Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:41

Ўзбекистон Конституциясини ўқиганмисиз?


8 декабр куни Ўзбекистон Республика Конституцияси қабул қилинган кун - расмий байрам.


Бу байрам арафасида Ўзбекистоннинг давлат назоратидаги оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон конституциясининг дунëдаги энг одил¸ энг инсоний ва энг демократик давлат қурилишига асос бўлганини бири олиб¸ бири қўйиб мақташга тушди.

Ўзбекистон телеканалларию радиоларини кўриб эшитадиган оддий халқнинг қулоғи шу кунларда бундай мақтовдан батанг бўлгулик ҳолга келиб қолди.

Конституция қабул қилингани баҳонасида яна бир кун дам оладиган миллионлаб ўзбекистонликлар ўз умрларида бирор марта мамлакат Бош Қомусини қўлга олиб¸ уни варақлаганмикин? Конституциянинг ўзларига қандай ҳақлар берганидан хабардормикин?

Шу муносабат билан Озодлик ўзбекистонликларга “Конституцияни ўқиганмисиз? Конституцияда қандай ҳуқуқлар берилганини биласизми?” деган савол билан мурожаат қилди.


Маърифат, уй бекаси:

- Йўқ. Имконият бўлмаганда. Хўп, ўқиганда нима ўзгаради? Ҳуқуқларнинг нима фойдаси бор? Барибир бир жойга бориб ҳозир ҳуқуқингни талаб қила оласанми? Бизларда ўтмайдида у нарса.
Бўлмайди, натижаси бўлганини ҳеч эшитмаганманда. Камдан кам бордир энди. Мен ҳеч эшитмаганман.

Конституцияда қанақа ҳуқуқларим борлигини ҳам билмайман. Унинг қизиғи ҳам йўқ менга. Эрим билан тенг ҳуқуқли эканлигимни биламан. Амалда унақа эмаску лекин. Ҳуқуқимиз тенг, деганман. “Майли, шунақа деб ўзингни хурсанд қилавер” деганлар.


Бахтиëр Ҳақбердиев, Қашқадарë вилояти:

- Конституцияни ëддан биламан. Мустақил равишда, ўзим хоҳлаган равишда ўзим ўқиб чиққанман конституцияни.

Конституциянинг ҳуқуқларини энди умуман жуда катта ҳуқуқлар бор, лекин амалда эмасда бу. Китобда. Энг олий қадрият инсон ҳақ-ҳуқуқларида энди. Инсон ҳақ-ҳуқуқи нимаси бўлса, кўкрагини кериб юрадида. Масалан мана 13-модда. Инсон ҳуқуқлари энг олий қадрият ҳисобланади тўғрими? Китобда дунë стандартларига мос келадиган жуда чиройли сўзлар ëзилган. Лекин унинг талабини бажармайдида пастда ўтирганлар. Ҳар бир областда биттадан прокурор бўлса, вилоят миқëсидаги қонуннинг назорати шу инсонга берилган тўғрими? Лекин вилоятда қонун ишламаганидан кейин вилоят прокурори жавоб бериши керакми?


Фарҳод, Сурхондарë:

- Йўқ, ўқимаганман. Вақт бўлмаган, қизиқмаганмизда ака. Мактабни базўр битирганман.


Шарофат, Термиз:

- Ҳа, мен Қумқўрғонда ўқиганман. 1979 йил. У вақтда коллеж йўқ эди. Биз ўтмаганмиз. Биз мустақилдан олдин битирганмиз. Ака, бошқа гапингиз йўқми? Мен шошилаëтган эдим.


Термизлик коллеж талабаси:

- Коллежда ўқиймиз. Ҳуқуқларимни ҳам биламан. Лекин уларни айтишим шартми? Биз унақа билан шуғулланмаймизда. Техника билан шуғулланамиз. Катта машина.


Абдуманнон Холжўраев, Тошкент:

- Охирги марта бултур ўқиган бўлсам керак. Энди конституция Бош қонун дейилади. Лекин амал қилинмагандан кейин унинг нима кераги бор? фақат номи байрам. Қанақа байрам? Алкашлар учун ичишга баҳона, маддоҳлар учун жарчиликка. Алкашлар бу ҳукумат мулозимлари, маддоҳлар бизларнинг радио, телевидение, матбуот. Чунки конституция на ўзбке халқига, на ўзбек миллатига на ўзбек давлатчилигига ҳеч нима беграни йўқ, бераëтгани йўқ, бермайди ҳам. Оғизда бор, амалда йўқ нарса. Шунинг учун ўқишга арзимайди деб тушунаман.


Мадина, Тошкент вилояти:

- Ўқимаганман. Вақтим йўқ. Ҳуқуқларим бўлса ҳам ҳуқуқларим нимадан иборатлигини билмайман. Қонуннинг ишлашлигини ҳам билмайман.
Унақа ҳуқуқлардан чўнтакда пул бўлса фойдаланаверасиз. 100 фоиз фойдаланиб бўлмайди.


Сирожиддин, Малайзиядаги меҳнат муҳожири:

- Конституцияни Ўзбекистонда университетда ўқиганда ҳам, мактабда ҳам ўқиганмиз. Даже ëдлаб ҳам олганмиз.
Деярли ҳаммасини. Анчадан бери хизмат билан четда юрганимиз учун ҳаммасини эслай олмаймизу, лекин кўпи эсда бор.

Ҳар бир шахс Ўзбекистонда таҳсил олиш ҳуқуқига эга. Мисол учун¸ мана чет элда юрибмиз. Ўзбекистон ҳимояси остидамиз. Бирор нарса бўлса, бемалол элчихонага бориб ëрдам сўраш ҳуқуқига эгамиз. Шу пайтгача студент болалар ëрдам сўраб борди, паспорт алмаштирди. Бирор киши менимча тўсқинлик қилгани йўқ.


Азиза, Жиззах:

- Ўқиганмиз. Бошидан охиригача ўқимаганман. Фақат иккита бўлимини ўқиб чиққанман. Қолганини ўқимаганман. Дарсликка киритилганини ўқиганмизда. 10 соатлик факлутатив дарсларга кириларди мактабда ўқиб юрган пайтимизда. Ўшанда конституциянинг моддаларига асосан дарс ўтардик. Мен фақат ўзимга керак пайтда фойдаланаман.

Масалан¸ эркин фикр билдириш ҳуқуқим бор, таълим олиш ҳуқуқим бор, хоҳлаган одамим билан турмуш қуриш ҳуқуқим бор, у ҳам чекланмаган. Анча бўлди конституцияни ўқимаганимга.


Шариф ака, Навоий вилояти:

- Конституция чиққандан кейин озроқ вақт ўтган. Ҳозир ëдимда ўша ўқиган пайтларим. Ëзган нарсаларни ўқиганмизу унга риоя қилмаганмизда. Ўқиб, танишиб чиққанмизда. Ундан кейин ўқиганим йўқ ҳисоби. Ишқилиб, конституциямизга гап йўқ.


Жасур, Андижон:

- Ўқиганмиз ака. Энди ўқишда ўқиганмиз. 2000 йиллари ўқиганмиз. Ўзи сиз нимага телефон қилаяпсиз менга? Сиз кимсиз ака? Тушунмаяпман мен. Ака, ҳозир ишим шошилинч эди. Хафа бўлиш йўқ. Вақтим кетаяпти мени. Бир ерга боришим керак. Биламан ака, ҳаммасини ўқиганмиз ака. Раҳмат ака, шунчалик телефон қилибсиз. Менинг вақтим кетаяпти ака. Бўпти ака, соғ бўлинг.


Шариф ака, Бухоро:

- Тўртинчи бобни асосан мен ўқиганман. Таълим соҳасида рухсатлар бор, илмий иш билан шуғулланишга ҳуқуқ берилган. Ўрганиб чиқмаганман, мени кўп қизиқтирмаган. Масалан презентация бўлганда, учрашувлар бўлганда бобларни ўқиб беришган мутахассислар. Эшитганмиз. Бошидан охиригача ўқиганим йўқ.

Энди конституцияда кўп нарса ëзилган. Кўп ҳуқуқларимиз бор. Энди ҳуқуқ билан бирга бурчларимиз ҳам бор. Оғир енгил кунлари бор. Билмадим энди мен яна. Мен нафақадаги одамман. Уйда ўтирибман. Болаларни сайилга олиб чиқамиз. Сайил бўлади катта. Маънавият марказими бор. Ўша ерда бўларкан болаларга.

Азиз муштарий!

Бу саволга Сиз ҳам жавоб беринг: Сиз Ўзбекистон Kонституциясини ўқиганмисиз? Конституция кафолатлаган ҳақларингизни биласизми?
XS
SM
MD
LG