Линклар

logo-print

Ўзбекистон қарори Тожикистондаги тақчилликка сабаб бўлиши мумкин


БМТ қошидаги Жаҳон озиқ-овқат дастурининг Тожикистондаги ваколатхонаси директори Алзира Феррейра Ўзбекистон ҳукуматининг ўз ҳудудидан ўтувчи Тожикистон поездлари йўлини ëпиқ қолдираëтгани бу мамлакатда озиқ-овқат тақчиллигига сабаб бўлишидан огоҳлантирди.

БМТ расмийсига кўра¸ Ўзбекистон ҳукумати ҳатто Тожикистонга гуманитар ëрдам сифатида юборилаëтган озиқ-овқат моллари ортилган поездларни ҳам ўтказмаëтир.

Феррейра¸ ҳозирда Тожикистонга Жаҳон озиқ-овқат дастури доирасида юборилган 23 поезднинг Ўзбекистон ҳудудида ушлаб турилаëтганини таъкидлади.

БМТнинг мазкур дастури Тожикистон жанубидаги Хатлон вилоятида жойлашган 500 мингга яқин аҳоли ва 2000 га яқин мактабга гуманитар ëрдам кўрсатиб келмоқда. Асосан озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат бу ëрдамнинг Ўзбекистон томонидан ўтказилмаëтгани оқибатида¸ Алзира Феррейрага кўра¸ борган сари кўпроқ тожикистонликлар энг асосий истеъмол маҳсулотларидан ҳам мосуво бўлмоқда.

Тожикистондан қилинаëтган бундай баëнотларга жавобанЎзбекистон расмийлари тожик поездлари ўтувчи йўлнинг Ғалаба-Амузанг бўлагида юз берган портлаш оқибатида темир йўлга еткизилган шикастнинг ҳамон тузатилмаганини айтмоқда.

Ҳозирча таъмир ишларининг қачон тугатилишига оид бирор аниқ маълумот берилмаëтир.
XS
SM
MD
LG