Линклар

Душанбедан икки қирғизистонлик экстрадиция қилинди

  • Гулнора Равшан

Қирғизистон президенти маъмуриятининг собиқ раҳбари Медет Садирқулов ўлимида гумонланиб, халқаро қидирувда бўлган қирғизистонлик Қадирбек Дўсўнов ва унинг шериги Садиқ Бўрбуев 14 декабр куни Бишкек ихтиёрига топширилди.

Бу борада Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг матбуот хизмати масъули Нусратуллоҳ Саидов бугун Озодликка маълум қилди.

- Қирғизистон Республикасининг бир муддат ҳибсда сақланган икки фуқароси - Садиқ Бўрбуев ва Қадирбек Дўсўновни республика ички ишлар вазирлигининг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ходимлари Душанбе аэропортидан Қирғизистонга жўнатиб юборди, - деди вазирлик масъули Саидов.

Шу йил 14 сентябрида Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Душанбе шаҳрининг Сино туманида ўтказилган бир амалиёт чоғида ташландиқ бино ертўласига яширинган уч киши ҳибсга олинганини билдирганди.

Дастлабки тергов чоғида улар Қирғизистон фуқаролари Қадирбек Дўсўнов, Чингиз Жумағулов ва Мирлан Шақулиев экани маълум бўлгани айтилди.

Тожикистон миллий хавфсизлик хизматидан олинган маълумотларга кўра, Душанбеда қўлга олинган қирғиз фуқаролари бир муддат Бирлашган Араб Амирликларида яшириниб юрган, кейинроқ эса Афғонистон орқали Душанбега ўтган бўлган. Аммо 14 декабр куни Бишкек ихтиёрига топширилгани айтилаётган яна бир жиноятчи - Садиқ Бўрбуев ҳақида бирорта аниқ маълумотга эга эмасмиз.

Аснода Қирғизистон Бош прокуратураси матбуот котиби Талант Қўнўқбаев ҳам Бўрбуев ва Дўсўновнинг у томонга экстрадиция қилинганини тасдиқлади.

- Дарҳақиқат, кеча Қадирбек Дўсўнов ва унинг шериги Садиқ Бўрбуев Тожикистондан бу томонга экстрадиция қилинди, - дер экан қирғиз расмийси Қўнўқбаев жиноятчиларнинг кейинги тақдири ҳақидаги саволларимизга жавоб бера олмаслигини айтди.

Айни пайтда Қадирбек Дўсўнов билан бирга Душанбе шаҳрида қўлга олинган яна икки жиноятчи Чингиз Жумағулов ва Мирлан Шақулиев тақдири ҳам номаълумлигича қолмоқда.

Аввалги суҳбатларимизда Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Жўрахон Зоиров Чингиз Жумақуловга нисбатан мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитаси жиноят иши очганини билдирганди.

- Тожикистон давлат чегараларини ноқонуний кесиб ўтганликда айбланаётган ва айни пайтда миллий хавфсизлик ходимлари томонидан тергов қилинаётган Чингиз Жумағулов Қирғизистон ихтиёрига топширилмайди, - деганди тожик генерали Зоиров.

Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги расмийси Зоиров Қадирбек Дўсўнов ва Мирлан Шақулиевлар 2010 йил августида Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинча сақлаш изоляторидан қочган ва шу йил ёзида Бишкекда қўлга олинган қочқин маҳбуслардан бири - россиялик Абиев Низоми билан алмаштирилишини очиқлаганди.

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари масъулларининг айтишича, қочқин маҳбус ҳамон Бишкек ҳибсхоналарининг бирида қолмоқда экан.

Норасмий манбаларнинг айтишича, расмий Бишкек Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинча сақлаш изоляторидан қочган маҳбус Абиев Низоми Россия фуқароси бўлгани учун Тожикистон ихтиёрига топширилмаслигини билдирган.

Бироқ тожик расмийлари Абиев Тожикистон ҳудудида жиноят содир қилганини назарга олган ҳолда, Душанбе ихтиёрига топширилиши шартлигини айтиб келмоқдалар.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги МДҲнинг барча давлатлари, жумладан, Қирғизистон ҳам маҳбус алмашиш борасидаги шартномани имзолаганини ва бу йўналишда ўзаро тиғиз ҳамкорлик қилинаётганини айтса-да, мустақил таҳлилчилар фикрича, ўта оғир жиноят содир этганликда гумонланаётган жиноятчиларни алмашиш масаласига келганда ўзаро ҳамкорлик ўрнини ултиматум эгаллайди.
XS
SM
MD
LG