Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:14

Усмонов "Коммерсант" муҳаррирларини ишдан ҳайдади


Алишер Усмонов "Коммерсант"ни сотиб олаётганда берган ваъдасини бузди.
Алишер Усмонов "Коммерсант"ни сотиб олаётганда берган ваъдасини бузди.

Асли ўзбекистонлик рус олигархи ўзига қарашли “Коммерсант-Власть” журнали раҳбариятни ишдан бўшатишини нашр журналистларининг "майда безорилик"ка қўл ургани билан изоҳлади. Рус матбуотида катта шов-шувга сабаб бўлган истеъфоларга журналнинг сўнгги сонида Россия Бош вазири Владимир Путинни "таҳқирловчи" ва миллиардер Алишер Усмоновга ёқмаган фотосуратлар чоп этилгани сабаб бўлгани айтилмоқда.


“Коммерсант-Власть” журналининг 12 декабр кунги сони деярли тўлиқ Россияда 4 декабр куни ўтказилган парламент сайловларига бағишланди. Журналнинг “Победа единовбросов” (Якка қаллоблик ғалабаси - таҳр.) деб номланган бош мақоласи сайловларда кузатилган кўплаб қонунбузарлик ва қаллобликларга бағишланди.

Айрим маълумотларга кўра, "Коммерсантъ" холдинги хўжайини Алишер Усмонов жаҳли чиқишига журналда, унинг таъбирига кўра, Россия Бош вазири Владимир Путинни "таҳқирловчи" фотосуратлар сабаб бўлган.

“Бу материаллар майда безориликку”, дея изоҳлади Алишер Усмонов холдинг бош директори Андрей Галиев ва "Власть" журнали бош муҳаррири Максим Ковальскийни ишдан ҳайдаганини. Олигарх ҳатто Максим Ковалскийни судга бериш билан ҳам таҳдид қилди.

“Коммерсантъ” Нашриёт уйи бош директори Демьян Кудрявцев ишдан бўшаш тўғрисида ариза топширгани ҳам маълум бўлди. Ўзининг интернет блогида Кудрявцев журналнинг 49-сонида чоп этилган материаллар учун барча масъулиятни ўз зиммасига олди ва ўқувчилар ва ҳамкорлардан кечирим сўради.

Лекин “Эхо Москвы” радиосининг хабарига кўра, Кудрявцев истеъфоси Алишер Усмонов томонидан қабул қилинмаган.

Ишдан бўшатилган “Коммерсант-Власть” журнали бош муҳаррири Максим Ковальский Озодлик Радиоси билан суҳбатда нашрнинг асосий вазифаси раҳбарият эмас, балки журнал ўқувчилари манфаатларига хизмат қилишдир, дейди.

- Ҳаммаси Путинни “узоқроққа” жўнатаётган бюллетен фотосидан бошланди. Лондондаги элчихонада овоз берган сайловчилардан бири бюллетенда шундай ёзувни қолдирибди. Ундан ташқари у бюллетенда “Яблоко” партиясига овоз бериб, белги қўйган. Қонунга хилоф равишда бу бюллетен ҳақиқий деб ҳисобга олинмади. Биз бу қонунбузарлик ҳақида хабар бердик, холос. Билишимча, бу бир баҳона бўлди. Усмонов менинг ишдан бўшатилишимни олдиндан ҳал этиб бўлган эди. Демьян Кудрявцев эса кечирим сўраб албатта ўзининг шахсий фикрини билдирди, меники ўзгача, дейди Россияда энг нуфузли нашрлардан бири саналган “Коммерсант-Власть” журналининг собиқ бош муҳаррири Максим Ковальский.

Максим Ковальский айтаётган “Яблочный пуй” мақоласидаги шов-шувга сабаб бўлган фотосурат ҳозир олиб ташланган.

Қатор журналистлар уюшмалари нашриётнинг топ-менежерлари ишдан бўшатилганига салбий муносабат билдирмоқда.

Журналистларга босим ўтказилаётганини сиёсий сабаблар билан боғлаган Москва Журналистлар хартияси ва Россия Журналистлар иттифоқи Алишер Усмоновнинг бундай ҳатти-ҳаракатларини қоралади.

Россия Журналистлар иттифоқи раиси Всеволод Богданов Озодлик билан суҳбатда бундай жанжалнинг ўта принципиаллиги ва эркинлиги билан бошқа нашрлардан ажралиб турган “Коммерсант”да содир бўлаётганидан чуқур таассуф билдирди.

- Мен Алишер Усмонов ҳақида билганларимдан хулоса қилиб айтишим мумкинки, унинг буйруқ бериш имконияти чекланган. Лекин агарда ҳақиқатан журналистлар Усмонов талаби билан ишдан бўшатилган бўлса, бу ачинарли ҳол. Бошқа томондан, Россия сиёсати, бизнеси в ҳатто журналистикасида сўнгги пайтларда ягона “попса”, яъни ҳаётга бўлган енгил-елпи муносабат шаккланиб қолгани сезилмоқда. Ўз ишининг мутаҳассислари йўқолиб бормоқда. “Коммерсант” раҳбариятининг ишдан олиб ташланиши менга рекламадек туюляпти, ҳозир ҳамма фақат шу журнал ҳақида гапирадии, қизиқиш ортади. Лекин бундай сохта реклама бошқа журналистларнинг фаолиятига ўта салбий таъсир қилаётганини эсдан чиқармаслигимиз керак, дейди журналистлар иттифоқи раҳбари Всеволод Богданов.

Богданов жамиятнинг обрўли журналларидан бўлган “Коммерсант” эгаларига журналистларга босим қилмасликка, журналистларни эса ички назоратни кучайтиришга, яъни виждонли бўлишга чақирди.

“Коммерсант” Нашриёт уйи “Коммерсант” газетаси қошида 1989 йилда ташкил топган. 2006 йилда у россиялик миллиардер Алишер Усмонов томонидан сотиб олинган. Холдинг таркибига “Коммерсант” ва “Коммерсант-Украина” газеталари, “Власть”, “Деньги”, “Огонёк” журналлари, “Газета.ру” интернет нашри киради.

Парламент сайловларида кузатилган қонунбузарликлар ҳақида махсус лойиҳа чоп этган “Газета.ру” интернет нашри бош муҳаррирининг биринчи муовини Роман Баданин ҳам шу йилнинг декабр бошларида ишдан бўшатилган эди.
XS
SM
MD
LG