Линклар

СССРнинг парчаланганига, 15 республикани ўзида бирлаштирган қудратли давлатнинг қулаганига 20 йил тўлди.

20 йил бурун пайдо бўлган янги мустақил давлатлар раҳбарлари ўз халқларига "энди СССРдан ҳам зўр яшаймиз", деган ваъдаларни берган эдилар.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳам мустақилликнинг илк йилларида "Август келса мана бундай яшаймиз" деб бош бармоғини кўрсатган эди.

Ундан сўнг неча августлар ўтиб кетди. Ўзбекистонда яшаган ўрта ва катта ёшдаги одамларнинг аксарияти халқнинг турмуш тарзи мустақиллик йилларида СССР даврига нисбатан оғирлашиб бораётганини айтадилар.

Собиқ иттифоқ давлатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам СССР даврини қўмсаб яшаётганлар, СССР парчаланмаса яхши бўларди, дегувчилар бор.

Бироқ шу билан бирга, ҳаёт оғир бўлса ҳам, мустақиллик минг марта яхши дегувчилар бор.

Бу сафарги баҳс мавзуси ана шу.

Баҳслашувчилардан бири Қўқон шаҳридаги 15- маҳалла фаоли, 57 ёшли Одинахон Қодирова. У 35 йил медицина соҳасида ишлаб, пенсияга чиққан.

Одинахон Қодированинг рақиби 35 ёшли андижонлик Шоҳидахон Содиқова. Шоҳидахон 15 йил ўқитувчилик қилган. Ўқитувчиликдан топаётган маоши оилани тебратишга етмаганидан сўнг¸ Россияга ишлагани кетган. Айни пайтда меҳнат муҳожири.

Бу икки баҳслашувчи ҳам СССР пайтида ишлаган, ўша даврни ўз кўзи билан кўрган.

Хўш, СССРнинг парчаланиши яхши бўлдими ёки ёмон. Баҳс ана шу саволдан бошланди:

Одинахон Қодирова: Мен учун мамлакатимизнинг мустақил бўлгани яхши бўлди. Чунки СССР пайтида биз ривожланмаганмиз. Мана мустақиллик пайтида ривожланиб кетдик. Мустақиллик ҳам дарров бўлмаган. Мана, Америка учун яхши яшашга 150 йил кетди...

Шоҳидахон Содиқова: Сиз Ўзбекистонни Америкага тенглаштирманг. Америкада демократия бор, бизда эса умуман йўқ...

Одинахон Қодирова: Андижонлик бўлсангиз Андижонни биласизми, қанақа ривожланиб, чиройли бўлиб кетди...

Шоҳидахон Содиқова: Андижон чиройли бўлгани билан, халқнинг қанақа яшаётганини биласизми? Мустақил бўлганимиздан кейин муҳожир бўлмаган одам қолмади...

Одинахон Қодирова: Ўша сизни совет даврингиздаги Қўқонни кўрингу, ҳозирги Қўқонни кўринг...

Шоҳидахон Содиқова: Мен халқнинг манфаатини биринчи ўринга қўяман, таши ялтироқ ичи қалтироқ мустақилликни мен нима қиламан...

Одинахон Қодирова: Бу сизга ўхшаган ношукур одамларнинг гапи бўлса керак...

Шоҳидахон Содиқова: Совет даврида халқ яхши яшарди, ўқитувчиларга имтиёзлар бор эди, ойликлар ўз вақтида бериларди. Эндичи, маошлар 100 фоиз пластик карточкаларга ўтказиляпти, одамлар қийналиб қолдику...

Одинахон Қодирова: Мени бир сўм пулим ҳам пластик карточкага ўтгани йўқ, бу ихтиёрий...

Шоҳидахон Содиқова: Албатта, сиз маҳалла фаоли бўлсангиз, сизни пулингизни ўтказишмайдида. Сиз амалдорларни қўллаб қувватлайсиз...

Одинахон Қодирова: Бекор айтибсиз, мен ҳеч қайси амалдорга патхалимлик қилганим йўқ. Халқимиз доволний яшаяпти, бу сизлар ношукур бандалар....

Шоҳидахон Содиқова: Сиз битта саволимга жавоб беринг. Нега 7 миллионга яқин ўзбекистонлик мамлакатдан ташқарига чиқиб мардикорлик қиляпти, шунга жавоб беринг. Советлар даврида мардикор деган сўзнинг ўзи йўқ эдику...

Одинахон Қодирова ва Шоҳидахон Содиқова ўртасидаги баҳснинг тўлиқ вариантини қуйида тингланг:

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG