Линклар

logo-print

Туни билан давом этган Брюссел музокаралари ниҳоясида 9 декабр тонгда ЕИга аъзо 23 давлат раҳбари евроҳудуддаги қарздорлик муаммосини ҳал этиш ва евроҳудуд қулаши олдини олиш учун кескин молиявий чекловлар жорий этишга қаратилган янги келишувга эришдилар.

Брюссел музокаралари сўнггида Европа ягона пул бирлиги ҳисобланмиш евроҳудудга кирган 17 давлат¸ шунингдек Европа Иттифоқининг мазкур ҳудудга кирмаган айрим давлатлари янги келишувга қўшилдилар.

Жума тонгга қадар давом этган тўхтовсиз сўзлашувлар натижасида ЕИга аъзо 27 давлатдан 23 таси раҳбари янги молиявий чекловларни жорий этиш учун ўз суверенитетидан бир оз воз кечишга рози бўлди. Март ойига қадар тугалланиши кутилаëтган мазкур келишув ЕИ ҳукуматларидан ўз бюджет сиëсатини кескинлаштиришни талаб қилади ва бунда амал қилмаганларни жазолашни кўзда тутади.

Мазкур келишувга евроҳудуддан аввал бошданоқ ўзини узоқ тутиб келаëтган Буюк Британия¸ шунингдек миллий парламентлари ҳозирча евроҳудудга қўшилишга розилик бермаган Чехия¸ Венгрия ва Швеция қўшилмади.

Франция президенти Николя Саркози янги келишувга ЕИнинг барча 27 аъзосини қўшиш уринишлари бўлгани¸ бироқ Лондон ҳукумати ўз молиявий хизматлар секторини янги қоидалардан мустасно қилишни кўзда тутувчи махсус протокол имзоланишини талаб қилиб туриб олгани боис¸ бунинг иложи бўлмаганини билдирди.

- Биз ЕИ га аъзо 27 давлатнинг бари орасидаги келишувлар ислоҳ қилинишини истардик. Аммо британиялик дўстларимиз эгаллаган позиция боис¸ бунинг иложи топилмади. Ҳозирча бу 17 давлат ўртасидаги ҳукуматлараро келишув шаклида¸ аммо у бошқалар учун ҳам очиқ¸ деди Париж раҳбари Брюссел музокаралари сўнггида.

Ўз ҳукумати ëндашувини ҳимоя қилган Британия Бош вазири Дэвид Камерон¸ янги ҳужжатни ”келишув ичидаги келишув” деб атади ва Британия унга ҳеч қачон қўшилмаслигини таъкидлади:

- Бизга таклиф этилган келишув Британия манфаатларига хизмат қилмагани боис мен унга қўл қўймадим. Бунинг нимага муҳимлигини изоҳлаб ўтай.

Албатта¸ биз евроҳудуд давлатларининг бирлашиб¸ ўз муаммоларини ҳал қилишларини истаймиз. Аммо бу иш мавжуд ЕИ келишувлари доирасида бўлса ва ягона бозор ҳамда Британиянинг бошқа муҳим манфаатлари учун тегишли ҳимоя воситалари бўлсагина амалга оширилиши зарур¸ деди Лондон ҳукумати раҳбари.

Евроҳудуддаги молиявий бўҳрон кучайиб бораëтган даврда ўтган Брюссел саммити арафасида Франция ва Германия раҳбарлари бюджет сиëсатини кескинлаштиришга олиб келувчи ЕИ доирасидаги иқтисодий интеграцияни янада кучайтириш талабини жиддий равишда ўртага қўйди.

Николя Саркози ва Ангела Меркел евроҳудуд бошқарувини кескинлаштиришга қаратилган бир қатор таклиф билан чиқди. Бу таклифлар орасида ўз бюджет дефицитини мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажмининг 3 фоизидан оширган давлатлар учун автоматик санкция қўллаш талаби ҳам бор.

Меркел ва Саркози шунингдек янги келишувдан мувозанатли бюджет юритишни олтин қоида қилиб белгилаш ва айни талабни миллий конституцияларга киритиш талаби ўрин олишига ҳам эришдилар.
Бундай ҳолда¸ бюджет дефицитига йўл қўйган ҳукуматлар ўз конституцион судлари олдида жавоб берадилар.

9 декабр куни Брюсселда эришилган янги келишув унга қўшилганлардан ўз йиллик бюджети лойиҳаларини кўриб чиқиш учун ЕИ Комиссиясига тақдим қилишни ҳам талаб этади. Ҳозирча Комиссия миллий бюджет лойиҳасига эътироз билдирса¸ нима қилиниши мавҳумлигича қолмоқда.

Шунингдек ҳозирча янги келишувга амал қилмаган ҳукуматларга қандай жазо қўлланилиши ҳам аниқ эмас ва бу борадаги сўзлашувлар давом этмоқда.

Март ойига бориб якуний шаклга келиши кутилаëтган янги келишув лойиҳасининг қачон миллий парламентлар тасдиғидан ўтиб¸ қачон кучга кириши ҳозирча номаълум.

Олдиндаги мавҳумликка қарамай¸ ЕИ Комиссияси президенти Хосе Мануэл Баррозо янги келишув евроҳудудга ишончни қайта тиклашига умид билдирди:

- Муаммолар ўзак негизи ишончга бориб тақалади ва евроҳудуд аъзоларининг бугун қабул қилган янги молиявий қоидалари айнан ишончни қайта тиклашга хизмат қилади¸ деди ЕИ Комиссияси президенти.

Брюссел йиғинида иттифоқ раҳбарлари шунингдек камида 500 миллиард евролик Европа Барқарорлик механизмининг аввал белгиланганидан бир йил олдин - 2012 йилдан амалга кўчишига оид қарор қабул қилдилар.
XS
SM
MD
LG