Линклар

Кучмага қарши қўзғатилган жиноий иш ëпилди


Украина собиқ президенти Леонид Кучма.

Украина собиқ президенти Леонид Кучма.

Украина маҳкамаси мамлакат собиқ президенти Леонид Кучмага қўйилган Георгий Гонгадзени ўлдиришга алоқадорлик айбини олиб ташлади.

14 декабр куни Киев шаҳар Печерский туман суди Украина собиқ президенти Леонид Кучмага нисбатан қўйилган жиддий айбловни асоссиз деб топди.

Собиқ президент 2000 йил сентябрида номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилган Гонгадзени ўлдириш ҳақида махфий хизмат ходимларига яширин буйруқ берганликда айбланаëтган эди. Кўп ўтмай Гонгадзенинг парчаланган танаси Киев яқинидаги ўрмондан топилган эди.

Украинадаги таниқли суриштирув журналисти Гонгадзе 1994-2005 йилларда мамлакатга президентлик қилган Леонид Кучманинг кескин танқидчиларидан бири эди.

Халқаро майдонда кенг шов-шувга сабаб бўлган Гонгадзенинг ўлимини тафтиш қилаëтган Украина прокуратураси жорий йил март ойида Кучмага қарши мазкур қотилликка алоқадорлик айби билан жиноий иш қўзғаган эди. 72 яшар Кучма бу айбни инкор қилиб келаëтган эди.

Кучманинг қотиликка алоқадорлиги иддаосини қувватлаган далил унинг Гонгадзени йўқотиш ҳақида буйруқ бергани ëзиб олинган махфий телефон суҳбати эди. Бу суҳбатни унинг собиқ тан қўриқчиси Микола Мелниченко Кучманинг қотилликка алоқдорлигини тасдиқловчи далил сифатида тақдим қилган.

Жорий йилнинг 20 октябр куни Украина Олий суди ноқонуний тарзда ëзиб олинган телефон суҳбатларидан тергов ва суд жараëнида далил сифатида фойдаланишни ноқонуний деб топди ва 14 декабр кунги Печерский суди ана шу асосда Кучмага қарши ишлатилаëтган асосий далилни пучга чиқарди.

Кучма адвокати Виктор Петруненконинг журналистларга айтишича¸ собиқ президентнинг Гонгадзенинг ўлдирилишига алоқадорлигига оид иддаони қувватловчи далиллар етарли бўлмагани боис¸ унга қўйилаëтган айб олиб ташланган.

- Биз бугунги суд ҳукмидан қониқиш ҳосил қилдик. Чунки суд қарори қонунга асосланган. Леонид Кучманинг Георгий Гонгадзенинг фожеий ўлимига алоқаси йўқлиги борасида ишончимиз комил. Шу боис¸ Украина Бош прокурори ўринбосарининг унга қарши жиноий иш қўзғаши учун етарли асос бўлмаганини яхши билардик¸ деди Печерский туман суди қарорини олқишлаган Кучма адвокати.

Айни пайтда¸ Кучмага нисбатан очилган жиноий ишнинг тўхтатилиши Георгий Гонгадзенинг ҳозирда АҚШда яшаëтган беваси Мирослава ва бошқа яқинлари томонидан норозилик билан қарши олинди. Мирослава Гонгадзега адвокатлик қилаëтган Валентина Теличенко¸ ўз мижози туман суди қарори устидан юқори инстанцияга шикоят ариза йўллашини билдирди.

- Суд қарори қонунга зид ва мен Мирослава Гонгадзенинг ҳуқуқий вакили сифатида бу қарор юзасидан аппеляция шикояти топшираман¸ деди адвокат Теличенко.

Украина ва халқаро майдонда собиқ президент Леонид Кучманинг Георгий Гонгадзе ўлимига алоқадорлигига оид гумонлар кенг тарқалганига қарамай¸ ҳозирча бу алоқадорликни қувватлайдиган далиллар кўп эмас.

Олий суд қарорига қадар¸ асосий далил бўлиб келган Мелниченко тақдим этган аудиоëзувларда Кучма экани даъво қилинган шахс юқори даражали хавфсизлик ходимига Гонгадзени бир ëқлик қилиш ҳақида буйруқ бергани акс этган.

Бу махфий суҳбатни Кучмага қарши ашëвий далил сифатида ишлатган Украина Бош прокуратураси Кучмага қарши ўз ваколатини суистеъмол қилиш айби бўйича жиноий иш қўзғаган эди.

Шу йил сентябр ойида Кучма даврида Ички ишлар вазирлигининг юқори даражали офицери бўлиб ишлаган Олексий Пукач ўз устидан ўтказилган маҳкамада Гонгадзени ўлдириш ҳақида президент Кучма¸ президент маъмуриятининг собиқ раҳбари¸ ҳозирда парламент раиси Володимир Литвин ва ўшандаги Ички ишлар вазири Юрий Кравченколар буйруқ берганини айтган эди.

Кравченко 2005 йилнинг март ойида ўз дачасидан ўлик ҳолда топилган ва расмийлар буни ўз жонига қасд қилиш сифатида тақдим этганига қарамай¸ собиқ Ички ишлар вазирининг ўлими жамоатчилик ичидаги шубҳаларни кучайтирмай қолмаган эди.
XS
SM
MD
LG