Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:20

ТАЛКО атрофида баҳс давом этмоқда


Ўзбекистон экоҳаракати вакиллари Тожикистон алюминий заводи расмийларини юзма-юз мулоқотдан қочаётганликда айблади.

13 декабр куни 12.uz cайтида босилган “Тожикистон алюминий заводи раҳбарлари ўзбек экологлари билан мулоқотдан қочмоқда” номли мақолада ёзилишича, ўзбек экологлари шу йил сентябр ва октябр ойларида ТАЛКО заводи раҳбарияти номига йўллаган мактубда заводнинг инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга таъсирини биргаликда ўрганишни таклиф қилган.

Ўзбек экологларининг бундай таклифни ўртага ташлашига шу йил сентябрида тожик расмийси Игор Саттаровнинг Озодлик радиоси тожик хизмати орқали эълон қилган баёноти мажбур қилган.

Эслатсак, ўшанда ТАЛКО заводининг ахборот-таҳлилий бўлими бошлиғи Игор Саттаров мамлакати ўзбекистонлик экологларни ҳар икки давлат ҳудудида атроф-муҳитни биргаликда текширувдан ўтказишга бир неча марта чорлаган, аммо чақириқлари экоҳаракат вакиллари томонидан эътиборсиз қолдирилганини таъкидлаганди.

Ўзбекистон Экологлар ҳаракати ижроия қўмитаси марказий кенгаши раиси муовини Саидрасул Сангинов мавзу юзасидан Озодликка гапиришдан тийилишини билдирди, аммо негалигини изоҳламади.

Аснода Игор Саттаров ўзбек экологлари илгари сураётган таклиф биргина ТАЛКО раҳбарлари даражасида ҳал қилинмаслигини таъкидлайди.

- Давлатлараро аҳамиятга эга бу масала ҳукуматнинг тегишли идоралари билан ҳал қилинганидан кейин у томонга аниқ жавоб берамиз. Ахир бу биргина ТАЛКО бошлиқлари билан ҳал бўлмайдиган масала-ку, - дер экан заводнинг ахборот-таҳлилий маркази бошлиғи Саттаров бу борада ортиқча изоҳдан тийилишини айтди.

ТАЛКОнинг инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга салбий таъсири атрофида Ўзбекистон экоҳаракати вакиллари билан завод масъуллари кўпдан буён баҳслашиб келадилар.

Ўзбекистон экологлар ҳаракати вакилларидаги маълумотларга кўра, Тожикистондаги алюминий заводи атмосферага 22 минг тоннадан ортиқ зарарли модда чиқармоқда ва улардан 120 тоннаси инсон саломатлиги ва табиат кушандаси саналган фторли водороддир. Бундай заҳарли чиқиндиларнинг атроф-муҳитга чиқарилишидан энг кўп 600 минг аҳоли яшаëтган Сурхондарë туманлари зиëн кўрмоқда экан.

Экоҳаракат вакиллари ТАЛКО ўзбекистонлик фуқароларга товон пули тўлашга масъул эканини уқтириб келади.

Жорий йил сентябр ойи бошларида Ўзбекистон экологик ҳаракати ТАЛКОнинг Ўзбекистон аҳолиси саломатлигига ва атроф-муҳитга етказаётган салбий таъсири ҳақида жамоатчилик норозилиги акс этган мурожаатномани БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига топширганди.

БМТга йўллаган мурожаатномага Сурхондарё вилоятининг Тожикистонга чегарадош туманларида истиқомат қилувчи аҳолининг тахминан 758 минг нафари имзо чеккани айтилган эди.

Бугун ўша мурожаатнома тақдири нима бўлгани билан қизиқдик.

- Ҳамма жойда тош-тарози бор, тартиб-қоида бор. Ўша тартиб-қоида асосида сиз Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациясидан ўтинг ва бизга мурожаат қилинг, биз бу саволларингизга юз фоиз жавоб берамиз, - деди Ўзбекистон Экологик ҳаракат масъулларидан бири Тожиддин Қамбаров.

Ўз навбатида, ўзбек экологларининг ўша мурожаатини сиёсийлашган мурожаат ўлароқ баҳолаган ТАЛКО расмийлари мазкур корхона ишлаб чиқариш фаолияти мунтазам назорат остида эканини ва унинг чиқиндилари эса меъёридан ортиқ эмаслигини таъкидлашдан чарчамаётир.

Тожик расмийларининг билдиришича, корхонадан чиқаётган чиқиндиларни камайтириш мақсадида 2010 йили ТАЛКО 6,5 миллион АҚШ долларидан кўпроқ маблағ сафрланган. Заводнинг 120 метрлик қувурларининг ҳаммасига чанг тозалагич филтрлар ўрнатилган ва ишлаб чиқариш цехларидаги ускуналар қисман замонавий ускуналарга алмаштирилган.

Бироқ жорий йил ёзида БМТ масъуллари Тожикистон алюминий заводи Ўзбекистон учун хавфли, деб топилганини билдирганди.
XS
SM
MD
LG