Линклар

logo-print

Миллиардер Прохоров Путинга ҳарифми ё тиргак?


Россиялик миллиардер Михаил Прохоров 2012 йил март ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловига номзод сифатида қатнашиш ниятида эканини билдирди.

Россиялик миллиардер Михаил Прохоров 2012 йил март ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловига номзод сифатида қатнашиш ниятида эканини билдирди.

Россиялик миллиардер Михаил Прохоровнинг келаси йил баҳорда ўтадиган президентлик сайловига ўз номзодини қўяжаги тўғрисидаги баёноти Россияда шов-шув уйғотди.

Кузатувчиларнинг боши қотган: миллиардер Путинга ҳариф бўладими ёки тиргак?

Прохоровнинг баёноти Россия жамоатчилиги учун кутилмаган баёнот бўлди. У ўз режасини эълон қилганидан бир соат ўтиб-ўтмаёқ блогерлар миллиардерни Кремл қўлидаги қўғирчоққа чиқариб қўйди: Прохоров Путинга тиргак бўлмоқчи.

Миллиардер 12 декабр куни журналистлар олдида қилган чиқиши чоғида сайловга кирар экан, ёшлар орасидаги ўртаҳоллар синфига таянажаги тўғрисида гапирди.

- Мен ўз ҳаётимдаги энг жиддий қарорни қабул қилдим. Мен президент сайловига қатнашаман. Эсингизда бўлса, Кремл мени ва менинг сафдошларимни “Правое дело” партиясидан четлатган. Ва биз кўнглимиздаги ишларни амалга ошира олмадик. Бошлаб қўйган ишимни ташлаб кетадиган одам эмасман, - деди Михаил Прохоров.

Россиялик сиёсатшунос Марина Литвиновичнинг фикрича, Прохоровнинг “Правое дело” партияси туфайли Кремлга бўлган “арази” жамоатчилик фикрини чалғитиш учун қилинган ўйин, холос.

10 декабр куни Москванинг Болотная майдонида бўлиб ўтган кўп минг кишилик норозилик митингини назарда тутар экан, Литвинович ўз блогида Прохоровнинг ўз номзодини илгари суриши Болотная майдони потенциалини қўлга олиш учун Кремл қилаётган ҳаракатдир, деб ёзди.

Литвинович каби скептиклар сиёсат билан “ўйнашган” Ходорковскийнинг кўргиликларини жамоатчилик ёдига солмоқда. Уларнинг фикрича, Прохоровнинг 18 миллиард долларлик маблағи Кремл билан ўйнашиб, гардкамга тикадиган бойлик эмасдир.

Бироқ “Панорама” тадқиқот маркази директори Владимир Прибиловский фикрича, ҳозирча хулоса қилишга эрта.

- Аниқ бир нарса деб юбориш қийин. Агар у номзод сифатида рўйхатга олинса, демак, у чиндан ҳам Сурковнинг рухсати билан ўйинга кираётган бўлиб чиқади. Агар рўйхатга олинмаса, демак, бу иш Прохоровнинг ўзидан чиққан ташаббус бўлади, - деди Прибиловский.

Владислав Сурков – Россия президенти маъмурияти бошлиғининг биринчи ўринбосари – Кремлнинг норасмий идеологи ҳисобланади.

Сиёсатшунос Дмитрий Орлов Прохоровнинг Сурков билан маслаҳатлашиб ёки унинг кўрсатмаси-топшириғига биноан иш кўраётганига ишонмайди. Унинг айтишича, Прохоровнинг Сурков билан ўзаро муносабатлари ўта ёмондир.

“Правое дело” партиясининг собиқ ҳамраиси Леонид Гозман эса қуйидагича фикр билдирди.

- Агар Прохоров сайловга Кремл билан келишиб отланган бўлса, бир нарсадан умид қилишга ҳожат йўқ. Жамоатчиликни алдашга уринишнинг кераги йўқ. Прохоров ҳассасини яна бир марта йўқотишдан эҳтиёт бўлади, деб умид қиламан. Лекин қўлидан келармикан? Номзод сифатида рўйхатдан ўтиш учун 2 миллион сайловчининг имзосини йиғишга унинг ҳам ташкилий, ҳам молиявий имкониятлари етарли. Бироқ муҳими бу эмас. Муҳими шуки, у сайлов кампаниясини шиддат билан олиб бора оладими, Болотная ва мамлакатнинг бошқа майдонларида йиғилган норозилик потенциалини бир жойга тўплай биладими, режимга реал қарши чиқа оладиган номзод бўла оладими? Бўла олса, унинг президент бўлиш шанси бор, - деди Леонид Гозман.
XS
SM
MD
LG