Линклар

logo-print

349 мактаб таъмирланади


Қишлоқ мактабларида свет йўқ, лекин президент портрети бор.

Қишлоқ мактабларида свет йўқ, лекин президент портрети бор.

Ўзбекистон ҳукумати келаси йили юзлаб мактабларда реконструкция ва капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириши мақсадларига 155 миллиард сўмдан ортиқроқ маблағ ажратишини маълум қилди. Айтилишича президент қарорига кўра амалга оширилаётган тадбирлар мамлакат бўйлаб 349 мактабни қамраб олади. Ўзбекистонлик ўқитувчилар мактаблар президент қарорига кўра аввал ҳам таъмирлангани, лекин ажратилган маблағлар мақсадсиз сарфлангани боис бугун, айниқса, қишлоқ мактабларидаги аҳвол ўқувчининг билим олиши учун, юмшоқ қилиб айтганда, қониқарсиз, демоқда. Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги бундай фикрларни изоҳлашдан бош тортди.


Ўзбекистон расмийларининг айтишича, Ўзбекистондаги таълим муассасаларни реконструкция қилиш, капитал таъмирдан ўтказиш ва таъминлаш жамғармаси 2012 йилда 349 мактабни таъмирлаш учун жами 155,3 миллиард сўм (қарийб 90 миллион АҚШ доллари) пул ажратади.

Бу ҳақда матбуотда берилган хабар ўта чекланган ва кун тартибидаги 349 мактаб қайси вилоятларда экани, таъмирлаш ишлари сифатини кафолатлаш ва ажратилган маблағ сафрланиши қай тарзда назорат қилинишига оид маълумотларни ўз ичига олмаган.

Айни пайтда ўзбекистонлик ўқитувчилар айнан ана шу саволлар уларни қизиқтиришини айтмоқда.

Масалан, Жиззахнинг Зарбдор туманидаги 1-ўрта мактаб ўқитувчиси Зиёдулла Раззоқов ўзи ишлайдиган таълим муассаси 2007 йилда таъмирдан ўтказилганига қарамасдан, бинодаги бугунги шароитни қониқарсиз, деб баҳолайди.

- Бизда мана масалан президент томонидан 2004-2009 йилгача ажратилган эди. Ўша мактабларни жорий ремонт қилиш, реконструкция, капитал таъмирлаш учун. Масалан бизнинг мактабимиз ҳам типовой мактаб. 1979 йилда очилган мактаб. Ўшанга 2007 йилда 185 миллион пулни давлатимиз бюджет томонидан ажратиб, уни капитал таъмирлашга ажратган эди. Ўша ажратилган 185 миллион сўм пул мақсадсиз сарфланиб, бугунги кунда унинг аҳволини кўрсангиз, бўлмайдиган даражада.

Зиёдулла Раззоқов ўқувчиларнинг билим олиши, ўқитувчиларнинг эса билим бериши учун шароитнинг “бўлмайдиган даражада” дер экан мана бу мислони келтиради.

- Ўша ажратилган суммани харажат қилиб, унга олиб келган жиҳозлар талабга жавоб бермайди. Мактабнинг синф хоналари совуқ. Айрим ойналар жойида эмас. Унга олиб келинган компютерлар масалан олайлик бир синф комплект бўладиган бўлса, 24та олиб келинган бўлса, шундан тўртта-бештаси ишлайди. Қолганлари ишламайди. Бошқа мактаблар ҳам худди шу аҳволда, дейди ўқитувчи.

Наманганнинг Мингбулоқ туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси Аҳмаджон ака ҳам ўзи ишлайдиган мактабдаги вазиятга “2”, нари борса “3” баҳосини қўйса бўлади, дейди.

- Энди “2” қўйса бўлади, ўртача деса бўлади. Яхши ҳам деб бўлмайди, ëмон ҳам деб бўлмайди. Чунки ундан кейин ҳам ремонт қиламиз барибир. Ундан кейин ташлаб қўйса бўлмайдию. Ҳар йили ремонт қилинади. Ремонт ҳам ўқитувчининг ҳисобидан қилинади, дейди мингбулоқлик ўқитувчи.

Зарбдорлик ўқитувчи Зиёдулла Раззоқов ўзи ишлайдиган мактаб 2007 йида таъмирдан ўтказилгани боис, ҳукуматнинг 2012 йилги режасига кирмаганини тахмин қилади. Лекин, дейди ўқитувчи, “таъмирлаш” аввалгидек бўладиган бўлса, унинг бўлганидан бўлмагани яхши.

- Ҳозирги аҳволини кўрсангиз, масалан бзининг мактабда 1000дан ортиқ ўқувчи ўқийдиган бўлса, ота-оналарнинг кўмаги билан ҳар йили мунтазам равишда ремонт қилиб борилади. Краска дейсизми, ташқари томоними ҳаммаси. Иссиқлик талабга жавоб бермайди, ëруғлик йўқ. Мана бешинчи-олтинчи соатларда свет бўлмайди. Синф хоналарида ўқувчилар ўқитувчининг айтиб турган сўзларини ëзиб олишга қийналади. Кўзи кўрмайди. Свет бўлмагандан кейин синф хоналари қоронғи ҳолатга тушиб қолади, дейди Зиёдулла Раззоқов.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари оддий ўқитувчиларнинг фикрларини изоҳлашдан бош тортди.

Вазирликнинг таълим муассасаларини моддий таъминлаш бошқармасининг ўзини “стажёр” деб таништирган мутасаддиси муассасалар фаолиятини ташкил этиш бошқармаси билан боғланишимиз, бу бошқама бошлиғи эса, аввалгисининг мутахассиси Қодиржон Оқиловга мурожаат қилишимизни айтиб, у кишининг телефон рақамини ҳам берди.

Қодиржон Оқилов аввалига мактбаларни таъмирлаш ишлари қандай ташкил этилишини тушунтириб беришган рози бўлди, бироқ мухбирингизнинг Озодлик радиосидан эканини фахмлагач, гапни қисқа қилди.

Озодлик билан гаплашган ўқитувичларнинг иккаласи ҳам, ўзлари ишлайдиган мактаблар биноларини мутлақ инқироздан сақлаб қолиш учун ҳар қили ўқувчилар ота-оналари ва ўқитувчилардан пул ундирилишини айтади.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги Интернет сайтида берилган маълумотларга кўра, 2010-2011 ўқув йилида мамлакатда 9779 мактаб фаолият юритган. Уларда жами 4.682.477 нафар ўқувчи тахсил олган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG