Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:50

Туркияда муслималар масжидга жалб қилинмоқда


Истанбулдаги энг йирик Султон Аҳмад масждининг аёллар бўлмаси деярли ҳамиша гавжум.
Истанбулдаги энг йирик Султон Аҳмад масждининг аёллар бўлмаси деярли ҳамиша гавжум.

Аёл намозхонлар учун яратилган шароитни текшириш ниятида 30 гуруҳ Истанбул масжидларини кўздан кечирди.


Куни кеча Истанбул шаҳри бош имоми идорасининг махсус кўрсатмаси билан 30 дан ортиқ гуруҳ тузилгани ва шаҳардаги 3 мингдан ортиқ масжидда аёллар учун мавжуд шароитни текшириб чиққани айтилмоқда.

Истанбул шаҳридаги 3 мингдан ортиқ масжидни кўздан кечирган 30 дан ортиқ гуруҳ аксарият масжидларда аёллар учун шароитнинг оғирлиги, жумладан, иссиқ сувнинг йўқлиги, таҳоратхоналарнинг озода эмаслиги, айрим масжидларда эса аёллар бўлмаларининг иситилмаслиги аниқланган.

Шаҳар бош имоми идораси бундан мақсад аёлларнинг масжидга қатновини ошириш ҳамда аёл ва эркаклар ўртасидаги гендер тенглиги талабларига риоя қилиш эканини айтмоқда.

EurasiaNet.org сайти чоп этган мақолада айтилишича, Истанбул шаҳридаги дин пешволари Оллоҳнинг уйи саналмиш масжидга аёллар ҳам, эркаклар ҳам бирдек киришга ҳақли ва бунда ҳар икки тофаининг ҳақлари бирдек ҳимоя этилиши керак, деган ният билан ушбу тадбирни бошлаган.

13 миллионга яқин аҳолииси бўлган Истанбул шаҳрида, расмий
маълумотларга кўра, 3 минг 100 га яқин масжид бор ва уларнинг деярли барчасида аёллар бўлмаси ташкил қилинган.

Шу кунларда Туркияда истиқомат қилаётган ўзбеклардан бири Истанбул масжидларида аёллар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида сўзлар экан, аёллар учун беш маҳал намозни масжидда ўқишда муаммо йўқлигини айтади.

- Аëл ва эркаклар учун алоҳида таҳоратхоналар бор. Отопление мегаполис жойларда қилинган. Лекин сал чеккароқ жойларда унчалик яхши эмас. Иссиқ сув йўқ ҳақиқатан. Лекин, намоз учун алоҳида жойлар бор. Истанбулдаги ҳар бир мачитга қарасангиз, иккинчи қавати бор ва туркчалаб “аëллар учун” деб ëзиб қўйган, - дейди Истанбулда яшаётган ўзбеклардан бири.

Аммо, унинг кузатувларига кўра истанбуллик аёллар орасида масжидга қатновчилар сони озаймоқда.

- Мен ишлайдиган, яшайдиган жойларда одам кўп бўлгани учун намозга кирадиган аëллар ҳам кўп кузатилади. Энг катта масжит Султон Аҳмад масжити дейдиган бўлсак, аëллар кўп беш вақт намозлардаям. Лекин агар умумий қараладиган бўлса, европалашиш кўп кузатилади аëлларда. Ëпиқ аëллар кўзга камроқ ташланади. Очиқлик кўпроқда. Намозга қизиқиш ҳам шунга қарабда, - дейди шу кунларда Истанбулда истиқомат қилаётган ўзбеклардан бири Озодлик билан суҳбатда.

Бу кишининг яна қўшимча қилишича, Туркияда сўнгги йилларда аёлларнинг масжидга қатнови сустлашиб бораётгани боис, аксар масжидларда аёллар бўлмаси ҳувиллаб қолган.

EurasiaNet.org сайти чоп этган мақолада ҳам шаҳар масжидларида аёллар учун шароитни кўздан кечирган махсус гуруҳ аксар кичик масжидларда аёллар бўлмаларининг омборга айлантириб қўйилганини аниқлаган.

Ўзбекистонлик олима Мўътабар Аҳмедованинг айтишича, 1987 — 1992 йиллар оралиғида Ўзбекистондаги айрим йирик масжидларда ҳам аёллар учун бўлмалар ташкил қилинган ва аёллар фаол равишда масжидларга қатнай бошлаган эди.

- 1986-1990 йиллар бошларида совет даврида исломдан узоқ бўлганимиз учун имомларнинг маърузалари қулоқларига кирсин, шундан фойдалансин деган мазмунда аëллар учун ҳам намозхоналар очилган эди. 1987-1988 йилда мен ҳар жума намози учун имконим бўлиши билан Тошкентдан Намангандаги Гумбаз масжитига борардим. Иккинчи қават тўлиқ аëлларга ажратилган эди, - деб эслайди Мўътабар Аҳмедова.

Унга кўра, Тошкентдаги айрим йирик масжитлар — Хастимом, Тўхтабойвачча, Чуқурсой каби масжидларда ҳам аёллар учун махсус бўлмалар ташкил қилинган ва аёлларнинг фаоллиги оша бошлаган эди.

Аммо, 1992 йиллардан бундай йирик масжидларнинг имомларига ваҳҳобийлик айби қўйилиб, тазйиқлар бошланиши билан аёлларнинг масжидга қатнови тўхтаб қолган.

- Кейинчалик 2001 йилдами 2002 йилдами, ҳозир эсимда йўқ, аёллар мачитга қатнамасин, деган оғзаки буйруқ бўлган. Бу рўмол ўралмасин, деган нарса билан баробар чиққан эди. Бу расман айтилган эди, - дейди экан Мўътабар Аҳмедова.

Айни кезда Ўзбекистондаги масжидларда аёллар учун махсус бўлмалар ва алоҳида таҳоратхоналар борлиги кузатилмайди.

- Зарурат бўлиб қолса, бирорта масжидга кириб, бир бурчакда намоз ўқиб олиш мумкиндир. Аммо, жамоат йиғилган вақтда кириб бўлмайди, алоҳида эшик ҳам, жой ҳам йўқ, - дейди тошкентлик муслима аёл.

Республикада, ҳатто, эркакларнинг масжидга қатнови кескин камайиб кетган бир кезда аёлларнинг қатнови ҳақида гп ҳам бўлиши мумкин эмас, деб ҳисоблайди суҳбатдош.

Тошкентлик муслима аёл шу кунларда Истанбулда бошланган ислоҳотни қўллаб қувватлади.

- Бизда бошда намозларга бориб, маърузаларни тинглаш аёлларнинг қалбида иймонни кучайтиради, деб мақсад қилинган эди. Аёлларнинг қалбида иймоннинг кучайиши бевосита болаларга кўчади. Аёлларнинг ибодатли бўлиши келгуси фарзандларнинг ибодатли, иймонли бўлиши учун жуда муҳим, - дея хулоса қилади тошкентлик муслима Мўътабар Аҳмедова.
XS
SM
MD
LG