Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:05

Ёлғон, ғирт ёлғон ва статистика


Ўзбекистон статистикаси фақат ёлғон маълумотлардан иборат эканини ҳамма билади, дейди мутахассислар.
Ўзбекистон статистикаси фақат ёлғон маълумотлардан иборат эканини ҳамма билади, дейди мутахассислар.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси ўзи бераётган статистик маълумотлар тўғрилигини таъминлаш масаласи устида бош қотираётган кўринади. Чоршанба куни бу идора мазкур масалага бағишлаб анжуман ташкил қилди. Унда сўзга чиққан статистика қўмитаси раҳбари ўз идораси ҳисоботлар тайёрлашда ишончли ва тўғри маълумотларни бериш мақсадида замонавий интерактив технологияларни жорий қилишга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлади. Ўзбекистондаги статистика тизимидан яхши хабардор мутахассислар уни ишончли деб атаб бўлмасилигини айтиб, ваъда қилинаётган янги технологиялар вазиятни ўзгартира олишига шубҳа билан қарамоқдалар.


Статистика қўмитаси ўтказган анжуман тўғрисида ЎзА агентлиги берган хабарда, Ўзбекистонда статистик маълумотлар ростлигини таъминлаш саъйи ҳаракатлари президент Ислом Каримов олиб бораётган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш уринишларининг бир қисми сифатида тақдим қилинади.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси раиси Ботир Тўраев статистиканинг шаффофлиги ва ишончлилигини таъминлаш мақсадида янги технологиялар ишга солинаётганини таъкидлаган.

Ботир Тўраев бошчилик қиладиган идора бераётган ҳисоботлар ва улар қандай тайёрланишидан хабардор мутахассислар бу тизимда маълумотлар тўғрилигини таъминлаш долзарб масаладир, дейишади.

Ўзбекистон Молия взирлигининг собиқ амалдори, ҳозирда Остонадаги Евроосиë институтининг Иқтисодиëт факултети декани Сапарбой Жубаев Ўзбекистонда статистика давлат тизимининг барча соҳаларидан олинадиган ёлғон маълумотлардан ташкил топади, дейди.

- Масалан ҳар бир корхона беради ўзининг статистикасини. Ҳар бир ҳокимиятнинг бўлимлари, департаментлари бу статистикани йиғиб умумлаштиради. Район статистикаси бор, област статистикаси бор. Улар республика статистикасига чиқади. Масалан, совет даврида пахтани қўшиб ëзиш деган масала бор эди. Уни Тошкентда ëзмас эди. Масалан, Жиззах вилоятида районлар қўшарди, унга област қўшарди, цифралар келиб Тошкентда йиғиларди. Ҳозир ҳам худди шунақа нарсалар бор. Масалан, иш жойларини очиш масаласида. Бир кичик корхона тузилган бўлса ҳам шунда уч одам ишлайдиган бўлса, 30 одам ишлайди деб ëзиб кетавериши мумкин. Энди бунақа нарсалар бор. Ҳаммаси йиғилиб келади. Лекин уларга марказдан команда бўлади, дейди мутахассис.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Миркомил Тошкандий ҳам мамлакат иқтисодига оид берилаётган статистиканинг бир жиҳати мисолида уни фош этади.

- Мен сизга битта мисол келтираман. Инфляция даражасини ҳеч қачон бу ерда кўрсатмайди. Мана статистик маълумотларни текшириб кўринг. Инфляция даражасини кўрсатмайди. Кўрсатганда ҳам ниҳоятда паст кўрсатади. Бу ўзи билиниб қолаяптию. Кўзга кўринарли нарса бўлаяптию. Масалан халқнинг турмуш даражаси ўзи кўрсатаяптию. Юқоридан буйруқ билан ëзилганлиги, халқнинг турмуш даражасидан шуни билсангиз бўлади, дейди иқтисодчи.

Мутахассисларнинг айтишиларича, “ёлғон статистика” кўрсаткичлари халқаро ташкилотлар, жумладан Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ёки Осиё тараққиё банки каби молиявий институтлар ҳужжатларидан ҳам ўрин олишига қарамасдан бу халқаро тузулмалар уларнинг ёлғон эканини билади. Ўзбекистон статистикаси ўта ёпиқ соҳа бўлгани боис халқаро ташкилотлар ана шу маълумотлар билан ишлашдан бошқа чораси йўқ.

Хўш, статистика ғирт ёлғондан иборатлигини ҳамма билар экан унинг кимга ва нимага кераги бор, даган саволга Сапарбой Жубаев бундай жавоб беради.

- Агарда 10та иш жойи очдим десангиз, сизга масалан 1000 доллар пул бериши мумкин шунга ëрдамга. Агарда “10 минг иш жойи очаяпман. Шунга менга оз-моз маблағ беринг” деса, 10 минг эмас 100 минг берилиши мумкин. Коррупцион йўл билан уни ўзлаштириш масалалари бўлади, бюджетдан пул олиш масалалари бўлади. Уни йиғишнинг ўзига ҳам пул керак бўлади. Йўқ нарсани йиққан одамларга пул бериш керакку. Энди бу жуда содда мисолида. Ишланмаган уйларга, солинмаган йўлларга, солинмаган ҳар хил маҳсулотларга пул кетираяпмиз, шунча кетаяпти деб ҳаммаси тўғриламайди барибир. Приписка бўлса ҳам шуни бир қонуний қилиш йўлида бу, кўп одамлар шунга маблағ олади, дейди иқтисодчи.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимдан тортиб, ҳокимиятнинг энг юқори поғонасигача, халқнинг турмушини безаб кўрсатиб, ўзини-ўзи хурсанд қилиб ўтириш одати бор, дейди иқтисодчилар.

Давлат статистика қўмитаси раиси айтатётган янги технологияларни жорий қилиш тўғрсидаги баёнотлари ҳам аслида ана шу “ўзбекча статистиканинг бир қисмидир”, дея қўшимча қилади Сапарбой Жубаев.

Ўзбекистон каби статистикани кўзбўямачилик ва коррупция мақсадларида қўллайдиган давлатларда энг мукаммал ва энг замонавий технологияларни ишалатсизми йўқми, бундан қатъий назар статистика тизимида шаффофлик ва ҳақиқатга эришиб бўлмайди, аксинча янги технологиялар уларга ёлғон тўқишни осонлаштиради, дея киноя қилади иқтисодчи.

- Униси ҳам, буниси ҳам осон қилади. Лекин барибир компютерга маълумотларни одамлар қўядию, дейди Ўзбекистон Молия взирлигининг собиқ амалдори Сапарбой Жубаев

Ана шу маънода “ёлғоннинг уч кўриниши бор, булар – ёлғон, ғирт ёлғон ва статистика”, деган фикр Ўзбекистон статистикасини энг тўғри таърифловчи фикр бўлиб қолаверади, дея хулоса қилади иқтисодчи.
XS
SM
MD
LG