Линклар

Қирғиз қамоқларида маҳбуслар очлик эълон қилишди


Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун парламентнинг собиқ спикери жиноят олами билан алоқадор эканига шубҳа қилмаслигини билдирди.

Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун парламентнинг собиқ спикери жиноят олами билан алоқадор эканига шубҳа қилмаслигини билдирди.

Қирғизистондаги қамоқхоналарда маҳбусларнинг очлик эълон қилгани Ахматбек Келдибековнинг парламент спикери лавозимидан истеъфо бергани билан боғланмоқда.

Бишкек ва унинг атрофидаги 7 та қамоқхонада сақланаётган маҳбуслар 13 декабрда тушки овқатланишдан бош тортиб, очлик эълон қилганлар. Бу ҳақда Қирғизистон жазони ўташ бош бошқармаси 14 декабр куни маълум қилди.

- Маҳбуслар яшаш шароитини, озиқ-овқат ва керакли жиҳозлар билан таъминлашни яхшилаш каби уч талабни қўймоқда. Аслида қамоқдаги шароитни ҳисобга олганда, бу талаблар асоссиз. Бизнингча, маҳбусларга очлик эълон қилиш ҳақида ташқаридан кўрсатма бўлган, -деди Жазони ўташ бош бошқармаси матбуот котиби Жўлдўшбек Бузурманқулов.

Унга кўра, айни пайтда маҳбуслар орасида тушинтириш ишлари олиб борилмоқда. Бузурманқулов маҳбусларга нисбатан куч қўлланилмаслигини ҳам билдирди.

Айни пайтда Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун маҳбуслар очлик эълон қилган қамоқхоналарда бўлганини айтди. У Бишкек яқинидаги 31-сонли қамоқхонада сақланаётганлар сиёсий талабларни қўйгани ҳақида гапирди.

- Қамоқхонадаги шароит қониқарли даражада. 31-қамқохонадаги маҳбуслар Ахматбек Келдибековнинг парламент спикери лавозимига қайта тикланишини талаб қилишмоқда. Бу қамоқхонада уюшган жиноий гуруҳларнинг аъзолари сақланади. Бу эса Ахматбек Келдибековнинг уюшган жиноий гуруҳлар билан алоқада эканига исбот бўла олади, -деди Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун.

Бироқ Жазони ўташ бош бошқармаси расмийлари маҳбусларнинг сиёсий талабларидан бехабар эканликарини айтишмоқда.

- Менда бундай маълумот йўқ. Маҳбуслар нега бундай талабни қўйишаётганини улар билан суҳбатлашган Турсунбек Акун изоҳлаб бериши керак. Айни пайтда биз бу йўналишда текширув олиб бораяпмиз, -деди Жазони ўташ бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Калибек Качқиналиев.

Мухолифатдаги “Ата Мекен” партияси 30 ноябрда парламент спикери Ахматбек Келдибековни уюшган жиноий гуруҳлар билан алоқадорликда айблаб чиққан эди. 7 декбар куни бу баёнот юзасидан парламентдаги 5 та фракция аъзоларидан иборат махсус комиссия ташкил этилган.

Махсус комиссия 12 декабр куни “Ата Мекен” партияси билдирган иддаолар асосли эканини очиқлаган. Шундан сўнг 12 декабр куни 10 соатга чўзилган парламент йиғинидан сўнг Ахматбек Келдибеков ўз ихтиёри билан истеъфога чиққанини эълон қилган эди.

Ахматбек Келдибеков ўзига нисбатан билдирилаётган айбловлар тухмат эканини ҳам билдирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG