Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:19

Тожикистонда маҳбуслар очлик эълон қилди


Қўрғонтепа шаҳридаги қаттиқ тартибли қамоқхонада бир гуруҳ маҳбуслар декабр ойи бошидан очлик эълон қилгани маълум бўлди.

Озодлик мухбири билан телефонда суҳбатлашган маҳбуслардан бирининг айтишича, қамоқхона масъулларининг маҳбусларга нисбатан қийноқ қўллаб, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилаётгани бунга сабаб бўлган.

Маҳбусларнинг асосий шарти қамоқхона шароитини яхшилаш ҳамда маҳбусларга нисбатан қийноқ қўллаш ва ғайриинсоний муносабатга чек қўйиш экан.

Хавфсизлик юзасидан исми ошкор қилинишини истамаган маҳбуснинг айтишича, Қўрғонтепа шаҳридаги бу қамоқхонада иссиқлик узатиш тармоқлари умуман ишламайди, маҳбуслар санитария ҳолати ўта ночор бўлган тўртта бетон девор ичида сақланади.

Суҳбатдошга кўра, мазкур қамоқхонадаги маҳбуслар орасида ОИТВ ҳам жуда тез тарқалмоқда.

- Ярим йил аввал 1 киши бу вирусни юқтирган эди. Ҳозир эса бундай кишилар сони 14 кишига етди, - дейди исмини айтмаган бу маҳбус.

Унинг айтишича, умумий тартибли қамоқхоналарга кўчирилиши айтилган маҳбуслардан баъзилари ҳозиргача ана шу қамоқхонада узоқ йиллардан буён ноқонуний ушлаб турилмоқда экан.

Мазкур қамоқхона раҳбарлари мавзу юзасидан Озодлик мухбири саволларига жавоб беришни истамади.

Хатлон вилоят прокуратурасининг бу ҳудуддаги қамоқхоналарда қонун ижросини таъминлаш бўйича нозири Файзулло Холов эса маҳбусларнинг очлик акциясини бошлаганидан хабарсизлигини маълум қилди.

У ҳар ўн кун ичида вилоят ҳудудидаги қамоқхоналарни назорат қилиб, маҳбуслар ҳақ-ҳуқуқларининг поймол қилиниши билан боғлиқ ҳолатларни жиддий ўрганиб туришини билдирди.

Холов фикрича, маҳбусларнинг очлик эълон қилишдан асосий мақсади фақат оммавий ахборот воситалари диққатини жалб қилиш, холос.

- Шу кунгача бу қамоқхонадаги шароит юзасидан маҳбуслардан бирорта ҳам шикоят олганимиз йўқ. Иссиқлик узатиш тармоқлари ҳақиқатан ишламайди. Лекин маҳбусларга электр печкалардан фойдаланиш учун рухсат берилган. Уларга ҳар кун уч маҳал иссиқ овқат берилади, - деди Хатлон вилоят прокуратураси вакили Холов.

Прокурор Қўрғонтепа қамоқхонасида маҳбусларнинг очлик эълон қилганига оид маълумотлар албатта текширилишини, уларга нисбатан қийноқ қўлланилаётганига оид маълумотлар тасдиқланган тақдирда, қамоқхона бошлиқлари жазоланишини қўшимча қилди.

Исми ошкор қилинмаслиги шарти билан гапирган қўрғонтепалик адвокатлардан бири бу қамоқхонадаги шароит маҳбуслар айтаётган даражада ваҳимали эмаслиги қайд этади.

- Агар оммавий тарзда очлик эълон қилинса, қамоқхона казарма ҳолатига келтирилади. Прокурордан тортиб врачларгача ҳамма масъул шахслар кеча-кундуз у ерда қолади. Бу воқеадан қамоқхона раҳбарлари, прокурор албатта хабардор бўлиши керак. Булар хабарсиз экан, демак, маҳбусларнинг оммавий очлик эълон қилинганига оид маълумотлар ёлғон, - дейди адвокат мазкур қамоқхона маҳбуслари орасида ўз мижозлари ҳам бўлганини қўшимча қиларкан.

Қўрғонтепа шаҳридаги ЯТ 9/7-ахлоқ тузатиш колонияси Тожикистон ҳудудидаги қаттиқ режимли қамоқхона саналиб, бу ерда асосан рецедивистлар, қотиллар, фаолияти республика ҳудудида таъқиқланган диний гуруҳ ёки ташкилотлар аъзолари, исёнчи полковник Маҳмуд Худойбердиев тарафдорлари ҳамда шунга ўхшаш 15 йилдан юқори жазо муҳлати олган ўта хавфли жиноятчилар сақланади.

2006 йил ҳам Қўрғонтепа шаҳридаги бу қамоқхона маҳбусларидан ўттиз нафари шароит ёмонлигидан эътироз билдириб, исён кўтарган эди.

Ҳукумат қуролли кучларининг аралашувидан сўнг бир неча кун ўтиб маҳбусларнинг оммавий исёни куч билан бостирилганди.

Ўшанда Хатлон вилоят суди ҳукми билан бу ҳодисага алоқадор маҳбусларнинг жазо муҳлати узайтирилиб, улар 25 йилдан 30 йилгача озодликдан маҳрум қилинди.

Маълум бўлишича, шу кунгача ўша маҳбуслардан уч нафари вафот этган.
XS
SM
MD
LG