Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:46

Россияда яна намойишчилар ҳибсга олинмоқда


Россиянинг Москва ва бошқа шаҳарларида сайлов натижаларидан норозилик билдириб намойишга чиққанларни ҳибсга олиш давом этмоқда.


Москва милицияси сайловларнинг сохталаштирилганига қарши намойишга йиғилган ва иккинчи тунни пойтахт марказида ўтказмоқчи бўлган юзлаб намойишчини ҳибсга олган.

Хавфсизлик кучлари тарафидан ўраб олинганига қарамай, беш мингдан зиёд одам Москва марказидаги Триумфал майдонига йиғилиб, Бош вазир Владимир Путинга қарши шиорлар билан намойишларни ўтказаётган эди.

Гувоҳларга кўра, Москвада рухсатсиз намойишга йиғилган 600 дан зиёд одам, Санкт Петербургда 250 киши ҳибс этилган, Дон соҳилидаги Ростов шаҳрида эса 30 га яқин одам ҳибсга олинган.

Ҳибсга этилганлар орасида Россия мухолифати етакчиларидан бири Борис Немцов, Мемориал инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Олег Орлов, Яблоко лидери Сергей Митрохинлар бор.

Gazeta.ru сайти намойишларни ёритаётган бир қатор журналистларни ҳам милиция олиб кетгани ҳақида хабар қилди.

Twitter тармоғида “Коммерсант” мухбири ҳибсга олингани, калтаклангани ҳақида маълумот пайдо бўлди.

57 ёшли тадбиркор Виктор сайловдаги сохтакорликларга норозилик билдириб кўчага чиққан минглаб москваликларнинг бири.

- Мамлакатдаги бугунги вазият менга тўқсонинчи йиллар бошидаги ҳодисаларни эслатмоқда, - дейди Виктор.

Айни пайтда Кремл ёнида ҳукуматпараст гуруҳлар ҳам намойиш ўтказган.

Улар “Путин, Россия” деган шиор билан юриш қилган.

Якшанба куни Россияда ўтказилган парламент сайлови дастлабки натижаларига кўра, иқтидордаги “Единая Россия” партияси ғолиб чиққан эди.

Москвадаги ҳукуматпараст гуруҳлар намойишида сўз олган “Единая Россия” аъзоларидан бири, Давлат Думаси депутати Светлана Зхурова Россия келажагига ишонч билан қараётганини айтади.

- Мухолифат бизни нима қилиб бўлмасин ёмонотлиқ қилиш ҳаракатига тушган. Биз бу ерга қандайдир сохтакорликлар ҳақида гапириш учун келганимиз йўқ. Биз бу ерга мамлакат ривожи учун барча ишни қилишимизни, халқимиз олдида олган ваъдаларни бажаришимизни айтиш учун келдик, - дея таъкидлайди Зхурова.

Халқаро кузатувчилар сайловда кўплаб қонунбузарлик ва сохтакорликлар кузатилганини айтишган.

Вашингтонда сўзлаган АҚШ сенатори Жон МакКейн эса Путинни Россияда “Араб баҳори” рўй бериши эҳтимолидан огоҳлантирди.

Бугун Интернетдаги ижтимоий тармоқларда сайловлардаги қонунбузарликларга қарши 10 декабр куни 50 дан зиёд шаҳарда оммавий намойиш ўтказиш ҳақидаги эълонлар пайдо бўлди.

"Солидарность" ҳаракати томонидан ташкил қилинаётган ушбу акцияни ВКонтакте тармоғида 2000 дан зиёд, Facebookда эса 4000 дан ошиқ киши қўллаган.
XS
SM
MD
LG