Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:27

Обама: АҚШ Ироқнинг кучли ҳамкори бўлиб қолади


АҚШ президенти Барак Обама Ироқ бош вазири Нури ал-Маликий билан 12 декабр куни Оқ Уйда учрашди.
АҚШ президенти Барак Обама Ироқ бош вазири Нури ал-Маликий билан 12 декабр куни Оқ Уйда учрашди.

АҚШ президенти Барак Обама Ироқдаги ҳарбий амалиётларнинг қарийб 9 йил деганда ниҳоясига етаётганини олқишлади.


Айни пайтда Обама АҚШ “жадал суръатларда ўзгараётган” минтақадаги ўзини қайта тиклаётган бу мамлакатнинг кучли ҳамкори бўлиб қолажагига ваъда берди.

АҚШга икки кунлик сафарини бошлаган Ироқ бош вазири Нури ал-Маликий билан ўтказган қўшма матбуот анжуманида қилган чиқиши чоғида президент Обама 31 декабргача Ироқдан чиқиб кетишга ҳозир турган АҚШ аскарлари учун шу кунларни “уйга қайтиш мавсуми”, деб атади.

- Яқин кунлар ичида Американинг энг сўнгги аскари шараф ва баланд кўтарилган бош билан Ироқ чегарасини кесиб чиқади. Бизнинг Ироқда қарийб 9 йил олиб борган урушимиз шу ойда якунланади, - деди Обама.

Жорий йил охирида Ироқдан АҚШнинг барча ҳарбийлари олиб чиқилади, бу мамлакатда фақат ҳарбий инструкторларгина қолади.

АҚШ ҳарбийларининг Ироқдаги ҳозирлигини 2011 йилнинг 31 декабрида тугатиш тўғрисидаги битим бундан 4 йил муқаддам - президент Жорж Буш даврида имзоланган эди. Бироқ ҳарбийларнинг айнан Обама ҳокимият тепасида турганида Ироқдан олиб чиқилишида ўзига хос рамзий маъно бор.

Ўз вақтида Иллинойс штатидан сенатор бўлган Обама урушга қарши позицияси билан танилган, унинг мамлакат олий лавозимига келиши ҳам қисман унинг урушга қарши чиқишлари натижаси бўлган эди.

Бугунги Ироқдаги ўзгаришларга баҳо берар экан, Обама бу мамлакатни “суверен, ўзига ишонган ва демократик” ўлкадир, деди.

АҚШ президенти фикрича, Ироқ “демократия қурмоқчи бўлган бошқалар учун модел бўла олади”.

Ироқдаги ўзгаришлар, Обама фикрича, америкалик ҳарбийлар тўккан қон ва сарфланган маблағлар зое кетмагани исботидир.

Ироқдаги ҳарбий амалиётлар авжига чиққан 2007 йили Ироқда тақрибан 170 000 АҚШ аскари бор эди. Шу кунда 6000 ҳарбий хизматчи қолган, холос.

2003 йилдан бошлаб Ироқда қарийб 40 давлат ҳарбийлари хизмат қилди ва америкалик бўлмаган сўнгги ҳарбий қўшилма жорий йил майида бу мамлакатни тарк этди.

Президент Обама АҚШ ва Ироқ ҳукуматлари муносабатларининг истиқболи тўғрисида ҳам сўзлади:

- Бугун бош вазир ва мен мамлакатларимиз ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорлик борасида қарашларимиз муштарак эканлигини таъкидламоқчимиз, - деди Барак Обама.

Ироқ бош вазири Нури ал-Маликий матбуот анжуманида қилган чиқиши давомида хавфсизликни таъминлаш, террорчиликка қарши кураш, ҳарбийларни ўқитиш ва таъминлаш, шунингдек, маориф ва соғлиқни сақлаш соҳаларида Бағдод Вашингтоннинг ёрдамига муҳтож эканлигини баён қилди.

АҚШ мудофаа вазирлиги бошқа ҳарбий-техникавий ёрдам қатори издан чиққан Ҳарбий-Ҳаво кучларини қайта тиклаши учун Ироққа F-16 ҳарбий учоқлари беражаги тўғрисида кеча эълон қилди.

Нури ал-Маликий Ироқнинг Вашингтонга сафар қилган катта делегациясига етакчилик қилмоқда. Делегация сафида ташқи ишлар вазири Ҳушёр Зебарий, мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Саадун ал-Дулаймий ҳамда транспорт ва савдо вазирлари бор.
XS
SM
MD
LG