Линклар

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай ўз давлати 2024 йилга қадар халқаро ҳамжамият ёрдамига муҳтож бўлиб қолишини айтди.

Бугун Бонн шаҳрида Афғонистоннинг 2014 йилда НАТО қўшинлари олиб чиқилганидан кейинги тақдири муҳокамасига қаратилган халқаро анжуманда сўзлаган Карзай бу ёрдамнинг мамлакат хавфсизлигини сақлаш ва мамлакатни тиклаш ишлари учун зарурлигини айтди.

- Афғонистонни барқарор, ўзини ўзи ҳимоя қила оладиган ва демократик қилишга қаратилган умумий ғоямиз ҳали реалликка кўчишдан анча йироқ. Табиийки, муаммолар ҳануз ўша-ўша ва улар бизнинг ютуқларимизни йўққа чиқариши мумкин, - деди Афғонистон президенти.

Германия Ташқи ишлар вазири Гвидо Вестервелле Афғонистон бундан кейин ҳам "ташлаб қўйилмаслиги" ва халқаро ҳамжамият бу давлатга 2024 йилга қадар ёрдам беришини айтди.

5 декабр куни иш бошлаган анжуманда 85та давлат ва 16 та халқаро ташкилотдан борган вакиллар, жумладан, Афғонистон президенти Ҳамид Карзай, АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва Эрон Ташқи ишлар вазири Али Акбар Солиҳийлар иштирок этмоқда.
XS
SM
MD
LG