Линклар

Кўлобликлар ўзбекча газета ўқимайди, лекин обуна бўлади

  • Гулнора Равшан

Кўлобликлар обуна бўлаётган ўзбекча газеталардан бири Тожикистон ҳукуматининг расмий нашри бўлган "Халқ овози" газетаси экан.

Кўлобликлар обуна бўлаётган ўзбекча газеталардан бири Тожикистон ҳукуматининг расмий нашри бўлган "Халқ овози" газетаси экан.

Тожикистоннинг Кўлоб минтақасида ўзбек тилидаги газеталарга обуна бўлаётганлар сони ошмоқда.


Аксарият кўлобликлар Душанбе босмахонасида босилаётган “Халқ овози”, “Дўстлик” ҳамда рус тилидаги “Новый Хатлон” рўзномаларига обуна бўлганини айтадилар.

Шу кунларда Кўлобда уч ёки тўртта ходими ўзбек тилидаги газеталарга обуна бўлмаган мактаб ёхуд бошқа муассасани учратиш қийин.

Кўлоблик Шаҳзода Раҳимова умуман ўзбек тилини билмайди, шунга қарамай, у сўнгги икки йил давомида “Дўстлик” рўзномасини муттасил равишда олиб турибди.

Шаҳзодахон ўтган вақт ичида “Дўстлик”нинг бирорта сонини ҳам ўқимаганини айтади.

- Кўлобда ўқитувчиларга обуна мажбурий бўлгани сабабли мен бу газетага обуна бўлаяпман. “Дўстлик” газетасини танлаганим эса унинг йиллик обуна нархи бошқа нашрларникидан анча арзон эканида. Яъни 40-45 сомоний (тақрибан 9,3 доллар - таҳр.). Агар бошқа рўзномаларга обуна бўлсангиз, у ҳолда 100 сомонийгача (20,5 доллар – таҳр.) тўлаш керак. Шусиз ҳам ёзилаётган газеталаримиз вақтида бизга етиб келмайди, - дейди кўлоблик ўқитувчи Шаҳзодахон.

Айни пайтда Кўлоб шаҳар таълим бўлими масъуллари маҳаллий ўқитувчилар мамлакатда чиқаётган нашрларга ихтиёрий равишда обуна бўлаётгани ва обуна бўлган рўзномасининг ҳар бир сонини ўқиб бораётганини иддао қилади. Бу идора расмийси Абдулафиз Мазарипов кўлоблик ўқитувчиларнинг ўзбекча ва русча газеталарга обуна бўлаётганларини тасдиқларкан, буни уларнинг давлат тилидан бошқа тилларни ҳам яхши билиши исботи ўлароқ изоҳлади.

- Мисол учун, мен “Кулябская Правда” нашрига кўп йиллардан буён обунаман. Чунки бу рўзномада мазмунан бой мақолалар чоп қилинади. Унинг ҳар бир сонини сабрсизлик билан кутаман ва мутолаа қиламан, - деди Кўлоб шаҳар таълим бўлими расмийси Мазарипов.

Маҳаллий расмий “Кулябская Правда” рўзномасига ихлоси кучли эканини айтаётган бир пайтда бу рўзнома сўнгги уч ой давомида чоп қилинмагани маълум бўлди. Ўтмишда ҳам саккиз саҳифадан иборат бу газета бир ойда бир мартагина чоп этиларди.

Ҳукумат нашри бўлган “Дўстлик”, “Халқ овози” ва “Новый Хатлон” рўзномалари ҳафтада икки мартадан ёруғ кўради.

Кузатувчиларга кўра, ўзбекча ва русча тилда нашр қилинаётган бу рўзномаларнинг деярли ўқувчиси йўқ, аммо мажбурий обуна рўйхатига киритилган.

Кўлобдаги Олтовли жамоатига қарашли Даҳана қишлоғида яшовчи 65 ёшли Жалмат Алиматов мустақилликдан кейин ҳали бирор марта ўзбек тилида газета ўқимаганини айтди.

- Биз газета деган нарсани тушунмаймиз, ўқимаймиз. Бу қишлоқда почта ишламайди, обуна бўлган билан қўлимизга тегмайди. Бошқа томондан, ҳозир иш йўқ, пул йўқ, - дер экан суҳбатдошимиз ўзи яшаб турган қишлоқда “бирорта ҳам ўзбек мактаби йўқлиги ва этник ўзбеклар аллақачон тожиклашиб бўлгани”ни қистириб қўйди.

Шу кунларда Кўлобда мажбурий обуна мавсуми якунига етмоқда.

Расмий манбаларнинг билдиришича, “Халқ овози”, “Дўстлик” рўзномаларига обуна аҳолиси умуман ўзбек тилида сўзлашмайдиган Мўминобод туманида юз фоизга бажарилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG