Линклар

logo-print

Келаси ҳафта Мсоквада ўтадиган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти саммитида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг қатнашиши кутилмоқда. Одатда бу ташкилот йиғинларини эътиборсиз қолдириб келган Тошкент раҳбарининг Москвага саммитида қатнашиши тўғрисидаги хабар Беларус президенти, КХШТ кенгаши раиси Александр Лукашенканинг Ўзбекистонни КХШТдан қувиш масаласини кўтарган пайтга тўғри келди.


Ислом Каримовнинг КХШТ кенгашининг навбатдаги учрашувида қатнашишга истак билдиргани, аниқроғи бундан бош тортиш нияти йўқлигини КХШТ матбуот котиби Владимир Зайниддинов тасдиқлади. Унинг Озодликка айтишича, “ҳар қалай, Каримовнинг саммитда қатнашмаслиги тўғрисида Тошкентадн билдиришнома олингани йўқ”.

Президент Каримов икки-уч йилдан бери, айниқса 2009 йилнинг февралида КХШТ доирасида тезкор кучларни тузишга доир шартномани “ўзгача фикри” иноабтга олиниши шарти билан имзолаганидан бери собиқ иттифоқнинг баъзи республикаларидан ибоарт бу ташкилот йиғинларини эътиборсиз қолдириб келади.

Каримовнинг 19-20 декабр кунлари Москвада ўтадиган саммитда лутфан қатнашиш нияти, таҳлилчилар фикрича, кейинги ойларда Беларус президенти ва Коллектив хавфсизлик кенгаши раиси Александар Лукашенканинг Ўзбекистонни КХШТдан қувиш ташаббуси билан шартлангандир.

Москвадаги Сиёсий конъюктура марказининг халқаро мноусабатлар бўйича эксперти Евгения Войконинг фикрича, Москва саммитида Каримов ўз мамлакатининг КХШТдаги истиқболларига оид муҳим баёнотлар қилишини кутиш мумкин.

- Александр Лукашенка Ўзбекистоннинг КХШТ доирасидаги дастурларда фаол иштирок этмаётгани важидан уни ташкилот аъзолигидан чиқариш масаласини кўтариши, менимча президент Ислом Каримовнинг бу саммитда иштирок этиш истагига туртки бўлган. Мавжуд салбий информацион фонда, менимча, Ўзбекистон раҳбарининг Беларус президенти эътирозларига жавобан, мазкур масалалар хусусида ўз позициясини аниқлаштириши ва муҳим баёнотлар қилишини тахмин қилиш мумкин, дейди россиялик таҳлилчи.

Бундан ташқари, дея қўшимча қилади Евгения Войко, Ўзбекистоннинг “сусткашлиги” КХШТ раҳбарияти, қолаверса Кремлда ҳам эътирозларга сабаб бўлиб келмоқда ва бу масала хусусида аниқлик киритиш фурсати келди.

КХШТ матбуот котиби Владимир Зайниддинов ҳозирча президент Каримовнинг одатдан ташқари чиқиш қилиши саммит кун тартибида кўзда тутилмаган, дейди.

- Лекин, КХШТ тартиб-қоидаларига кўра, Коллектив хавфсизлик кенгашига аъзо давлат раҳбарлари бу каби саммитларда ҳар қандай масала хусусида ўз позициясини, аввалдан огоҳлантирмасдан билдириш ҳуқуқига эга, дейди КХШТ расмийси.

Владимир Зайниддинов КХШТ кенгаши раиси Лукашенканинг Ўзбекистонни ташкилотдан ҳайдаш тўғрисидаги баёнотларини изоҳлашдан бош тортди, лекин Ўзбекистоннинг ташкилотдаги аъзолиги масаласи саммитда кўтарилмайди, дея ишонтирди Озодлик билан суҳбатда.

- Ташкилотнинг барча аъзолари қандай ишлаган бўлса, шундай ишлашда давом этмоқда. Ўзбекистон вакиллари ташкилотнинг барча органларида ишларини давом эттирмоқда. Улар билан яқинда саммит кун тартибини келишиб олдик. Ўзбекистонни ташкилотдан ҳайдаш ёки унинг КХШТдаги аъзолигига доир масала кўтарилгани йўқ, деди КХШТ матбуот вакили.

Сиёсий шарҳловчилар фикрича, бугун мавжуд вазиятда, Ўзбекистон АҚШ ва НАТО билан муносабатларни қуюқлаштираётганига қарамасдан, на Тошкент ва на Москва Ўзбекистоннинг КХШТдаги аъзолигини тугатишдан манфаатдор эмас.

- Бунга, албатта, нафақат Марказий Осиё, балки Россия учун ҳам бошоғриқ бўлиб қолаётган террорчилик таҳдидини мисол қилиш мумкин. Афғонистонда кучайиб бораётган таҳликали вазият у ердан келаётган террор таҳдиди нафақат бевосита чегарадош Ўзбекистон ва Тожикистон, Россия учун ҳам катта хавф туғдиради. Бундан ташқари наркотиклар муаммоси ҳам Россия ва бутун минтақа учун энг катта муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Шунингдек, исломлашиш, яъни радикал Ислом таҳдиди ҳам кўпчиликни ташвишга солаётгани сир эмас, дейди Сиёсий конъюктура марказининг халқаро мноусабатлар бўйича эксперти Евгения Войко.

КХШТнинг навбатдаги саммити 19-20 декабр кунлари Москвада бўлиб ўтади. Президент Каримов табиатидан келиб чиқилса, ундан кутилагн баёнотлар ёки қандайдир жиддий қарорларни қабул қилмасдан ҳам қайтиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмаслик керак, демоқда кузатувчилар. Бундан ташқари аввалги тажриба, Тошкент раҳбарининг сўнгги дақиқада саммитни яна эътиборсиз қолдириши мумкин, деган тахминларга ҳам туртки бўлмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG