Линклар

Боннда Афғонистон келажаги муҳокама қилинмоқда


Афғонистон тақдирини муҳокама қилиш учун дунёнинг 85 давлатидан борган расмийлар Бонн шаҳрига йиғилди.

Афғонистон тақдирини муҳокама қилиш учун дунёнинг 85 давлатидан борган расмийлар Бонн шаҳрига йиғилди.

Бу анжуманга Толибон ва Покистон расмийларининг келмагани тинчлик сулҳига эришиш имконини яна йилларча ортга сурди.


Германиянинг Бонн шаҳрида 2014 йилда НАТО қўшинлари олиб чиқилгандан кейинги Афғонистон тақдири муҳокамасига бағишлаб халқаро анжуман иш бошлади.

Унда сўзлаган Афғонистон президенти Ҳамид Карзай халқаро қўшинлар олиб чиқиладиган сўнг ҳам Афғонистон ўз хавфсизлигини сақлаш ва мамлакатни тиклаш ишларида халқаро кўмакка муҳтож бўлиб қолишини айтди.

- Афғонистонни барқарор, ўзини ўзи ҳимоя қила оладиган ва демократик давлат қилишга қаратилган умумий ғоямиз ҳали реалликка кўчишдан анча йироқ. Табиийки, муаммолар ҳануз ўша-ўша ва улар бизнинг ютуқларимизни йўққа чиқариши мумкин, деди Афғонистон президенти.

Бу анжуманга йиғилган турли давлат расмийлари Афғонистонга 2014 йилдан сўнг ҳам халқаро ёрдамни тўхтатмаслик кераклигини таъкидламоқда.

Жумладан, Германия Ташқи ишлар вазири Гвидо Вестервелле Афғонистон бундан кейин ҳам "ташлаб қўйилмаслиги" ва халқаро ҳамжамият бу давлатга 2024 йилга қадар ёрдам беришини айтди.

Боннда бораётган анжуманга бир муддат Афғонистон ҳукумати билан тинчлик музокараларини юритган толиблардан вакилларни жалб қилиш нияти билдирилган эди.

Аммо айни анжуманни кузатаётган Озодлик мухбири Шарл Рекнагелга кўра, толиблардан бирор вакил анжуманда иштирок этмаяпти.

- Бонн шаҳрига келган афғон расмийлари бу тадбирда толибларнинг на иқтидордаги ва на собиқ аъзолари иштирок этмаётганини айтдилар. Бу тадбирда ҳам Толибон¸ ҳам Покистон томонининг иштирок этмаётгани жуда жиддий ишоратдир. Чунки иккала томон ҳам Афғонистон келажагига оид ҳар қандай тинчлик сулҳига эришишда муҳимдир, дейди Бонндаги анжуманни кузатаётган Озодлик мухбири.

Толиблар шу йилнинг 30 ноябрида эълон қилган баёнотда Бонн анжуманида иштирок этиш таклифини рад этган ва бунинг сабабини анжуманнинг ҳар қандай қарори хорижий давлатлар таъсири остида қабул қилиниши билан изоҳлаган эди.

Бироз муқаддам Покистон томони ҳам НАТОнинг ҳаво амалиётларидан бирида 24 покистонлик аскар ўлдирилганидан сўнг бу анжуманга бойкот эълон қилган эди.

АҚШнинг Афғонистондаги собиқ элчиси Залмай Халилзод бу Афғонистонда тинчликка эришиш жараёнига жиддий тўсиқ экани ҳақида сўзлади.

- Афғонистонга тинчлик олиб келишда унга қўшни давлатларнинг ҳамкорлиги жуда муҳимдир. Бу эса агар Покистон ҳамкорлик қилмаган ва Афғонистондаги ютуқларга қарши ҳаракат қилишда давом этган тақдирда тинчликка эришиш жараёни янада чўзилиши мумкинлигини англатади, деб ҳисоблайди собиқ элчи.

Айни кезда аксарият қисми Покистондан паноҳ топган толиблар Ҳамид Карзай етакчилигидаги афғон ҳукуматининг тинчлик тўғрисидаги сулҳ таклифини рад этмоқда.

2014 йилга келиб халқаро қўшинлар Афғонистондан олиб чиқилган тақдирда бу давлат ўз хавфсизлигини ўзи таъминлаши учун йилига 7 миллиард АҚШ доллари миқдорида ёрдам керак бўлиши айтилмоқда.

5 декабр куни иш бошлаган анжуманда 85 та давлат ва 16 та халқаро ташкилотдан борган вакиллар, жумладан, Афғонистон президенти Ҳамид Карзай, АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва Эрон Ташқи ишлар вазири Али Акбар Солиҳий иштирок этмоқда.
XS
SM
MD
LG