Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:07

Плотина ва Горний электрсиз қолди


Тожик расмийлари Плотина ва Горний шаҳарчаларида яшовчи ўзбекистонликларнинг Тожикистон фуқаролигини олиши ва Ўзбекистонга тегишли муассасаю давлат идоралари Ўзбекистонга кўчирилиши шартлигини айтмоқдалар.
Тожик расмийлари Плотина ва Горний шаҳарчаларида яшовчи ўзбекистонликларнинг Тожикистон фуқаролигини олиши ва Ўзбекистонга тегишли муассасаю давлат идоралари Ўзбекистонга кўчирилиши шартлигини айтмоқдалар.

Тожикистоннинг Спитамен туманига қарашли Плотина ва Горний шаҳарчасида яшаб турган 2500 чоғли ўзбекистонлик ва тожикистонлик фуқаро бир ойдан буён электр таъминотидан тамоман узилиб қолди.

Тожикистон ҳудуди саналган бу шаҳарчалар асосан Ўзбекистон суви, табиий гази ва электри билан таъминлаб туриларди.

Ўзбекистон ҳукумат расмийлари бу узилишнинг сабабини чегараолди ҳудудидаги кичик ГЭСда авария содир бўлгани билан изоҳлаганлар.

Ўзбекистонликлар Тожикистон фуқаролигини олишлари мажбурий...ми?

Шаҳар типидаги Плотина посёлкасида, расмий маълумотларга кўра, Тожикистон фуқароларидан иборат 140 оила ва Ўзбекистон фуқароларидан иборат 288 оила истиқомат қилади. Горнийда эса Ўзбекистон фуқароларидан иборат 121 оила ва Тожикистон фуқароларидан иборат 70 оила яшайди.

Совет Иттифоқи давридан буён Тожикистон ерида яшаб келаётган ана шу оилаларни Ўзбекистон доимий газ, сув ва электр билан таъминлаб келади.

Спитамен туман ҳокими муовини Ҳофизи Умеджон Ҳайдарзоданинг Озодликка маълум қилишича, ўша замонларда Бекобод шаҳридаги металл заводида ишлаган аксарият тожикистонликлар ишдан ҳайдалмаслик мақсадида Ўзбекистон фуқаролигини олган.

- Ер бизнинг еримиз, лекин бу ҳудуд аҳолисининг аксарияти Ўзбекистон фуқаролари саналади. Улар Тожикистон ерида туғилиб-ўсган бўлишига қарамай, Ўзбекистон паспортини олган. Мустақиллик йилларигача чегараларда муаммо бўлмагани сабабли чегараолди ҳудудларда яшовчи аҳоли бемалол Ўзбекистон корхоналарида ишлаб қайтган. Кейинчалик улар ишдан ҳайдалишдан қўрқиб, Ўзбекистон паспортини олган, деди Спитамен туман ҳукумати расмийси Ҳайдарзода.

Бугунги кунда, Ҳайдарзоданинг билдиришича, Плотина ва Горний маҳаллалари аҳолисининг аксариятини ўзбекистонлик фуқаролар ташкил қилади.

Бу ҳудудда Ўзбекистон Республикасига тегишли битта мактаб, маҳалла қўмитаси, тиббий хизмат кўрсатиш пункти фаолият юритади. Фуқаролар Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудида бемалол, визасиз ҳаракат қилиш ҳуқуқига эга.

- Энди замон ҳам, талаб ҳам ўзгариб бораяпти, - дея қўшимча қилди тожик расмийси Ҳайдарзода, - халқаро меъёрлар талабига кўра, Тожикистон ерида яшаётган бу фуқаролар Тожикистон фуқаролигини олиши ва Ўзбекистонга тегишли муассасалар ва давлат идоралари Ўзбекистонга кўчирилиши шарт.

Плотина ва Горний шаҳарчасининг зулматда қолишидан ким манфаатдор?

Ҳайдарзода Тожикистонда бу масала куннинг асосий мавзуси эканини ва ҳукумат вакиллари билан учрашувлардан кейин ўзбекистонлик 32 нафар фуқаро Тожикистон фуқаролигини олиш учун Спитамен туман ҳукуматига ариза ташлаганини маълум қилди.

Тожик расмийсига кўра, ўзбекистонлик фуқароларнинг бу қарори Тошкентнинг ғашига теккан ва бунинг оқибатида Плотина ҳамда Горний шаҳарчаларида бир вақтнинг ўзида сув, табиий газ ва электр таъминоти тўхтатилган.

- Ўзбекистон томони фуқаролар қарздор бўлгани учун шундай қилинганини айтади. Лекин бунинг замирида сиёсий мотивлар бор. Улар шу йўл билан вазиятни издан чиқариб, шу баҳонада Плотина масаласини ўз фойдасига ҳал қилмоқчи. “Плотина шаҳарчаси Ўзбекистон ихтиёрига берилиши” анчадан бери талаб қилиб келинади. Бугун электр, сув ва газнинг берилмаётгани ҳам ана шу важдан, - дейди Спитамен туман ҳукумати расмийси Ҳайдарзода.

Тожикистоннинг Ўзбекистон билан шимолий чегарасида Иккинчи жаҳон уруши йиллари қурилиб ишга туширилган Фарҳод ГЭСи икки қўшни давлат ўртасидаги баҳсга сабаб бўлиб келаëтган йирик объектдир.

Оддий фуқаролар катта сиёсат қурбони бўлмоқда

Аснода Спитамен туманига қарашли Қўштегирмон қишлоқ кенгаши раиси Шавкат Қодиров Плотина ва Горний шаҳарчаларида электр, сув ва газ таъминотининг узилиб қолишига техник носозликлар сабаб эканини айтади.

- Ўзбекистон ҳукумати ҳеч қандай қаршилик қилгани йўқ. Бу давлат томонидан бўлаётган муаммо эмас-да. Буни ҳеч ким атайлаб бузмаган, халқ бузмаган. Бу энди технический характерга эга, унинг (ГЭС трубиналари назарда тутилаяпти - таҳр.) бузилиши шу пайтга тўғри келган. Шу кунгача бунда муаммо бўлмаган. Аксинча, бу муаммо ечими учун Ўзбекистон томони биз билан ҳамкорлик қилаяпти, - деди Қўштегирмон қишлоқ кенгаши раиси Қодиров.

Унинг айтишича, бу йилги қиш мавсумида иссиқликсиз ва ёруғликсиз қолган Плотина ва Горний шаҳарчалари аҳолиси - хоҳ у ўзбекистонлик бўлсин, хоҳ тожикистонлик - Ўзбекистон ҳукумати томонидан каттагина моддий ёрдам олиб турибди.

Суҳбат сўнгида Қўштегирмон қишлоқ кенгаши раиси Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида кўп ҳолларда техник ҳолатлар сабабли юзага келаётган муаммоларга сиёсий тус берилиши ортидан оддий халқ оғир аҳволга тушиб, баъзида сиёсат қурбонларига айланиб қолаётганларини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG