Линклар

logo-print

“Ўзбекистон имиджини яхшилаб берамиз!”


Ўзбекистонга сафар қилиб қайтган фотомухбир Алексей Протченковнинг шахсий блогидан олинган сурат.

Ўзбекистонга сафар қилиб қайтган фотомухбир Алексей Протченковнинг шахсий блогидан олинган сурат.

Британия журналистлари PR ширкатларининг Ўзбекистон каби репрессив ҳукуматлар хизматида Лондон сиëсатчиларидан ҳам фойдаланишини фош қилди.

“Дунëнинг қатор давлатлари жиноий йўл билан топилган пулларни ювиш жойига айланган бўлса¸ Буюк Британия дунëдаги репрессив режимлар учун ўз ëмон отини яхшилаш¸ доғ тушган шаънини тозалаш марказига айланди. Бунга эса¸ дунëдаги энг репрессив режимлар билан ишловчи Британия PR ширкатларидан ўз фаолиятини жамоатчиликка шаффоф қилишни талаб этувчи қонуний тизимларнинг йўқлиги сабабдир”.

Ана шундай баëнот билан чиққан маркази Лондонда жойлашган The Bureau of Investigative Journalism – Суриштирув журналистикаси бюроси Британия PR ширкатларининг жамоатчиликка ошкор этилмайдиган сирли фаолиятини фош қилди.

Халқаро майдонда ўз фуқаролари ҳақларини топташ борасида “ëмонларнинг ëмони” деб қараладиган Ўзбекистон мисолида ўтказилган журналистик суриштирув¸ Британиядаги аксар PR ширкатлари дунëнинг энг репрессив режимларига хизмат қилар экан¸ ахлоқ тушунчасини икки пулга олмайди¸ деган хулосага келди.

Британияда бошланажак янги можарога асос бўлиши кутилаëтган бу суриштирув репрессив режимлардан миллионлаб доллар ҳақ олиш эвазига ишловчи PR ширкатларининг Бош вазир идорасидан то парламентга қадар Лондон сиëсатчилари билан қуюқ алоқаларини фош қилди.

Британия PR ширкатлари иш услубини текшириш учун бюро журналистлари аввалига Ўзбекистон ҳукумати билан яқин алоқадаги Британия ва Шарқий Европа сармоядорларининг “Азимов гуруҳи” деган сохта гуруҳ тузади. Гуруҳнинг мавжудлигини кўрсатиш мақсадида махсус веб саҳифа очади¸ унда Лондондаги манзил ва телефон рақамларини эълон қилади.

Сўнгра¸ Ғарбнинг 60 дан ошиқ йирик кийим-кечак ширкати ўзбек пахтасини етиштириш ва теришда мажбурий болалар меҳнати аралашгани боис унга бойкотни кучайтирган 2011 йил ëзида ўзбек пахтаси экспорти билан хавотирлар боис¸ Лондондаги 10 PR ширкатига Ўзбекистон имиджини яхшилаб бериш сўрови билан мурожаат қилади.

Бу сўровга PR ширкатларидан фақат иккитаси Morris International Associates ва Ogilvy PR Ўзбекистон каби репрессив ҳукумат учун ишламаслигини очиқ айтиб¸ рад жавоб беради¸ учтаси сўровга жавоб қайтаришни ҳам ўзига эп кўрмайди¸ беш ширкат эса¸ сохта гуруҳнинг сохта таклифини кўриб чиқиш – Ўзбекистон имиджини яхшилаб бериш хизматига ҳозирлигини билдиради.

Булар орасида Bell Pottinger ширкати ўз ҳозиржавоблиги билан бошқаларни ортда қолдиради – Суриштирув журналистикаси бюроси сохта “Азимов гуруҳи” номидан сўров юборишидан бир-икки соат ўтиб-ўтмай¸ ширкат бош менеджери Paul Bell “биз хизматингизни қандай қилиб қойилмақом бажариш борасида гаплашиш учун сиз билан учрашишдан ўта мамнун бўламиз” деган мазмунда жавоб қайтаради.

Шундан сўнг ўзини "Ўзбекистон билан яқин алоқаси бор Британия сармоядорлари" деб таништирган журналистлар Bell Pottingerнинг уч юқори даражали намояндаси - ширкатнинг Жамоатчилик билан ишлаш бўйича директори Tim Collins, раис David Wilson, ҳамда ширкатнинг стратегик алоқалар ва геосиëсат бўйича раҳбари Sir David Richmondлар билан икки марта – жорий йилнинг июн ва июл ойларида учрашади ва бу учрашувларни яширин тарзда видеотасвирга олади.

Мижоз – “Азимов гуруҳи” намояндаларини Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро майдондаги имиджини яхшилаш вазифасини боплаб адо эта олишига уринган Bell Pottinger бошқарувчилари Британия ҳукумати раҳбарлари билан яқин алоқада эканликларини айтиб¸ мақтанишади.

Суҳбат асносида улар агар мижоз манфаатлари учун лозим бўлса¸ 24 соат ичида Бош вазир Дэвид Камеронга чиқиш имконлари борлигини аниқ мисоллар билан айтиб беришади.

Айни пайтда Лондондаги PR ширкати Британия Ташқи ишлар вазири William Hague, Бош вазир маъмурияти раҳбари Ed Llewellyn ва Бош вазирнинг яқин дўсти ва энг қудратли Steve Hiltonлар билан яқин алоқада экани ва бу алоқалардан ўз мижозлари манфаати учун фойдаланишлари мумкинлигини очиқ айтадилар.

Ўзини “Ўзбекистон ҳукуматига яқин британиялик сармоядор” деб таништирган мухбирнинг “президент Каримовга ўзи ва мамлакатининг Wikipediaдаги имиджи ëқмаяпти¸ шуни ўзгартиришнинг иложи борми?”¸ деган сўровига дарҳол “Ҳа” деб жавоб берган Bell Pottinger бошқарувчилари Африкадаги мижоз мисолида яна бу борадаги ўз тажрибасини айтиб мақтанади. PR ширкати¸ ҳатто кимдир атайин Googleга кириб¸ “Ўзбекистон¸ болалар меҳнати” деб қидирса ҳам чиқмайдиган қилиб¸ Ўзбекистон ҳақидаги ҳамма салбий мақолаларни чўктириш борасида ўз “қора санъатлари” борлигига ҳам шама қиладилар.

6 декабр куни Суриштирув журналистикаси бюроси ўз сайтида ана шу видеосуҳбатлардан парчалар¸ қолаверса суҳбатнинг айрим қисмлари матнини эълон қилди.

Суриштирув давомида ўз-ўзини фош қилган Bell Pottinger бошқарувчиларининг Британия жамоатчилигини жунбушга солаëтган баëнотлари 6 декабр куни турли нашрлар бош сарлавҳасига айланди.

Аммо ҳозирча Суриштирув журналистикаси бюроси Беларус¸ Шри Ланка ва Яман каби репрессив режимлар хизматини қилиб келган PR ширкатининг Ўзбекистон каби "ëмонларнинг ëмони" имиджини яхшилаб бериш учун қанча ҳақ сўраганини очиқламади. Афтидан¸ бу рақам келаси кунларда Британия нашрлари сарлавҳасига айланади. Аммо ҳозирданоқ жамоатчилик гап миллионлар ҳақида бораëтганини тахмин қилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG