Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:48

Гулсумой ЎХҲнинг янги қурбоними?


Ҳуқуқ фаоли Урлаевага кўра¸ тўрт кунлик сўроқдан сўнг Гулсумой уйига келиб ҳар хил таблеткаларни ичиш орқали ўзини ўлдирган.
Ҳуқуқ фаоли Урлаевага кўра¸ тўрт кунлик сўроқдан сўнг Гулсумой уйига келиб ҳар хил таблеткаларни ичиш орқали ўзини ўлдирган.

Андижондаги тазйиқлардан сўнг ўз жонига қасд қилган Гулсумой Абдужалилованинг Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг кўнгилли фаоли бўлгани айтилмоқда.


Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари алъянси тарқатган маълумотга таяниб, Озодлик радиоси андижонлик Гулсумой Абдужалилова 4 декабр куни ўз жонига қасд қилгани тўғрисида хабар қилган эди.

Ташкилотга кўра, Абдужалилова тўрт кун давомида Андижон милицияси томонидан сўроққа тутилган ва ундан ўзбек мухолифатчиларига қарши кўрсатма бериш талаб қилинган.

Гулсумойнинг танишларидан бири, ўз исмиини ошкор қилмаган ҳолда Озодлик билан боғланиб, Абдужалилованинг ўз жонига қасд қилганини тасдиқлаганди.

Би-би-си радиоси Гулсумойнинг яқин дугонасига таянган ҳолда, "Гулсумой Абдужалиловадан Ўзбекистон мухолифати раҳбарларидан бири Муҳаммад Солиҳга қарши суиқасд уюштириш талаб қилишган” деб хабар тарқатганди.

Бу хабар тарқатилганидан бери марҳумага оид баъзи маълумотлар пайдо бўлдики, улардан пайдо бўлган саволлар жавобини озлаб кўрдик.

Гулсумой Абдужалилованинг ўлими тўғрисидаги хабар ёйинланган куни Ўзбекистон Халқ ҳаракати сайтида эълон қилинган “Таъзия”да марҳуманинг Ҳаракатга аъзо эканлиги инкор этилди. “Аслида уни (Гулсумой Абдужалилованинг – Озодлик) ЎХҲга алоқаси йўқ эди”, дейилган ўша материалда.

Орадан бир кун ўтиб, Facebookда Гулсумой Абдужалилова деган аёлнинг саҳифаси борлиги маълум бўлди.

Саҳифа эгаси ўзи тўғрисидаги маълумотларни келтирар экан, “иш жойи” деган сўровга “Ўзбекистон Халқ ҳаракати”, деб ёзган.

Facebookдаги Гулсумой Абдужалилова марҳума Гулсумой Абдужалиловадир, дейиш учун саҳифадаги бошқа маълумотлар асос бўла олади.

Хўш, марҳума ЎХҲга аъзомиди-йўқмиди?

Биз бу саволни ташкилот Муассислар мажлиси аъзоси, Тарғибот ва ташвиқот бўлими бошлиғи Намоз Нормўминга бердик.

Озодлик: Гулсумой Абдужалилова Ўзбекистон Халқ ҳаракатида ишлаганми¸ ишлаган эмасми?

- Мен буни тасдиқлай олмайман. Биласизми Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг учта расмий бошқарув органи бор. Булар - Муассислар мажлиси, Марказий котибият ва Тафтиш кенгаши. Яна бизнинг турли давлатларда, шу жумладан Ўзбекистонда ва Россияда расмий бўлмаса ҳам фаолият бошлаëтган бўлимларимиз бор. Шу билан бирга бизнинг аъзоларимиз бор. Биз буларнинг рўйхатини бирор жойда эълон қилганимиз йўқ. Аъзолардан бошқа хайрихоҳ бўлганлар ва қизиққанлар бор. У киши хайрихоҳ сифатида, қизиққан сифатида балки Facebookка кириб ҳаракатимиз ҳақида бошқаларга маълумот берган бўлиши мумкин. Лекин ҳаракатимизда расмий фаолият олиб борган¸ деб мен тасдиқлай олмайман.

Озодлик: Сиз Ўзбекистон Халқ ҳаракати фаолиятида иштирок этмаган¸ дер экансиз Гулсумой Абдужалиловани Ўзбекистон махсус хизматлари ўз жонига қасд қилишга мажбур қилган¸ деган баëнотни қандай асосларга таяниб айтаяпсиз?

- Саволингиз ўринли. Чунки у киши Ўзбекистонга бориб милиция сўроқ қилиб бошлаган кундан эътиборан оиласи билан, яқинлари билан алоқада бўлган ва кечқурун келиб синглиси билан кўришган. Яна мана Елена Урлаева деган ҳуқуқ фаоли бор. Унинг қўлига Гулсумойнинг ëзиб берган қўлëзмалари ўтган. Булар ҳақида Елена Урлаева бизга маълумот берди. Булар тасдиқланган маълумотлар.

Ўзбекистоннинг Андижондаги ички ишлар ходимлари у кишининг Ўзбекистон Халқ ҳаракати билан боғлиқлигини ва шундан кейин Ўзбекистон Халқ ҳаракати муассислар мажлиси раиси Муҳаммад Солиҳга суиқасд қилишни, агар шуни қилмаса, ўзига ва оиласига жуда ëмон бўлишини¸ ҳукумат уларни жазолантиришини айтгани ҳақида ҳужжатлар, қўлëзмалар ташлаб кетилган яқинларига. Биз шуларга асосланиб айтаяпмиз буларни.

Озодлик: Сизлар ўша гапларга тўлиқ ишонасизлар.

- Биз ишонамиз. Чунки бу биринчи нарса эмас ва бу Ўзбекистон ҳукуматининг ғайриодатий фаолияти эмас. Ўзбекистонда диктатура ўрнатилганидан бери зулм бор ва бу зулм умумий бир зулм. Бу зулмнинг хусусий кўринишларини биз турли шаклда айтишимиз муммин. 2005 йилги Андижон воқеаларини айтиш мумкин, ҳозир қамоқда ëтган 10 мингларча сиëсий ва диний маҳбусларни айтиш мумкин. Бу қилинган жиноятни Ўзбекистоннинг тоталитар зулм сиëсатининг парчаси сифатида боғлаймиз биз, дейди ЎХҲ Муассислар мажлиси аъзоси, Тарғибот ва ташвиқот бўлими бошлиғи Намоз Нормўмин.

Ўзбекистон Халқ ҳаракати ўзининг расмий сайтида Гулсумой Абдужалилованинг ўлими муносабати билан “Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг дунё жамоатчилигига мурожаати”ни ҳам эълон қилди.

Ҳужжатда ҳозиргина жаноб Нормўминдан эшитганингиз фикрлар мавжуд.

ЎХҲ фаоли бўлган яна бир ўзбекистонлик талабанинг 7 декабр куни Озодликка билдиришича, Гулсумой Абдужалилова Мюнхендаги Людвиг Максимилиан университетида ўқиган.
XS
SM
MD
LG