Линклар

Ҳуқуқшунос Ҳадича Абишова ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари мушкул вазиятларга тушиб қолишидан сақланиши учун бир қатор ҳуқуқий тавсиялар берди.


Жанубий Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида жойлашган “Сана сезим” ташкилоти ўн йилдан буён меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келаяпти.

Ташкилот раҳбари Ҳадича Абишовага кўра, Қозоғистонга тирикчилик илинжида пул ишлаш учун келган ўзбекистонликлар ўз ҳуқуқларини билмасликлари боис мушкул вазиятларга тушиб қолмоқдалар.

Одам савдоси қурбони бўлаётган, меҳнат ҳақларини ололмаётган ўзбекистонликлар сони кўплигини айтар экан, Ҳадича Абишова бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мумкинлигини таъкидлайди.

Шу ўринда Ҳадича Абишова “Муҳожир кундалиги” саҳифасида меҳнат муҳожирларига бир қатор тавсиялар беради:

Паспортингизни ҳеч кимга ишонманг. Сизнинг шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат ҳамиша ўзингизда бўлиши керак.

Қариндошларингиз ва яқинларингизга ўзингиз ҳақингиздаги ахборотларни: телефонлар ва борган жойингиздаги манзил, паспортингиз ва меҳнат шартномасининг нусхасини қолдиринг.

Паспортингизни бир неча нусхада ксерокопия қилиб, турли жойларга яшириб қўйинг. Бу нусхалар, мабодо кимдир паспортингизни олиб қўйса, уйга қайтишингизда керак бўлади.

Давлат чегарасидан сохта ҳужжатлар билан ўтишга ҳеч қачон ҳаракат қилманг.

Қўрқитиш, қийнаш ёки товламачилик аломатларига дуч келсангиз, сизга ёрдам бериши мумкин бўлган халқаро ва маҳаллий ташкилотларнинг телефон рақамларини топиб, олиб қўйинг. Шуни билингки, сиз мурожаат қилгандан кейингина сизга ёрдам берилиши мумкин.

Агар сиз меҳнат шартномаси асосида ишга кетаётган бўлсангиз, иш берувчининг чет эл ишчи кучларини мамлакатга олиб киришга рухсати бор-йўқлигини суриштиринг. Сиз имзо чекадиган меҳнат шартномаси сизга тушинарли тилда ёзилиши ва қуйидагиларни ўз ичига олиши керак: иш берувчи ҳақида маълумот, иш тури ва меҳнат шароити, яшаш шароити, меҳнат ҳақи, шартноманинг амал қилиш муддати.

Агар зарур бўлса, ҳуқуқшунос билан маслаҳатлашинг.

Телефон автоматларида ишлатиладиган таксофон карталари орқали дунёнинг ҳамма жойидан қўнғироқ қилиш имкони бор. Шу хил карталардан бирини ўзингиз билан олиб юринг. Шу карточка ёрдамида ўз мамлакатингизга қўнғироқ қилиш мумкинлигига ишончингиз комил бўлсин.

Агар имконингиз бўлса, ўзингиз билан қайтишда билет олишга етадиган маблағни олиб, ҳеч ким топа олмайдиган жойга яшириб қўйинг. Бу сирни ҳатто ўзингиз билан бирга келаётганларга ҳам айтманг.

Агар сиз қайсидир сабаблар билан полиция бўлимига олиб келинсангиз, таржимон келмагунча ҳеч қандай кўрсатма берманг.

Агар сизни ҳибсга олишса, текин адвокат талаб қилишга ҳақкингиз борлигини унитманг.


--------

Ҳадича Абишова.

Жанубий Қозоғистондаги “Сана сезим” ҳуқуқий маркази раҳбари.
XS
SM
MD
LG