Линклар

Россиянинг Москва ва Санкт Петербург шаҳарларида Давлат Думаси сайлови натижалари қайта кўриб чиқилиши талаби билан намойишлар бўлди.

Москвада сайловларнинг сохталаштирилганига қарши намойишлар чоғида полиция 300 га яқин одамни ҳибс этган.

Москванинг Чистые пруды мавзесида бўлган намойишда етти мингга яқин одам қатнашган.

Намойиш қатнашчилари сайлов натижалари қайта кўриб чиқилишини талаб этганлар.

Полиция майдонни ўраб олгани боис яна минглаб одам намойишчиларга қўшила олмаган.

Намойишда Россия мухолифати етакчилари Борис Немцов, Владимир Рыжков ва Илья Яшинлар ҳамда ҳуқуқ ҳимоячилари чиқиш қилганлар.

Кўп минг кишилик тадбирда “Путин, кет”, “Путинсиз Россия”, “Халққа танлов имкони берилсин” каби шиорлар янграган.

Чистые пруды булваридан Лубянка майдони томон юришга уринган ўнлаб намойишчиларни полиция ҳибсга олган.

Шунингдек, Россиянинг шимолий пойтахти Санкт Петербург шаҳрида ҳам кеча намойишлар бўлиб ўтди. Бу шаҳарда юздан ортиқ одам ҳибс этилган.

Якшанба куни Россияда ўтказилган парламент сайлови дастлабки натижаларига кўра, иқтидордаги “Ягона Россия” партияси ғолиб чиққан.

Ҳозиргача овозларнинг 96 фоизи санаб бўлинган, “Ягона Россия” шу овозларнинг 49.5 фоизини қозонган.

450 ўринли парламентда “Ягона Россия” депутатлари сони 315 ни ташкил этган ва конституцион кўпчилик мавқеига эга бўлган.

Эндиликда ушбу партиянинг парламентдаги аъзолари сони 238 нафарга тушиб қолиши кутилаяпти.

Коммунистик партия 19.2 фоиз овоз билан иккинчи ўринда. Бу партия Давлат Думасидаги 92 депутатлик курсисига эга бўлиши мумкин.

"Адолатли Россия" 13 фоиздан ортиқроқ овоз билан учинчиликда турибди. Либерал-демократлар эса 12 фоиз атрофида овозни қўлга киритган.

Бошқа партиялар етти фоизлик тўсиқдан ўта олмаган.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ҳамда бошқа халқаро кузатувчилар салов жараёнида сохтакорликлар ва қатор қонунбузарликлар кузатилганини айтишган.

ЕХҲТ кузатувчилар гуруҳи раҳбари Петрос Эфтимиуга кўра, Россияда овозларни санаш жараёнида катта муаммолар кўзга ташланган.

Вашингтонда Оқ уй матбуот котиби Жей Карни Россиядаги сайлов жараёнида йўлга қўйилган сохтагарчилик ва адолатсизликлар юзасидан ташвиш билдирди.
XS
SM
MD
LG