Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:32

Англиялик ўқувчилар Ўзбекистондаги болалар меҳнатига қарши норозилик билдирмоқдалар


Истборн шаҳридан бўлган ўқувчилар Ўзбекистондаги мажбурий болалар меҳнатига қарши норозилик билдириш учун ўтган ҳафта Брюссел шаҳрига келганлар.

Бу ҳақда Марказий Осиё янгиликлар хизмати сайти Англиянинг Herald Eatsborne нашрига таянган ҳолда хабар қилди.

Маълумотларга кўра, истборнлик ўқувчилар 7 декабр куни Ўзбекистондаги болаларни қулликдан ҳимоя қилишга сиёсатчилар эътиборини тортиш учун Европа парламенти мажлисига келганлар.

Anti-Slavery International нодавлат ташкилотига (Қулликка қарши халқаро ташкилот) қўшилган Bishop Bell мактаби ўқувчилари 10 минг киши имзо чеккан илтимосномани Европа Иттифоқи президентига топшириш учун ҳам Белгия пойтахтига келганларини билдирганлар.

Мазкур номада Европага пахта экспорт қилиш учун ЕИ томонидан Ўзбекистонга савдо имтиёзлари беришни бас қилишга чақирилади.

Herald Eatsborne нашрининг ёзишича, сиёсий талаб билан келган ўсмирлар зудлик билан Европарламентга Англия жанубий-шарқидан сайланган депутат Кэтрин Бердер қабулига таклиф этилган.

- Ўзбекистонда содир бўлаётган воқеаларни билганимда танг қолдим. Мен билан тенгдош бўлган болалар мактабда ўқишлари керак, аммо ҳозир улар пахта теримида қуллардек ишлашга мажбур бўлмоқдалар. Бу нарса нима учун ҳалигача давом этаяпти? – дея иқтибос келтиради 14 ёшли Шэннон Харрис сўзларидан Herald Eatsborne.

Унинг синфдоши Жон Фэлтман ҳам Ўзбекистондаги бу ҳолатга чек қўйиш зарур, деган фикрда.

Эслатиб ўтамиз, Европа парламенти қошидаги Ташқи ишлар қўмитаси аъзолари 4 октябр куни Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида 1999 йили имзоланган Шерикчилик ва Ҳамкорлик келишувига тўқимачилик соҳасидаги имтиëзларнинг қўшилишига қарши якдиллик билан овоз бергандилар.

Мазкур келишувдан илк бор олиб ташланаëтган тўқимачилик соҳасидаги имтиëзлар ўзбек пахтасини Европа Иттифоқи ҳудудларига экспорт қилиш тарифларини камайтиришни кўзда тутади. Иттифоқ ҳудуди эса ўзбек пахтасининг тўлиқ тўртдан бир қисми сотилаëтган каттагина бозордир.

Ўзбек пахтаси савдоси учун берилган имтиëзларга қарши чиққан ЕИ депутатлари бу масала қайта муҳокамага қўйилиши учун халқаро ташкилотларнинг бевосита Ўзбекистонга бориб¸ пахта теримида болалар хизматидан фойдаланилмаëтганини тасдиқлаб беришини шарт қилиб қўйгандилар.

Халқаро ташкилотлар ҳисоб-китобига кўра¸ ҳар йил кузда Ўзбекистонда 9 ëшдан 15 ëшгача бўлган 2 миллионга яқин бола мактаб ўрнига пахта даласига ҳайдалмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматини пахта мавсумида мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланиш амалиëтидан воз кечтиришга қаратилган халқаро босим йилдан-йилга кучаймоқда ва 2011 йил сентябрига келиб ўзбек пахтасини бойкот қилган Ғарбдаги йирик кийим-кечак ва улгуржи савдо ширкатлари сони 60 дан ошди.

Ўзбек пахтасининг Осиëдаги асосий харидорлари бундай бойкотга қўшилмаëтгани боис Тошкент расмийлари бойкотдан ўз пахтаси савдосига зиëн етмаëтганини даъво қилмоқда.

Ўзбекистон давлат бюджетининг каттагина қисмини тўлдирадиган пахта савдосидан Тошкентнинг йилига камида бир миллиард доллар даромад кўриши тахмин қилинади.
XS
SM
MD
LG