Линклар

Тошкент ва Марказий Осиë митрополит округи қошида яқинда очилган ижтимоий хайрия бўлимида ишонч телефони ишлай бошлади.


Бу телефонга нафақат маънавий¸ балки моддий қийинчиликларга дуч келаëтган ўзбекистонликлар мурожаат қилиб¸ православ черковидан ëрдам олишлари мумкин¸ дейди ижтимоий хайрия бўлими раҳбари¸ иерей Алексий Назаров Озодлик билан суҳбатда.

- Проваслав ишонч телефони¸ албатта¸ биринчи галда¸ ҳаëт қийинчиликларига дуч келаëтган диндор православ насронийларга ëрдам беришни кўзда тутади¸ дер экан ҳазрат Алексий¸ айни пайтда¸ ишонч телефонига ëрдам сўраб мурожаат қилган одамдан “Дининг нима¸ мазҳабинг қайси?” деб сўраладими¸ деган саволга “Йўқ” деб жавоб беради.

- Йўқ¸ мутлақо йўқ. Лекин бу православ ишонч телефони бўлгани боис¸ биз¸ албатта¸ биринчи галда ўз муридларимиз эҳтиëжини қондиришга ҳаракат қиламиз. Айни пайтда¸ динидан қатъий назар¸ мусулмонми¸ яҳудий ëхуд атеист бўлишидан қатъий назар¸ биз маънавий ва моддий ëрдамга муҳтожларга ëрдам берамиз. Зотан ҳар бир инсон Парвардигорнинг неъмати ва биз оғир кунга тушиб қолганларни дини ва мазҳабига қараб ажратиб ўтирмаймиз¸ дейди Тошкент ва Марказий Осиë митрополит округи қошидаги ижтимоий хайрия бўлими раҳбари ҳазрат Алексий.

"Ўзбекистонда ҳам иқтисодий-ижтимоий¸ ҳам маънавий қийинчиликларга дуч келаëтганлар сони анчагина. Улар сиздан ëрдам¸ хусусан¸ моддий ëрдам сўраб мурожаат қилар экан¸ православ черкови улар олдиган бирор шарт¸ масалан¸ дини ë мазҳабини ўзгартириб¸ ўз муридига айланиш шартини қўядими?"¸ деган саволга ҳам ҳазрат Алексий инкор жавоби беради.

- Ҳеч қандай шарт қўймаймиз. Боз устига¸ моддий қийинчилик маънавий таназзулга элтиши мумкинлиги¸ яъни моддиятни маънавиятдан ажратиш қийин бўлгани боис биз муҳтожларга бепул руҳий маслаҳат ҳам таклиф этамиз. Бу иш билан профессионал руҳшунос шуғулланади¸ дейди ҳазрат Алексий.

Ўзбекистонда ижтимоий хайрия фаолияти билан шуғулланиш учун махсус рухсат лозим бўлса-да¸ биз хайрия билан расман фаолият юрғизаëтган православ митрополит округи доирасида¸ яъни черковимиз ичидагина шуғулланмоқдамиз ва фаолиятимиз қонун доирасидадир¸ деб таъкидлайди Рус православ черкови намояндаси.

Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 90 фоизига яқини мусулмон ҳисобланса-да¸ мамлакатда фаолият юрғизаëтган масжидларда ҳозирга қадар ижтимоий хайрияни тақсимлашга ëрдам берувчи ишонч телефонлари жорий этилган эмас.

Одатда масжидга эҳсон қутилари орқали қилинган маблағнинг масжид ходимлари эҳтиëжидан ошгани муҳтожларга хайрия қилинади.
XS
SM
MD
LG