Линклар

logo-print

Чироқсиз чироқчиликлар ҳокимиятни огоҳлантирди

  • Садриддин Ашур

Қиш совуғида ҳам газ¸ ҳам свет¸ ҳам сувсиз қолган чироқчиликлар кўчага чиқишдан ўзга чоралари қолмаганини айтишмоқда.

Қиш совуғида ҳам газ¸ ҳам свет¸ ҳам сувсиз қолган чироқчиликлар кўчага чиқишдан ўзга чоралари қолмаганини айтишмоқда.

Чироқчи туманидаги 20 та қишлоқ аҳли 8 декабрдан бошлаб ҳокимият биноси олдида норозилик намойиши ўтказмоқчи.

Қашқадарё вилоятидаги Чироқчи туманининг 20 қишлоғи оқсоқоллари бош бўладиган бу тадбирда газ ва электр энергияси таъминотида муттасил давом этаëтган узилишларга норозилик билдириш режаланмоқда.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Чироқчи тумани фаоли Нурали Кўлобовнинг айтишича, газ ва электр таъминотидаги узилишлар халқни жуда қийин аҳволга солиб қўйган ва Қорабуруқ қишлоқ фуқаролари йиғинига қарашли 20 та қишлоқ аҳолиси учун кўчага чиқишдан ўзга йўл қолдирмаган:

- Норозилик намойишлари ўтказишимизга сабаб, булар ҳеч қачон газ билан, свет билан мукаммал таъминлашни бўйинга олишмаяпти. Халқни қарздор деб қўйишади-да, туҳматдан қарз қилиб қўйишади. Биз Тошкентга вазирликларга борсак, фақат “халқ қарздор” дейди.

Энди Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосланган ҳолда бизга электр энергияни таъминлашини талаб қилиб, 2011 йил 8 декабрдан бошлаб туман ҳокимлигига борамиз. Агар талабларимиз бажарилмаса, 15 декабрдан бошлаб оммавий норозилик намойишлари ўтказишга мажбурмиз.

Тахминий ҳисобларга кўра, 500дан мингтача одам иштирок этади. Чунки ҳозир 3-4 суткада ҳам бир соат электр энергияси бермади. Айрим қишлоқлар борки, “Восход” деган жойимиз бор, ўша ернинг одами “икки ярим ойдан бери свет лип этгани йўқ” дейди. Фақат вилоят ҳокими Нуриддин Зайниев алмашган пайтида бир ярим сутка бир минут ҳам ўчмасдан свет ëнди. Газ таъминоти ҳам худди шундай, дейди Нурали Кўлобов.

Инсон ҳуқуқи фаолига кўра, расмийларнинг газ ва электр энергияси йўқлигига аҳолининг қарздорлиги сабаб¸ деган баҳонасида асос йўқ:

- Уч-тўрт йилдан бери 20та қишлоқ оқсоқоллари ҳаракат қилиб туҳматдан қилинган қарздорликларни йўқ қилиш мақсадида трансформаторларга счëтчик қўйишни ташкиллаштирдик, ўзимизнинг маблағимизга. Агар трансформаторга счëтчик қўйилганда эди, ГРПларга қўйилганда эди, буларнинг ўғирлиги йўқолар эди. Булар чўнтагига пулни уриб кетолмас эди.

"Халқ қарздор" деган гаплар қилиб, қариялар, болалар, хотин-қизларимиз азоб тортишмоқда ҳозир. Кўлмаклардан сув ичишга мажбур бўлаяпмиз. Кўлмакда сув бўладиган бўлса, мол ҳам, ит ҳам сув ичади ўша ердан ва одам ҳам сув ичишга мажбур бўлаяпти. Чунки Чироқчи тумани чўл зонаси. Чўл зонаси бўлгандан кейин артизан қудуқлардан сув ичишга мажбурмиз биз. Бизда оқар сув, тоғ суви деган нарса йўқ, дейди инсон ҳуқуқи фаоли.

Нурали Кўлобовга кўра, режаланган норозилик тадбирлари ҳақида туман ҳокимияти, газ ва электр таъминоти идоралари, прокуратура, Ички ишлар бўлими ва Миллий хавфсизлик хизматига расмий мактуб орқали билдирилган:

- Биз ҳеч қандай ҳукуматга, давлатга, президентга ëки президент сиëсатига қарши эмасмиз. Биз фақат ўзимизнинг ҳақ-ҳуқуқларимизни конституцион тузумга асосланган ҳолда, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармонларига асосланган ҳолда талаб қилаяпмиз. Қанча газ, свет бизга тегишли бўлса Ўзбекистон фуқароси сифатида, шуни талаб қилаяпмиз ва ўғриларни йўқотишни талаб қилаяпмиз, дейди Нурали Кўлобов.

Чироқчи тумани Электр тармоқлари идораси бошлиғи Нодир Тошев
Озодлик билан суҳбатда қишлоқлардаги электр таъминотидаги узилишларни тан олди. Унинг айтишича, айни пайтда ушбу муаммони ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда:

- Бу гаплардан хабаримиз бор. Биз ўша ерга бориб гаплашган эдик, бугун. Муаммо бундай. Бизлар 8 соат свет бера олишимиз мумкинда. Шуни ҳозир ўйлаган ҳолатда туман ҳокими, вилоятдан келган раҳбаримиз бирга гаплашдик. Улар 24 соат берасан деб талаб қилаяпти. Ўзи ҳозир энергия танқислиги, қувват етишмайди. 24 соат бера олмаймиз барибир. 8 соат берсак бўлар, дейди Чироқчи тумани Электр тармоқлари идораси бошлиғи Нодир Тошев.

Чироқчи тумани Газ таъминоти идораси бошлиғи Шавкат Шокиров эса газ таъминотидаги узилишларда фақат ўзини айбдор деб ҳисоблашини айтади:

- Энди меъëр даражасида бера олмаяпмиз тўғри. Қишга тайëргарлик кўрмаганмиз, айб бизда бўлса керак. Айб бизда-да. Бошқа кимда бўлади. Тўлиқ контролга ололмаяпман. Бир хиллари счëтчикни олиб ташлаб ëқишяпти. Шунақа ҳолатлар бор. Охиригача етиб бора олмаяпмиз¸ дер экан чироқчилик Электросет бошлиғи "Халқ кўчага чиқса¸ нима бўлади?" деган саволга ҳам мулоҳаза билдиради.

- Энди биласизку, халқ денгиз дейди. Агар бир нарса ўтмаса одам ўзидан-ўзи қимирламайди, ҳеч қачон. Нима бўлса ҳам у ëқ бу ëққа қараб ўзларига Худо инсоф берсин. Барака берсин. Шундай яхши давлатда яшаб турган вақтимизда шундай аҳволни қилиб турса, ўзлари билади. Янаям нима дейман ака. Нотўғри қилишаяпти, дейман, дейди Чироқчи тумани Газ таъминоти идораси бошлиғи Шавкат Шокиров.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG