Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:54

Қозоғистонда ҳижобли толибалар дарсга қўйилмаяпти


Перизат Мўлдашева ҳам рўмоли туфайли университетга қўйилмаётган толибалардан биридир.
Перизат Мўлдашева ҳам рўмоли туфайли университетга қўйилмаётган толибалардан биридир.

Оқтўбадаги Сактаған Баишев номли университетнинг саккиз нафар ҳижобли толибаси машғулотларга киритилмаяпти.


Ҳижобда юрувчи Перизат Мўлдашеванинг Озодлик радиоси қозоқ шўъбасига айтишича, у аввал кундузги бўлимда ўқиган.

- Ўзлаштиришим яхши. Келажакни ўйлаб, таълим олишни истайман. Бироқ қўриқчилик қилаётган аёллар ичкарига қўйишмаяпти. Улар ўқув корпусига киришни истасак, рўмолимизни ечишни сўрашаяпти, - дейди ўқишини сиртқи бўлимга ўтказган Перизат.

Университет вахтери Нурсауле Саматқизи “ҳижобли қизларни бинога киргизмаслик” ҳақида ўқув бўлимидан оғзаки кўрсатма олганини таъкидлайди.

Рўмолли толибаларнинг айтишларича, улар аввал ҳам доимий назоратда бўлганлар.

- Ўқитувчилар танаффус пайтида диндор қизларнинг бир жойга йиғилиб турганини кўрсалар, “қани, тарқалинглар, бошқа талабалар орасида ташвиқот юритманглар” деб, уларга танбеҳ беришарди, - дейди яқиндан буён машғулотларга киритилмаётган толибалардан бири Марал Жансағатова.

Рўмоли сабабли дарсга киритилмаётган саккиз толиба ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда кўмак сўраб Қозоғистон инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Оқтўба бўлимига мурожаат қилганлар. Ташкилот юристи, ўзи ҳам диний қарашлари учун таъқибга дучор бўлган собиқ судя Ағисбек Тулегенов қизларнинг шикояти юзасидан ўтган чоршанба университет ректори Халел Қусаинов билан учрашган.

- У (ректор назарда тутилаяпти – таҳр.) “Диний фаолият ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартишлар ва ўқув муассасасининг ички қонун-қоидаларини рўкач қилаяпти. Мен унга: “Ички қонун-қоидаларингиз Конституцияга зид келаяпти”, дедим, аммо у буни қабул қилмади, - деди юрист Ағисбек Тулегенов.

Озодлик мухбири ҳижобли толибалар нима учун дарсга қўйилмаётганини билиш мақсадида Оқтўба университетининг ижтимоий масалалар ва тарбиявий ишлар бўйича проректори Баян Ўринбаева билан ҳам учрашди.

- Биз аввал бу борада толибаларимиз билан яна бир марта гаплашиб олишимиз керак. Бу бизнинг ички муаммомиз, - дея сўзини қисқа қилди проректор хоним.

Маълум бўлишича, университет раҳбарияти ҳижобли қизлардан рўмолни орқадан ўрашни талаб қилмоқда, бу эса, ўз навбатида, диндор қизларга маъқул бўлмаяпти.

- Биздан рўмолни бошқача ўрашни, орқадан тугиб юришни сўрашаяпти. Пайғамбаримиз Муҳаммад (САВ): “Мўминаларга айтинглар: авратларини тўссинлар” деган. Аёлнинг бўйни ҳам аврат ҳисобланади. Қуръонда шунақа дейилган, - деди 1-курс толибаси Зере Байтасова.

Оқтўбадаги “Нурғасир” масжиди матбуот котиби Нурсауле Қурбанайис бу борада бирор изоҳ беришдан ожиз эканини айтди.

- Қозоғистон дунёвий давлатдир. Шунинг учун бизнинг давлат муассасалари ички ва ташқи ишига аралашишга ҳаққимиз йўқ. Дунёвий давлат фуқароси биринчи навбатда қонунларга бўйсуниши керак. Бунақа жойда ҳамма ишда Қуръонга асосланиб бўлмайди. Биз исломий давлат эмасмиз. Эрон, Саудия Арабистони, Покистон каби давлатларда балки шариат биринчи ўринда турар. Биз дунёвий давлат бўлганимиз учун, энг аввало, давлат қонунларига бўйсунишимиз шарт, - деди Нурсауле Қурбанайис.

Оқтўбалик толибалар ҳижоб атрофидаги машмаша ҳал қилинмаган тақдирда маҳаллий судга мурожаат қилишга тайёр эканларини билдирдилар. Қозоғистон инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Оқтўба бўлими эса уларга бу ишда кўмаклашишга ваъда берди.
XS
SM
MD
LG