳлигига ўхшаш ҳодисалар рўй бергани хабар қилинмоқда.

Yоutube видеопорталида Чувашиянинг Алатир посёлкасида сайлов учаскасига бир гуруҳ ёшларни сайловда иштирок этиш учун ташиб келган соддакўнгил автобус ҳайдовчиси билан суҳбат чоп этилди. Унда шофёр талабаларни бошқа сайлов участкаларига ҳам олиб кетаётганини сўзлаб берган.

Шунингдек, “чархпалак” операцияларини амалга оширган автобусларнинг Томск вилояти ва Москванинг Строгино туманида ҳам кузатилгани гапирилмоқда.

Строгинодаги сайловда “қандай овоз бериш” тўғрисида тушунтириш бераётган “инструктор”нинг телефонга олинган видеоси интернетда аллақачон шов-шувларга сабаб бўлмоқда.

Видео остида қўйилган изоҳлардан бирида 45 маротаба берилган овоз учун “чархпалак” ташкилотчилари 4000 рубл ваъда қилгани кўрсатилган.
XS
SM
MD
LG