Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:54

Қозондан ўзбекистонлик тиланчилар ҳайдалмоқда


Декабр бошида Қозонда ўзбекистонлик 6 ёшли тиланчи қизалоқ машина тагида ҳалок бўлди.
Декабр бошида Қозонда ўзбекистонлик 6 ёшли тиланчи қизалоқ машина тагида ҳалок бўлди.

Татаристон пойтахти Қозон шаҳри марказий-осиёлик тиланчи лўлилардан тозаланмоқда. Лўлиларни шаҳардан чиқариб юбориш ҳаракатлари 5 декабр куни автомобил остида ўзбекистонлик 6 яшар қизчанинг халок бўлганидан сўнг авж олгани айтилмоқда.


Қозон ҳокимияти 2013 йилда бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон Ёзги Универсиада олдидан шаҳарни тиланчи лўлилардан “тозалаш” ишларини бошлагани айтилмоқда.

Татаристон пойтахти кўчаларидан гадойларни йўқотишда Қозон шаҳар ҳокими Илсур Метшиннинг шахсан ўзи қатнашмоқда.

“Марказий-осиёлик тиланчилар Қозонни айланиб ўтсинлар!”, деган талабни қўйди Қозон мэри шаҳарнинг ҳуқуқ-тартибот ва миграция идоралари раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашув чоғида.

- Биз меҳмондўст шаҳармиз, лекин тиланчилар бизнесига на метрода ва на кўчаларда йўл қўйилиши керак. Мен буни сизлардан илтимос қилаётганим йўқ – талаб қиляпман. Уларни йиғинг, ким ишлашни хоҳласа – имкон беринг, йўқ деганларни биздан иқлими юмшоқроқ жойларга жўнатиб юборинг. Бу ишни Универсиада бошланишини кутмасдан бугун бошлашингизни талаб қиламан, деди Қозон шаҳар ҳокими Илсур Метшин.

Қозон Ички ишлар бошқармаси раҳбари Рустем Қодиров шаҳар мэрининг талаби бажариш учун Қозонда фаол иш олиб борилаётгани ва аллақачон кўпчилигини ўзбекистонлик лўлилар ташкил этган бир гуруҳ тиланчилар ҳибсга олинганини маълум қилди.

- Биз бу йўналишда ишимизни жадаллаштирдик: масалан, охирги 4 кун ичида 36 фуқаро ҳибсга олинди, улардан 32 таси вояга етмаган шахс эканлиги аниқланди. Содда қилиб айтсам, болалар тиланчилик қилишга кўчага чиқариляпти. Ҳозирда бу болалар Вақтинчалик сақлаш марказига жойлаштириляпти. Тиланчиликка қарши курашни авж олдирамиз, дея ҳисобот берди Қозон полицияси раҳбари Рустем Қодиров.

Қодиров шунингдек, сўнгги бир неча ой давомида Қозон шаҳрида гадойлик ва лўлиларнинг фуқароларга тегажоғлик қилиши билан боғлиқ қонунбузарликлар қайд этилганини ҳам қўшимча қилди.

Қозонни тиланчи лўлилардан ҳалос қилиш амалиёти, айниқса, 5 декабр куни Левобулачний кўчасида машина босиб кетган 6 яшар лўли қизчанинг ўлимидан кейин кучайтирилди. Қозон ИИБси бошлиғи Рустем Қодиров ўзбекистонлик бу қизчанинг онасига нисбатан жиноий иш очилганини маълум қилди.

Россия қонунчилигига кўра, “вояга етмаган шахсни тарбиялаш билан боғлиқ мажбуриятларни бажармаганлик”да айбланаётган бу лўли-аёл 3 йилгача қамоқ жазосига тортилиши мумкин. Бироқ шаҳар полициясидан олинган маълумотларга кўра, уни Россиядан депортация қилиш учун ҳужжатлар тайёрланмоқда.

Шаҳарнинг ахлоқий ва маданий кўринишига салбий таъсир этаётгани айтилаётган лўлилар жамоалари билан боғлиқ ишларга Татаристон Ўзбеклар миллий-маданий ташкилоти ҳам жалб қилинди.

Татаристондаги Ўзбеклар жамияти раиси асли анжидонлик Абдуманноб Абдусатторов марказий-осиёлик гадой ва тиламчиларга қарши рейдлар айниқса октябр-ноябр ойларида кучайтирилди, дейди.

- Мен бунда ўзим ҳам иштирок этдим. Мен бу ерда 12 йилдан бери маданий марказ бошлиғиман. Лўлилар кўпайиб кетганида рейд қила бошладик. Миграция хизмати билан бирга 20-30 тадан болаларини қўйиб юборган лўлиларни тўплаб, мажлис ўтказдик. “Илтимос, ўзларинг чиқсаларинг чиқ, болалар чиқмасин. Болаларни эксплуатация қилманглар, акс ҳолда шаҳардан, республикадан чиқариб юборишимизга тўғри келади”, дедик. Яшаётган баракларига бориб гаплашдик. Улар аварийний уйларда тўп-тўп бўлиб ноқонуний жойлашиб олган-да. Жами 150 тача оила бор лўлиларнинг бу ерда. Ҳар бир оилада иккитадан боласи бўлса ҳисоблаб олаверинг, дейди Абдуманноб Абдусатторов.

Қозон ўзбеклари жамияти раҳбари лўлилар билан олиб борилган тушунтириш ишлари натижа бермади, дейди. Абдусаттор ака 5 декабр куни 6 ёшли лўли қизчани машина босиб кетганидан кейин, шаҳар идораларининг ҳам тоқати тоғ бўлди, дея давом этади.

- Бу қизча Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти, Денов туманидан. У светофорда турган. Тўплаган тангаси тўкилиб кетган ерга. Пробкада машиналар турган бўлган. Шу тангани оламан деб жип машинасини олдига ўтган. Шофёр умуман кўрмаган ва қизча танга тераётганда секин юрворган ва босиб кетган. Бу ерда шов-шув бўлиб кетди! Кейин қабул қилиндики, янги йилгача улардан шаҳарни тозалаш. Ўзлари чиқиб кетса – кетди, бўлмаса депортация қилинади, дейди Абдуманноб Абдусатторов.

Бу амалиётлар давомида ҳибсга олинганлар фақат суд қарори билан депортация қилиниши, вақтинчалик сақлаш марказига жойлаштирилган болалар эса бевосита аэропортда мамлакатдан депортация қлинаётган ота-оналарга топширилишини ҳам қўшимча қилди Абдусатторов.

Татаристон Ўзбеклар миллий-маданий мухторияти ташкилоти раисининг Озодликка билдиришича, бугунги кунда Қозонда нафақат тиланчи лўлилар, балки оддий меҳнат муҳожирлари сони ҳам кўпайиб бормоқда. У Татаристон мигрантларининг 41 фоизидан кўпроғини ўзбекистонликлар ташкил этишини айтиб, 2011 йилнинг ўзида республикага 39 мингдан зиёд ўзбекистонликлар расман кириб келганини маълум қилди.

“Бу борларидан ташқари. Ноқонуний юрганлар билан ўзбеклар жами 100 мингтага бориб қолади”, дея қўшимча қилди ўзбеклар жамияти фаоли.
XS
SM
MD
LG