Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:59

ЎХҲ дунё бўйлаб намойишлар ўтказди


ЎХҲнинг Норвегиядаги пикети.
ЎХҲнинг Норвегиядаги пикети.

8 декабр куни Ўзбекистон Халқ ҳаракати Белгия, Норвегия, Туркия ва Канадада норозилик митинг ва пикетларини ўтказди.


Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганида 19 йил тўлган 8 декабр куни¸ ЎХҲ матбуот хизмати маълумотига кўра, Истанбулдаги Ўзбекистон консуллиги биноси олдида ўтказилган намойишда 30 га яқин одам, Брюсселдаги Ўзбекистон элчихонаси олдидаги намойишда 12 киши, Норвегия парламенти биноси олдидаги тадбирда эса¸ 10 киши иштирок этган.



ЎХҲ муассислар мажлиси аъзоси, Тарғибот ва ташвиқот бўлими бошлиғи Намоз Нормўминга кўра, намойишларни ўтказишдан мақсад Ўзбекистон ҳукуматининг конституцияга амал қилмаётганига норозилик билдиришдир.

- Ўзбекистонда адолат ëки ҳеч бўлмаса ҳуқуқ ҳақида гапиришнинг ҳеч имкони йўқ. Конституцион тузум ҳақида эса умуман гапириб бўлмайди. Чунки Ислом Каримов раҳбарлигида ҳеч қандай конституцияга ëки қонунга амал қилингани йўқ. Ўзбекистонда конституция ëки шунга ўхшаган замонавий давлатни таърифлайдиган ҳеч бир хусус йўқ. Ўзбекистонда диктатура бор. Мана шу диктатурага қарши норозилик билдираяпмиз. Буни Ўзбекистонда замонавий, тараққий этган бир эркинлик, ҳуқуқ, адолатга асосланган давлат қуриш мақсади билан амалга ошираяпмиз, деди Намоз Нормўмин.

ЎХҲнинг Туркия бўлими раҳбари Алибой Йўляхшиев "Ўзбекистонда
8 декабр кунги Истанбулдаги пикет
8 декабр кунги Истанбулдаги пикет
конституция эмас, балки президент Каримовнинг сўзлари қонун ўрнида" дейди.

- Ўзбекистон ҳукуматининг ўзи қабул қилган асосий қонунни нақадар бузиб қўллаëтганлигини дунë оммасига кўрсатишга ҳаракат қилдик. Биласиз президент сайловининг ўзи 1992 йилда қабул қилинган конституцияга мувофиқ 5 йилдан икки марта бўлиши керак эди. У кетма-кет ўзгартирилди, референдум бўлди ва ҳоказо. Ҳар сафар конституцияга ўзгатириш киритилганда муддат янгидан ҳисобланди. Кейингиси 2014 йилда тугайди. Мана конституцияга янги ўзгартириш киритиб қўйди. 2014 йилдан кейин яна 10 йил учун запас бор муҳтарам Ислом Каримовга. Яна инсонларнинг ҳуқуқ масаласи, ота-оналик масаласи, болалар масаласи. Ўзбек конституциясининг деярли барча моддалари Ўзбекистонда ишламаяпти. Каримовнинг фармонлари, сўзи ишлайди. Ҳозир Ўзбекистонда конституция Каримовнинг фармони, қонун эса Каримовнинг сўзи, дейди Алибой Йўляхшиев.

Брюсселдаги пикетда қатнашган ЎХҲ фаоли Йўлдош Очиловга кўра, акциялардан мақсад Ўзбекистон конституциясининг оёқости бўлаётганлигидан халқаро жамоатчиликни огоҳ қилишдир.

- Брюсселда Ўзбекистон элчихонасининг олдида норозилик намойиши ўтказдик. Бир неча талаблар қўйилди. Асосий талаблардан бири Ўзбекистон конституциясининг бузилишига йўл қўймаслик. Биз Ўзбекистон ҳукуматидан норозимиз. Унинг янгиланишини хоҳлаймиз, бу ҳукуматга ишончсизлик билдирамиз. Конституцияни бузаяпти бу ҳукумат. Ўзбекистон конституцияси олида жавоб бериши керак бу ҳукумат, дейди Йўлдош Очилов.

Шунингдек, ЎХҲ ўз сайти орқали хабар қилишича, 8 декабр куни хориждаги намойишлардан ташқари Тошкентнинг Қорасув ва Чилонзор туманларида ЎХҲнинг варақалари тарқатилган.

Сайт маълумотига кўра, ушбу варақаларда ЎХҲнинг ўзбек халқига мурожаати эълон қилинган.

Ярим йил муқаддам Европада асос солинган Ўзбекистон Халқ ҳаракати ўз сафида расмий Тошкент режимига мухолиф қарашдаги олтита ташкилотни бирлаштирган.

Айни пайтда¸ ҳаракат муассисларидан бири - “Андижон - Адолат ва Тикланиш” ташкилоти шу йилнинг 17 ноябр куни ЎХҲ таркибидан чиққанини эълон қилди.
XS
SM
MD
LG