Линклар

logo-print

Европа парламенти депутатлари Тожикистонда Роғун ГЭСи қурилиши мақсадга мувофиқ эмаслиги юзасидан Ўзбекистон позициясини қувватламоқдалар.

Бу ҳақда Россиянинг Регнум ахборот агентлиги хабар қилади.

Унда Ўзбекистон экологик ҳаракатининг куни кеча Европарламентда ўтказган тақдимотидан сўнг Ўрта Осиё ва Қозоғистон минтақасидаги трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш ҳақида сўз боргани, мазкур учрашувда германиялик депутат Элизабет Йеггле Роғун ГЭСи қурилиши мақсадга мувофиқ эмаслиги масаласида Ўзбекистон томонининг позициясини қўллаб-қувватлагани айтилади.

Тадбирда Европарламент депутатлари, Еврокомиссия, Европа Иттифоқи институтлари ходимлари, Европа Иттифоқи ва Белгия экспертлари ва бошқалар иштирок этган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига асосланган ҳолда тарқатилган бу хабарда Европарламент депутатлари олдида Ўзбекистон парламенти Қонунчилик палатаси спикер ўринбосари, Экологик ҳаракат депутатлик гуруҳи раиси Борий Алихонов “Трансчегаравий дарёлар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда Ўрта Осиё ва Қозоғистон минтақасида хавфсизлик муаммолари” мавзусида маъруза қилгани зикр қилинади.

Маълумотларга кўра, маърузачи Тожикистонда Роғун ГЭСининг қурилиши минтақадаги шунингсиз ҳам мураккаб бўлган экологик вазиятнинг янада чигаллашишига олиб келиши ҳамда кўплаб ижтимоий-экологик ва гуманитар фожеаларга сабаб бўлиши мумкинлигини қайд этган. Шунингдек, у Тожикистон алюминий заводининг атроф-муҳитга зарарли моддаларни чиқараётгани оқибатида Ўзбекистоннинг Тожикистон билан қўшни бўлган туманларида экологик вазият йилдан йилга ёмонлашиб бораётганига эътибор қаратган.

Учрашувда сўзга чиққан Европарламент депутати Йеггле хоним Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатларига бир неча бор сафар қилганини, Орол денгизини сақлаб қолиш фақат минтақа мамлакатларининггина эмас, балки (бу глобал кўламдаги фожеа бўлгани учун) Европа ва Осиё мамлакатларининг ҳам манфаатига мос келишини урғулаган.

Роғун ГЭСи қурилиши борасида Ўзбекистон позициясини қўллаган Элизабет Йеггле фикрича, Тожикистон улкан лойиҳалар режалаштириш ўрнига сув ва энергетика инфратузилмасини модернизация қилишга, минтақадаги бошқа давлатлар ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларига зиён етказмаган ҳолда экологик жиҳатдан хавфсиз муқобил лойиҳаларни амалга оширса яхши бўлар эди.

Амударё ва Сирдарё Марказий Осиё минтақаси аҳолиси ҳаётида ўта муҳим рол ўйнашини айтган депутат хоним бу масалада ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилиш зарурлигини қайд этган.

Епропарламентнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқа қилиши бўйича делегацияси раиси жаноб Бартолоцци ҳам Марказий Осиё минтақасидаги экологик муаммолар европалик депутатларда жиддий хавотир уйғотаётганини эътироф этган. У минтақадаги барча мамлакатлар сув заҳираларидан фойдаланиш бўйича ишларни фаоллаштиришлари лозимлигини, ҳозирда Европарламент ҳам минтақадаги барча мамлакатлар манфаатини ҳисобга олган ҳолда ўз позициясини ишлаб чиқаётганини билдирган.

Ўзбекистонлик соҳа мутахассислари анчадан буён Роғун ГЭСининг қурилиши ҳамда ТАЛКО корхонасидан чиқаётган заҳарли чиқиндилар минтақа учун тузатиб бўлмас экологик зарарларни юзага келтириши мумкинлигидан огоҳлантириб келадилар.

Ўз навбатида, Тожикистон расмийлари ва экспертлари Ўзбекистон томонининг Роғун ва ТАЛКО борасидаги иддаоларини рад этиб келади.

Хусусан, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон шу йил 18 ноябр куни мамлакат Фанлар Академиясининг 60 йиллигига бағишлаб Душанбеда ўтказилган тадбирда “Тожикистоннинг Роғун ГЭСини қуришдан бошқа йўли йўқ”лигини, “бу гидроиншоот бутун минтақа манфаатига хизмат қилиши”ни таъкидлаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG