Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:59

Остона Бишкекка қўшимча газ беради


Қирғизистон Қозоғистондан қўшимча 10 миллион куб метр газ оладиган бўлди.

Бу ҳақдаги келишувга Қозоғистон Бош вазири Карим Масимов ва Қирғизистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Ўмурбек Бабанов ўртасида 5 декабр куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқот пайтида эришилган.

- Бу ҳажм (олинажак табиий газ ҳажми назарда тутилмоқда, - таҳр.) аҳолини газ билан узлуксиз таъминлаш имкониятини яратади, - деди Ўмурбек Бабанов кеча ҳукумат уйида мамлакат энергетиклари билан ўтказилган кенгаш чоғида.

Эслатиб ўтамиз, 16 сентябр куни Қирғизистон ва Қозоғистон Бош вазирларининг Бишкекдаги учрашуви чоғида Остона Бишкекни газ билан таъминлаши ҳақида келишувга эришилганди.

- Жорий йилда биринчи марта газни Ўзбекистондан эмас, Қозоғистондан сотиб олиш ҳақидаги шартномани имзоладик. Қозоғистон газнинг ҳар минг куб метрини 195 доллардан берадиган бўлди. Ўзбекистон 2011 йилнинг 3-чорагида газни бизга 278 доллардан сотаётганди. 4-чорак учун эса Ўзбекистон Қирғизистонга газ нархини 310 доллар қилиб белгилаган эди, - деганди ўшанда Қирғизистон энергетика вазири Асқар Шадиев нима учун Бишкек Остонадан газ олишга қарор қилганига изоҳ бераркан.

Асқар Шадиев Қозоғистондан олинажак газ Ўзбекистондан олинаётган табиий газдан 115 долларга арзон бўлишини, Остона Бишкекка 300 миллион долларлик газ етказиб беришга рози бўлганини қўшимча қилганди.

Бироқ кейинги пайтларда ҳам Қозоғистондан, ҳам Ўзбекистондан Қирғизистонга газ етказиб беришда узилишлар кузатилмоқда ва бу ёнилғи қазиб олинаётган жойда ҳарорат пасайиб кетгани билан изоҳланмоқда. Хусусан, 1 декабрдан Қозоғистон Қирғизистонга газ етказиб бўйича чекловлар жорий қилганди, натижада Қирғизистонда 30 га яқин корхонага газ берилмай қўйганди.

Айтиб ўтиш лозимки, Қозоғистон Қирғизистонга 195 доллардан ўз газини эмас, Ўзбекистондан сотиб олаётган газининг бир қисмини сотаяпти. Минтақа оммавий ахборот воситаларининг “ҚазМунайГаз” расмийси Данияр Берлибаевга таянган ҳолда хабар қилишларича, Қирғизистонга берилаётган газ бўйича чеклов жорий қилинишига Қозоғистон жанубига Ўзбекистондан етарли миқдорда газ берилмаётгани сабаб бўлган. Берлибаев Ўзбекистон Қозоғистонга бераётган газ аввалги ҳажмга кўтарилган тақдирда Қирғизистонга нисбатан жорий қилинган чеклов бекор қилинишини билдирган.

Қозоғистон ва Қирғизистон расмийлари шу йил сентябр ойида эришган битимга кўра, Остона Бишкекка 240 миллион куб метр табиий газ етказиб бериши керак.
XS
SM
MD
LG