Линклар

logo-print

Калиниград вилоятида зўрлашда айбланиб ҳибсга олинган беш нафар Ўзбекистон фуқароси жами 32 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди.


Калининграднинг Светлогорск туманлараро тергов бўлими томонидан йиғилган тергов материалларига кўра, Ўзбекистон фуқаролари Ҳусниддин Умаров, Абдужаббор Холқулов, Илёсбек Турдиев, Аббос Султонов ва Илёс Матисаевлар Калининград вилоят суди томонидан иккита аёлни зўрлаганликда айбдор деб топилди.

“Беш нафар ўзбекистонлик жиноятчига жами 32 йил қамоқ муддати тайинланди”, деб маълум қилди Озодлик мухбирига Калиниград вилоят прокуратураси расмийси Оксана Пономарёва.

- Улар Ўзбекистон фуқаролари¸ маҳаллий қурилишда ишлаб келган гастарбайтерлар бўлган. Улар иккита зўрлаш ҳолатлари бўйича ҳар бири 6 йилдан 7,5 йилгача қамоқ жазосига тортилди. Бундан ташқари суд жабрдийда аёллар ҳисобига судланганлардан маънавий зарар ҳисобига 300 минг рубл товон пули ундирди, деди прокуратура ходими Оксана Пономарёва.

Калининград вилоят прокуратураси судга тақдим этган жиноий иш материалларига кўра, 2010 йилнинг 19 июнида Пионерский шаҳридаги Советский кўчасида ўзбекистонлик Ҳусниддин Умаров ва Илёс Матисаевлар нотаниш бир рус аёлни овлоқ жойда зўрлаб¸ жиноят жойидан ғойиб бўлган.

Бир ҳафта ўтар-ўтмас, шу йилнинг 26 июнида 25 ёшли Умаров, 29 ёшли Холқулов, 22 ёшли Турдиев ва 25 ёшли Султоновлар Пионерский шаҳридаги кафелардан бирида спиртли ичимлик ичган ва шу ердаги пляжлардан бирида бир аёлга назари тушган.

Умаров ва Холқулов бу аёлни калтаклаб, ўрмонзорга олиб кетган. Бу аёлни зўрлагандан кейин улар Илёсбек Турдиев ва Аббос Султоновларни телефон орқали жиноят жойига “таклиф” қилган.

2010 йилнинг июн ойидаёқ бешала мардикор Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 131-моддаси 2 -қисми “А” банди бўйича жиноий жавобгарликка тортилган ва ҳибсга олинган.

Озодлик билан суҳбатлашган Калининград вилояти прокуратураси ходимаси Оксана Пономарёва 30 ёшли Илёс Матисаевнинг акаси ҳам прокуратура ходимига пора таклиф қилгани учун жавобгарликка тортилганини қўшимча қилади.

- Судланганлардан бири Илёс Матисаевнинг озод қилиниши учун прокуратура терговчисига пора беришга урингани учун унинг акасига нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Унга нисбатан тергов якунлангани йўқ, деди Оксана Пономарёва.

Калининград вилоятида судланган ўзбекистонликлар жазони умумий режим колониялардан бирида ўтайдиган бўлди.

Россияда сўнгги йилларда меҳнат муҳожирлари томонидан содир этилаётган жинсий зўрлаш ҳолатлари ҳақида кўплаб хабарлар тарқамоқда.

Москва шаҳар Тергов қўмитаси эълон қилган расмий хабарга кўра, Россия пойтахтининг ўзида 2011 йилнинг биринчи ярмида қайд этилган 50 фоиз зўрлаш жинояти мигрантлар томонидан содир этилган.

Бироқ, Москва терговчилари сўнгги икки йил давомида бу кўрсаткич сезиларли камайганини ҳам қўшимча қилди: 2008 йилда 70 фоиз жинсий тажовузлар мигрантларга тегишли бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG