Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:41

"Россияга кетган укаларим икки йилдан бери дараксиз!"


Укалари Фурқат ва Ойбекни излаëтган қашқадарëлик Ўктам Бобомуродов Озодлик муштарийларидан ëрдам сўради.


“Келинимни эрга бериб юборишди”

Бу ажабтовур гапни каттақўрғонлик бир қайнонадан эшитдик.

У киши “Эркин микрофон”га қўнғироқ қилар экан, зўравон қудаларию уларнинг ёнини олиб ҳукм чиқарган суд устидан шикоят қилди.

Гапларига қараганда, онахоннинг оиласи қўли юпқароқ оила. Шунинг учун бўлса керак, уйланиб, икки фарзандли бўлган ўғлини қудалари бу йил ичкуёв қилиб олган. Сўнг ўғил Россияга ишлаш учун кетган. 3 ой ишлаб қайтиб келгунича, хотинини эрга бериб юборишган.

-Ўзи тегиб кетгандир келинингиз, деб сўрадик.

-Йўқ, отаси бериб юборди. Ўғлим билан ЗАГСлари ҳам ҳали қирқилган эмас, деди йиғлаб онаизор.

Унинг айтишича, яқинда қудалари ўғлини судга бериб алимент ундиришга қарор ҳам чиқариб олишган.

Хуллас, мана шунақа можаро.

Адолат излай-излай Озодликка қўнғироқ қилган онахоннинг шикоятини ҳозирча у кишининг ўз тилидан эшиттирмасликка қарор қилдик.

Келаси ҳафтада бу можарони атрофлича ўрганишга уриниб кўрамиз.


“Ўзбекистонда биргина соҳада рақобат бор”

Шаҳрихонлик Баҳодиржоннинг айтишича, у телефон алоқаси соҳасидир.

- Ўзбекистоннинг проблемаларидан ташқари ютуқларини ҳам гапириб қўйсакда¸ масалан¸ мижозларга кўрсатилаëтган хизматлар бўйича. Ҳозир бизларнинг Ўзбекистонда жуда катта арзонлашув кетаяпти. Учта компаниямиз бор. Ucell, Beeline, MTS компаниялари ўртасида жуда катта рақобат рол ўйнаяпти. Ҳозир жуда ҳам арзонлашиб кетдида. Масалан¸ ўзининг тармоғининг ичида икки цент эвазига алоқа узилиб қолгунча алоқани давом эттиришингиз мумкин.

Озодлик: Битта компаниянинг мижозлари ўзаро бепул гаплашиши мумкинми?

- Ҳа. Икки цент тўлайсиз биринчи дақиқасига. Иккинчи минутдан бошлаб охиригача текин бўлади.

Озодлик: Сиз ўша компанияда ишлайсизми? Реклама қилмоқчимисиз?

- Мен ишламайман. Мен оддий фуқаро сифатида шуни айтмоқчиман. Олий маълумотлиман. Фарғона давлат университетининг математика факултетини тугатганман.

Озодлик: Демак, сизнинг фикрингизча, айнан рақобат борлиги туфайли алоқа компаниялари ўзларининг хизматларини арзонлатишга мажбур бўлаяпти.

- Мажбур бўлаяпти.

Озодлик: Алоқа компаниялари ўртасида рақобат бор экан. Мамлакат ҳаëтининг яна қайси соҳаларида шунақа рақобат кўринади? Рақобатнинг фойдаси бор экан.

- Ҳозирги соҳаларда ҳеч қанақа рақобат йўқ. Уяли алоқадан бошқа ҳеч қанақа рақобат йўқ. Чунки бошқа нарсалар бизни хурсанд қиладиган, аҳоли учун яхши хизмат қиладиган уяли алоқа деб ўйлайман. Газеталарни олиб қарайлик.

Озодлик: Истеъмол товарлари савдосида йўқми рақобат?

- Йўқ. Сабабки асосан келадиган жойи, томири битта. Масалан¸ Ўзбекистонда ҳукуматнинг ичида 5-6 киши тарқатиб вилоятларга тарқатаверади. Улар олиб келиб бир хил нархда сотади. Оптом дейилади. Савдо бозорига келиб хоҳлаган дўконга кирсангиз, масалан¸ оддий шакар нархини олайлик, 2000 сўм ëки 2500 сўм деган нарса бўлмайди. Улгуржи нархларининг ҳаммаси бир хил. Тепага боғлиқда бу нарса. Ҳеч қанақа рақобат йўқ айниқса озиқ-овқат бўйича. Хитойдан келадиган товарларни ҳам олиб келадиганлари битта бўлганлиги сабабли, олайлик Қўқонга бориб, масалан¸ Андижон, Шаҳрихон, Қувадагилар Қўқондан савдо қилиб келадида. Дўконларда устига пул қўйиб сотишади, дейди шаҳрихонлик Баҳодиржон.

Демак, Баҳодиржоннинг фикрича, Ўзбекистонда фақатгина телефон алоқаси соҳасида хизмат кўрсатаётган ширкатлар ўртасида рақобат бор. Ва бу ҳолат улар кўрсатаётган хизматлар нархларининг арзонлашига туртки бераяпти.

Бошқа биронта ҳам соҳада рақобат йўқ, деяпти Баҳодиржан. Сиз қандай фикрдасиз?

"Эркин микрофон"га Сиз ҳам мурожаат қилиб, шу масаладаги ўз фикрларингизни билдиришингиз мумкин.


“Фурқат билан Ойбекни топишга ёрдам беринглар?”

Қашқадарёлик суҳбатдошимиз саломдан сўнг бизни мақташга ўтди.

- Раҳмат, дедик.

-Савоб иш қиляпсизлар, деди.

- Қуллуқ, дедик.

- Яна бир савоб иш қилинглар, деди.

- Майли, дедик.

Маълум бўлишича, суҳбатдошимизнинг Россияга иш излаб кетган икки укасидан мана икки йилдирки, на хат, на хабар бор экан.

Исм-фамилиясини айтсам, зора укаларимдан хабари бор ватандошлар эшитсаю уларни топишга ёрдам берса, деди суҳбатдош.

Айтинг, дедик ва микрофонимизни ёқдик.

- Мен Ўзбекистон республикаси, Қашқадарë вилояти, Касби тумани Майманоқ қишлоғида яшовчи Бобомуродов Ўктам бўламан. Ëшим 46да. Озодликка қўнғироқ қилишдан мақсад Россиядаги укаларимни излаяпмиз. Укаларимнинг исми 1978 йилда туғилган Фурқатжон Бобомуродов, иккинчи укам 1988 йилда туғилган Ойбек Бобомуродов. Улар 2008 йил 10 апрелда ишлаш учун Россияга чиқиб кетишган қишлоқдошларимиз билан. Қишлоқдошларимиз 6-7 ой, нари борса бир йилнинг атрофида келди ҳаммаси. Кетганлардан менинг иккита укам қолган. Олдинига бир ярим йил мобайнида телефон бўлиб турди. Лекин кейинги икки йилда умуман телефон ҳам йўқ, хабар ҳам йўқ. Шунга умуман нима бўлди экан деб Самарадаги ватандошлардан илтимос қилиб, ëрдам сўраб қўнғироқ қилаëтган жойим эди.

Озодлик: Укаларингизнинг исмларини яна бир марта айтиб қўйинг.

- Фурқат Бобомуродов ва Ойбек Бобомуродов.

Озодлик: Фурқат Москвада, Ойбек Самарадами?

- Ҳа. Олдин ҳаммаси Москвада эди. Ойбек орадан маълум муддат ўтгандан кейин Фурқатдан ажралиб Самарага кетган. Фурқат қурилишда ишлайди, Ойбек магазинда грузчиклик қилади. Икковиям ҳар кун телефон қилиб турарди бизларга.

Озодлик: Сизнинг илтимосингизни эфирга берамиз. Ажаб эмас¸ ватандошлар сизга балки радио орқалими хабар бериб қўйишар.

- Раҳмат ака. Дунë тургунча туринг ака. Биздан қайтмаса Худодан қайтсин ака. Сарвар ака, интернетга ҳам қўйинглар илтимос, дея ўз илтимосини якунлади қашқадарëлик Ўктам Бобомуродов.

Балки Фурқатжон билан Ойбекнинг ўзлари ҳам бизни эшитаётгандир?

Уйга қўнғироқ қипқўйинглар, барака топкурлар!

****************************

Муҳтарам тингловчи, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG