Линклар

Путин сохтакорликлар ҳақидаги иддаоларни рад этди


Путин мухолифат иддаоларини рад этиб, намойишчилар рамзини "конртацепция" воситасига ўхшатди.

Путин мухолифат иддаоларини рад этиб, намойишчилар рамзини "конртацепция" воситасига ўхшатди.

Россия бош вазири ва президентликка номзод Владимир Путин 15 декабр куни телевидение орқали россияликлар саволларига жавоб берди.


Ўтган якшанба куни ўтказилган сайловларда сохтакорликларга йўл қўйилганидан норози бўлиб минглаб одам Москва ва Россиянинг бошқа шаҳарларида намойишлар ўтказганидан бир ҳафта ўтиб жаноб Путинга ўша норозиликларга муносабат билдириш фурсати келди.

Россия бош вазири Владимир Путин 15 декабр куни қарийб тўрт ярим соат давомида телевидение орқали юртдошлари саволларига жавоб берар экан, сайловларда сохтакорликларга йўл қўйилгани ҳақидаги мухолифат иддаоларини инкор этишга уринди.


Путинга кўра, мамлакатда яқинда ўтказилган парламент сайловлари натижалари жамоатчилик фикрини акс эттиради.

- Менимча, сайлов натижалари ҳеч шак шубҳасиз мамлакатдаги кучларнинг ҳаққоний мувозанатини кўрсатади. “Единая Россия” бу сафар кам овоз олгани ва мавқеи бир оз тушганининг ҳам ҳеч таажубланарли жойи йўқ. Ахир биз бўҳронни бошдан кечирдик,- деди Путин.

4 декабрда ўтказилган парламент сайлови натижаларига кўра, иқтидордаги "Ягона Россия" партияси овозларнинг деярли 50 фоизини тўплашга муваффақ бўлган эди.

Бироқ мухолиф кучлар Путин ҳукуматини сайлов натижаларини сохталаштиришда айблаганлар.

Шанба куни Москвада бир неча ўн минг одам Путинга норозилик билдириб кўчага чиқди. Намойишлар бошқа шаҳарларда ҳам бўлди.

Пайшанба куни телевидение орқали ўз мамлакати фуқаролари саволларига жавоб берар экан, Россия бош вазири намойишларга, агар улар қонун доирасида ўтказилса, қарши эмаслигини таъкидлади.

- Намойишларга мен қарши эмасман. Лекин, ҳаммаси қонун доирасида бўлиши керак,- деди Путин.

Ўз чиқишида Россия бош вазири мухолифатни ташқи кучлар таъсирида мамлакатда беқарорликларни келтириб чиқаришга уринаётганликда айблади.

У, шунингдек, мухолифатнинг эътироз рамзига айланган оқ ленталарни презервативларга тенглаштирди.

- Мухолифатнинг норози бўлишида ҳеч қандай янгилик йўқ - бу ҳар доим бўлган,- деди Владимир Путин.

Президентликка асосий номзод сифатида кўрилаётган жаноб Путин президент сайлови пайтида барча сайлов участкаларига веб-камералар ўрнатишни таклиф қилди.

Бироқ, Россия мухолифати ва кузатувчилар сохталаштиришлар овозларни ҳисоблаш жараёнида ҳам юз берганини даъво қилишмоқда.
XS
SM
MD
LG