Линклар

Жалолободда қирғиз ва тожик ёшлари муштлашди


"Қилим шами" нодавлат ташкилоти раҳбари, ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова қирғиз расмийларини мамлакатнинг турли жойларида содир бўлаётган кичик этник низоларга ҳам бефарқ бўлмасликка чақиради.

"Қилим шами" нодавлат ташкилоти раҳбари, ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова қирғиз расмийларини мамлакатнинг турли жойларида содир бўлаётган кичик этник низоларга ҳам бефарқ бўлмасликка чақиради.

Қирғизистон жанубидаги Олабуқа туманида уч ҳафта муқаддам қирғиз ва тожик ёшлари ўртасида муштлашув бўлганини 6 декабр куни бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячилари жамоатчиликка ошкор этдилар.

Жалолобод вилояти Олабуқа туманидаги Баймак қишлоғида асосан қирғиз ва тожик миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилар экан. Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячилари кеча ёйинлаган маълумотда айтилишича, 17 ноябр куни мазкур қишлоқда яшовчи тожик миллатига мансуб Комил Содиқов ўғил уйлантириб, ҳамқишлоқларига ош берган.

Айрим ахборот агентликларининг ёзишича, никоҳ базми пайтида қирғиз миллатига мансуб ёшлар тўйда қирғизча ашула айтилмаётганини баҳона қилиб, жанжал кўтаришган.
Олабуқадаги “Эдита шанс” нодавлат ташкилоти раҳбари Елена Иванованинг айтишича, тўйда жанжал чиқарган қирғизлар озчиликни ташкил этгани учун улар тожиклардан калтак ейишган.

- Бундан ғазабланган қирғиз миллатига мансуб ёшлар қишлоқдаги бошқа йигитларни чақириб келиб, машиналарнинг ойналарини синдиришган, тўй дастурхонини ағдар-тўнтар қилишган, - деди Елена Иванова.

Шунингдек, айрим интернет сайтларида қирғиз ёшлари келинни масхаралаб ҳақорат қилганликларини ҳам ёзишган.

Аммо Олабуқа туман милицияси бошлиғи Асилбек Бийчиев интернет сайтларида қирғиз ёшлари айбланган маълумотларни туҳмат деб ҳисоблайди.

- Бу тўйларда тез-тез бўлиб турадиган оддий муштлашув. Икки миллатга мансуб икки бола: “Сен қирғизча ашула қўясан, мен ўзбекча ашула қўяман” қабилида тортишиб, муштлашиб кетишган. Интернетда айтилган маълумотларнинг ҳаммаси ёлғон. Бу воқеа юзасидан жиноят иши очганмиз. Аммо жабрланганлар айбланаётганларга даъволари йўқлигини билдиришган. Шунинг учун жиноят иши ёпилиши мумкин, - деди Асилбек Бийчиев.

Қизиғи шундаки, милиция томонидан мазкур воқеада айбланиб Зафар Халилов ва Ғайбулло Содиқов деган икки тожик йигити қўлга олинган. Жанжал бошланишига айбдорлиги айтилаётган қирғиз ёшлари Шайирбек Парпиев ва Булутбек Парпиев жабрланувчи сифатида кўрилмоқда.

Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова бу каби ҳолатлар миллатлараро низоларнинг келиб чиқишига туртки бўлишини айтади:

- “Бу иш юзасидан ҳамма ярашди, тинч йўл билан муаммо ҳал этилди” деб хотиржам бўлмаслигимиз керак. Негаки кичкина учқун бор жойда аланга бўлмайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Шунинг учун аҳоли орасида профилактика ишларини олиб бориш лозим, - деди Азиза Абдурасулова.

Ўтган йили Ўш шаҳрида қирғиз ва ўзбек ёшлари ўртасидаги кичик-кичик низолар авжига чиқиб, 10 июн куни аланга олган ва Ўш қирғини бошланиб кетган эди. Бу қирғинда, расмий маълумотларга кўра, 500 га яқин одам ҳалок бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG