Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:17

Россия бўйлаб намойишлар уюштирилди


Қаллоблар ва ўғрилар танловни қайтаринг - норозилар шиори.
Қаллоблар ва ўғрилар танловни қайтаринг - норозилар шиори.

Россиядаги намойишчилар 4 декабр кунги сайлов натижалари бекор қилиниши, сиёсий маҳбуслар озод этилишини талаб қилдилар.


Россияда 4 декабр куни ўтказилган парламент сайлови натижалари Бош вазир Владимир Путин етакчилигидаги Ягона Россия партияси фойдасига соҳталаштирилганига қарши Россия бўйлаб “Адолатли сайловлар учун” шиори остида норозилик намойишлари уюштирилди.

Шанба куни Санкт-Петербург шаҳрининг Пионерская майдонидаги рухсат берилган намойишда 10 мингга яқин одам қатнашди.

ДПА ахборот агентлиги хабарига кўра, Санкт-Петербург шаҳрининг бошқа жойларида рухсат этилмаган намойиш уюштиришга уринган ўнлаб мухолифат аъзоси полиция ходимлари томонидан калтакланиб тарқатиб юборилган.

Москва шаҳридаги рухсат этилган намойиш Кремл яқинидаги Болотная майдонида бўлиб ўтди.

Россия полицияси маълумотига кўра, намойишда 25 мингга яқин одам қатнашган.

Бироқ тадбир иштирокчилари намойишда 40 мингдан кўп одам қатнашганини билдирди.

29 яшар инженер Лидия намойишга чиққани сабаби ҳақида Озодликка буларни айтди.

- Сайлов натижалари соҳталаштирилгани ва сайловчилар алданганига норозилик билдириш учун бу ерга йиғилдик, - деди Москвадаги намойиш иштирокчиси Лидия.

Болотная майдонидаги намойишда мухолифат лидерлари, жумладан, Борис Немцов ҳам қатнашди.

Россия мухолифати лидерлари 4 декабр кунги сайловлар натижаларини бекор қилишга чақирувчи, сиёсий маҳбуслар озод этилиши ва Марказий сайлов комиссияси бошлиғи Владимир Чуров лавозимидан бўшатилиши талаб қилинган резолюцияни қабул қилдилар.

Озодлик мухбирига кўра, намойиш хавфсизлик чоралари кучайтирилган ҳолда полиция ходимлари кузатувида тинч ўтган.

Россия Омбудсмани Владимир Лукин намойишлар уюшқоқлик билан ўтганидан мамнун эканини алоҳида таъкидлади.

- Мен воқеалардан тўлиқ қониқиш ҳосил қилдим дея оламан. Милиция ходимлари ўзини тўғри тутяпти. Тадбир яхши уюштирилган. Қатнов йўлга қўйилган. Воқеаларни жойида ҳал қилиш учун ҳамма нарса муҳайё. Ўтиш жойи ташкиллаштирилган. Юриши қйин бўлган одамларга автобуслар бериляпти. Шу пайтгача қонунбузарликка йўл қўйилгани ёки қандайдир қўполликларни кўрганим йўқ, - деди Россия Омбудсмани Владимир Лукин.

Владивосток шаҳрида бошланган Кремлга қарши намойишлар Россиянинг 15та шаҳрида давом этди. Норозилик намойишларида бир неча юздан, бир неча минг киши иштирок этди.

Хабаровск шаҳридаги намойишда бир неча ўн киши ҳибсга олингани хабар қилинди.

Расмий маълумотларга кўра, Ягона Россия партияси номзодлари Давлат думасидаги 450 ўриндан 238тасини эгаллаган. Бу олдинги сайловдагидан 77та ўрин кам.
XS
SM
MD
LG