Линклар

Сайловдаги сохтакорликларга қарши чиқаëтганлар 10 декабр куни бутунроссия норозилик намойишига ҳозирланмоқда.


Ўтган сешанба куни буюк рус инқилобчи-шоири Владимир Маяковский ҳайкали жойлашган Триумфальная майдонида Москва ҳукумати томонидан руxсат берилмаган норозилик акциясига, “Интерфакс” хабарига кўра, 2000 одам йиғилди.

Айни пайтда, “Россия - Путинсиз!”, шиори остида намойишга чиққан мухолифатчиларга қарши Триумфальная майдонининг бошқа томонига барабан ва байроқлар билан қуролланган “Россия – Путин!” ва “Россия – Медведев!”, деб бақираётган “Единая Россия” партиясига қарашли “Молодая гвардия” ёшлар ҳаракати вакиллари ташланди.



Бир гуруҳ мухолифатчиларни тарқатишга уринган саноқсиз полициячилар негадир майдонда аввалдан рухсат берилмаган намойиш уюштирган “Единая Россия” ёшларига мутлақо эътибор бермасдан, фақат сайлов натижаларига қарши чиққанларни ҳибс қила бошлади.

Озодлик мухбири намойишга келган ёшлардан бири билан бўлган суҳбатдан Путин-Медведев тарафдорларининг Москва ўқув юртлари талабалари эканлари ва уларни бу ерга мажбурлаб махсус автобусларда олиб келиб қўлларига барабан ва байроқларни тутқазиб қўйишганини аниқлади.

Оқ кийимдаги бу йигит-қизлардан фарқли яшил чойшабларга ўралган гавдали ва ёши каттароқлар талабалар оммасини бошқариб турди. Улар Путин ҳокимиятига қарши янграётган мухолиф кучларнинг чақириқларини барабан овозлари ва бақириқлар билан босиб ташлашга уринди.



Оддий намойишчилар баробарида мухолифатдаги Яблоко партияси етакчиси Сергей Митрохин ва шу партиянинг ёшлар қаноти бошлиғи Кирилл Гончаров, Солидарность ҳаракати ҳамраиси Борис Немцов, Другая Россия лидери Эдуард Лимоновлар полиция бўлинмасига олиб кетилди.

Бу сафарги намойишни тарқатишда полициячиларнинг¸ айниқса¸ журналистларга қарши кескин ҳаракат қилгани кузатилди. Ҳибсга олинганлар қаторида “Новая газета”, “Коммерсант”, “Форбс”, “Газета.ру” нашрлари ва “Дождь” телеканали ходимлари ҳамда машҳур интернет-блогер Илья Варламовлар бор.

Маркази Ню Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Москва полициясининг мухбирларга қарши ноқонуний ҳатти-ҳаракатларини қоралаб баёнот берди. “Биз Россия ҳукуматига журналистларни озод қилиш талаби билан мурожаат қиламиз... уларга репрессив чораларни қўлламасдан¸ мухбирларнинг норозилик намойишларини эркин ёритишига имкон беришларини сўраймиз”, деди ташкилотнинг Россия бўйича тадқиқотчиси Нина Огнянова.

6 декабр тунги соат 11ларга Немцов, Лимонов, Митрохин ва Гончаровларнинг озод қилинганига қарамасдан, ҳибсга олинганларнинг кўпчилиги “полиция ходимларига бўйсунмаслик” моддаси бўйича жавобгарликка тортилди.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Яблоко раҳбари Сергей Митрохин ҳокимият ўтказаëтган тазйиқларга қарамай¸ норозилик акциялари давом этажагини айтади.

- Бугун айнан кўчага чиқиш учун айни сабаб. Сўнгги икки кун ичида икки карра адолатсизлик рўй берди. Аввалига сайлов натижалари сохталаштирилди, Яблоко ва нафақат Яблоко партияси овозлари ўғирланди. Эртаси куни эса бу сохтакорликларга қарши уюштирилган норозилик намойиши қўпол тарзда тарқатилди. Биз 17 декабрга Пушкин майдонида сайлов сохталаштирилганига қарши ва Чуров (Марказий сайлов комиссияси раиси. –таҳр.) истеъфоси талаби билан оммавий норозилик намойишини уюштиришга ариза топширдик. Норозилик акциялари давом этиши керак, деб ҳисоблайман, деди Сергей Митрохин.

Россия шимолий пойтахти Санкт-Петербургнинг Гостиний двор майдонида ҳам мухолифатчиларнинг норозили намойиши бўлиб ўтди. Интерфакс хабарига кўра, Невский майдони бўйлаб юриш қилмочи бўлган акция қатнашчиларидан 60 нафари ҳибсга олинган.

Айни чоғда, Триумфальная майдонидаги мухолифат кучларининг бостирилиши Интернетдаги ижтимоий тармоқларда норозилик кайфиятининг кучайишига олиб келди.

6 декабр кечга келиб Twitterдаги «#Триумфальной» хэштэги Интернетда энг оммавий саҳифалардан бирига айланди. Бу мавзу остида Twitterда Москва марказида бўлаётган воқеалар тўпланди. Бундан ташқари, ВКонтакте ва Facebook тармоқларида Россия пойтахтида келгуси шанба куни Давлат Думасига ўтказилган сайлов натижалари сохталаштирилганига қарши бутунроссия норозилик акцияси уюштирилиши эълон қилинди.

“Бу акция Солидарность томонидан шаҳар раҳбарияти билан келишилган ҳолда ўтказилади”, деб ёзади бўлажак намойиш ташаббусчиларидан бири.

5 декабр куни Чистие прудида Солидарность ҳаракати томонидан ташкиллаштирилган намойиш мухолифат кучларининг сўнгги йилларда уюштирган энг оммавий митинги бўлиб ўтди.

Намойишни кузатгани келган москваликлардан бири Озодлик мухбирига “Мен Москвада бундай чиқишларни 93 йилдан бери кўрмаган эдим”, деди.

Митингга йиғилган 5 000 дан зиёд намойишчи сайлов натижалари бекор этилишини талаб қилдилар. Қатнашчилар ҳукмрон Единая Россия партиясини ўзига 15 фоиз овозни қўшиб ёзганликда айблади ва Марказий сайлов қўмитаси томон йўл олди.

Юришни тез орада тарқатиб юборган ОМОН гуруҳлари 200дан ортиқ одамни ҳибсга олди.

Солидарность ҳаракати етакчиларидан бири Иля Яшин ва коррупцияга қарши “РосПил” лойиҳаси асосчиси¸ блогер Алексей Навалнийга митингда сўзлаган нутқлари учун суд томонидан 15 суткалик қамоқ жазоси тайинланди.

6 декабр куни мухолифат ҳаракатларининг норозилик намойишлари Россия марказий телеканалларида "Единая Россиянинг соф ғалабасига бағишлаб ёшлар митинги“ тарзида намойиш этилди.

Федерал телеканалларда норозилик намойиши натижасида қарийб 600 одамнинг ҳибсга олингани ҳақида бирор хабар берилмади.

Халқаро кузатувчилар гуруҳи якшанба куни Россияда ўтган парламент сайловида жиддий қонунбузарликлар кузатилганини айтмоқда.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти кузатувчилари ҳисоботича, якшанба кунги сайлов “чекланган рақобат ва ҳаққонийлик етишмаган муҳит”да ўтган.

Марказий Сайлов қўмитаси ҳисобича¸ иқтидордаги Ягона Россия партияси сайловчиларнинг 50 фоизга яқини овозини қозониб¸ ғалаба қозонган.

Расмий баëнотга кўра¸ Россия Коммунистик партияси 19 фоиз¸ Справедливая Россия партияси 13 фоиз, Владимир Жириновскийнинг Либерал-демократлар партияси эса¸ 12 фоиз сайловчи овозини қозонишга муваффақ бўлган.
XS
SM
MD
LG