Линклар

Душанбе Вахшни тўсмайдиган бўлди

  • Гулнора Равшан

Вахш дарёси устида қурилаётган Роғун тўғони.

Вахш дарёси устида қурилаётган Роғун тўғони.

Жаҳон банки вакили Теодор Алерснинг билдиришича, жорий йилда Тожикистон Вахш дарёсини тўсмайди ва Роғун тўғонини ҳам қурмайди.

Алерс жаноблари бу борада 5 декабр куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан учрашувдан сўнг оммавий ахборот вакилларига маълум қилди.

Жаҳон банки вакилининг таъкидича, учрашув чоғида Имомали Раҳмон Тожикистон ҳукумати халқаро стандартлар талабига мос келадиган экспертиза натижаларини албатта кутишини билдирган.

Теодор Алерс фикрича, Тожикистоннинг Роғун ГЭСи лойиҳаси халқаро экспертлар томонидан ўрганилиши бу лойиҳага юзасидан минтақадаги ҳар қандай шубҳа-гумонларга якун ясайди, шунингдек, бу улкан тўғоннинг хавфсизлигига ишонч даражасини оширади.

Жаҳон банки мазкур тўғоннинг хавфсизлиги ҳамда унинг атроф-муҳитга таҳдид солмаслигига ишонч ҳосил қилган тақдирдагина, Алерс жанобларининг таъкидича, Роғун ГЭСи қурилишига ҳисса қўшади.

- Тожикистон ҳукуматига ёрдам бериш учун лойиҳанинг хавфсизлиги ва унинг атроф-муҳитга таъсири билан боғлиқ барча техник жиҳатлар барча зарур иқтисодий масалалар назарга олиниши лозим, - деди Теодор Алерс.

Дунёда энг баланд тўғон (335 метр) билан қурилаётган Роғун ГЭСнинг илк пойдевори ўтган асрнинг 80-йилларида қўйилган.

Совет Иттифоқи тарқаб кетгандан сўнг “ўлик иншоот”га айланиб қолган Роғун қурилиши 2004 йили Тожикистон ҳукумати томонидан жонлантирилди ва тожикистонликлар миллий ғоясига айлантирилди.

Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида муносабатларнинг кескинлашишига олиб келди.

Ўзбекистонлик соҳа мутахассислари Роғун минтақа учун тузатиб бўлмас экологик зарарларни юзага келтириши мумкинлигидан огоҳлантиради.

Роғун лойиҳасини иқтисодий ва экологик экспертиза қилиш таклифи ҳам илк бор Ўзбекистон томонидан илгари сурилган эди.

Ўзбекистон таклифини қабул қилган Тожикистон томони 2010 йилнинг баҳорида Жаҳон банки билан мазкур гидроиншоот лойиҳасини халқаро техник ва иқтисодий экспертизадан ўтказиши борасида икки ёқлама шартнома имзолади.

Шартномада Роғун ГЭСи лойиҳасини техник ва иқтисодий, экологик ва ижтимоий баҳолаш натижалари чиқарилиб, бу дарёлар қуйисидаги мамлакатлар муҳокамасидан ўтмагунича Душанбе қурилишни бошламай туриш мажбуриятини ўз зиммасига олди.

Айтилишича, шу кунларда Роғун ГЭСи лойиҳасини иқтисодий, техник ва экологик халқаро экспертизадан ўтказиш тадбири Жаҳон банки молиявий кўмаги ёрдамида амалга оширилмоқда.

Жаҳон банки экспертлар гуруҳи Роғун лойиҳасини халқаро баҳолаш якуний хулосасини 2012 йил баҳорида эълон қилиши ва минтақадаги тегишли ташкилотлар ҳамда халқаро ташкилотлар эътиборига ҳавола қилиши айтилади.

Эслатиб ўтамиз, шу йил ёзида Тожикистон ҳукумати жорий йил декабр ойида Вахш дарёсини тўсиш ва Роғун қурилишининг биринчи босқичини бошлашга қарор қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.

Шундан сўнг жорий йил августида Душанбега келган Жаҳон Банкининг халқаро консултантлари Тожикистон раҳбарларига Роғун ГЭСи қурилишининг биринчи босқичини бошламай туришни тавсия қилганди.

Шунга қарамай, Ўзбекистон ва Россия оммавий ахборот воситаларининг хабар қилишларича, Тожикистон шу йил декабр охиригача Вахш дарёсини тўсиши кутилмоқда.

Жумладан, ўтган ойда Россиянинг “Независимая газета” нашри мамлакат Ташқи ишлар вазирлигидаги манбага таянган ҳолда, йил охиригача Тожикистонда Вахш дарёси тўсилиши хусусида хабар берган эди.

Бироқ “Барқи тожик” очиқ ҳиссадорлик ширкати расмийлари бу маълумотлар асоссизлигини таъкидладилар.

Мазкур ширкат муҳандиси Рашид Гуловнинг билдиришича, айни пайтда Роғун майдонида таъмирлаш ва қайта тиклаш ишлари олиб борилаётгани сабабли Вахш дарёсини тўсиш ишлари учун техник имкониятлар йўқ.

“Бошқа томондан, - деди ўзаро суҳбатда Рашид Гулов, - Тожикистон Жаҳон банки экспертларининг лойиҳага оид хулосалари расман эълон қилинганидан кейин Роғунни қуришга киришади. Экспертлар хулосаси келгуси йилнинг иккинчи ярим йиллигида эълон қилиши кутилмоқда”.

Аснода мустақил кузатувчилар халқаро молия институтлари Роғунда қурилиш ишлари тўхтатилишини бир неча марта сўраган бўлса-да, ГЭС майдонида етти мингдан ортиқ ишчи эртаю кеч меҳнат қилаётганига ишора қиладилар.

Мустақил таҳлилчи Давлатмурод Жумаев мулоҳазасича, Роғун ГЭСи қурилишида шаффофлик йўқлиги турли овозаларга сабаб бўлаётир.

- Тоғлар орасида қурилаётган бу ГЭС ён-атрофида хавфсизлик масаласи шу даражада кучайтирилганки, бирор инсон оёғи у ерга тегмайди. Фикримча, Ўзбекистон, Америка ва бошқа халқаро молия ташкилотлари вакилларидан иборат бир гуруҳ тузиб, бу иншоот қурилиш майдонига олиб бориш лозим. Ўшандагина ҳар қандай шубҳаларга ўрин қолмасди, - дея мулоҳаза билдирди таҳлилчи Жумаев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG