Линклар

logo-print

Франция собиқ президентига ҳукм ўқилди


Жак Ширак 2 йилга шартли равишда озодликдан маҳрум этилди.

Жак Ширак 2 йилга шартли равишда озодликдан маҳрум этилди.

Ширак устидан ўтказилган суд Франциянинг собиқ давлат раҳбари устидан Иккинчи жаҳон урушидан кейин ўтказилган биринчи суддир.

Жак Ширак ишончни суиистеъмол қилганликда, жамоат маблағини ғайриқонуний мақсадларга сарфлаганликда, манфаатлар зиддиятига йўл қўйганликда айбдор, деб топилиб икки йилга шартли озодликдан маҳрум этилди.

Барча айбловлар Ширакнинг Париж шаҳри мэри бўлиб турган йиллардаги фаолиятига оиддир.

Франция пойтахтига у 1977 – 1995 йилларда – 18 йил ҳокимлик қилган.
Айблов хулосасига кўра, Ширак мэр бўлиб турган йилларда Париж мэриясида номи бору ўзи йўқ ходимларга иш ҳақи ёзилган ва бу пуллар Ширакнинг 1995 йилги президент сайлови кампаниясига сарфланган.

Суд ҳукмида келтирилган айбловлар Ширак президент лавозимида турган йилларда (1995 – 2007) ҳам айтилиб келган, бироқ унинг президент сифатидаги дахлсизлик иммунитети жавобгарликка тортишга имкон бермаган.

Суд Ширакка шартли жазо белгилар экан, ўз ҳукмини унинг саломатлиги ёмонлиги ҳамда президент сифатидаги хизматлари эътиборга олингани билан изоҳлади.

Ёши 79 га чиққан чиққан Жак Ширак барча айбловларни инкор этди. Судда судланувчининг ўзи иштирок этмади.

Ширакнинг адвокати Georges Kiejman ҳукм устидан шикоят аризаси ёзиладими-йўқми – бу ҳақда ҳали мижози билан гаплашмагани ни журналистларга маълум қилди.

Суд ҳукми эълон қилинганидан сўнг Ширакнинг асраб олган қизи, таги ветнамлик Anh Dao Traxel кўз ёшларини артар экан, “жуда шафқатсиз ҳукм чиқаришди”, деди.

Жак Ширакни коррупционерликда айблаб судга берган коррупцияга қарши курашувчи “Антикор” гуруҳи вакили Jerome Karsenti суд ҳукмидан қаноат ҳосил қилганини билдирар экан, жумладан, бундай деди:
-Бу суднинг барча сиёсатчилар учун жавобгарлик борлиги тўғрисидаги қаттиқ огоҳлантирувидир.

Karsenti нинг фикрича, Ширак устидан чиқарилган ҳукм, шунингдек, “Франция демократияси учун муҳим тарихий нуқтадир”.

Франция Социалистик партияси воизи Benoit Hamon нинг фикрича, ҳукм кеч чиқарилди, лекин у “Франция демократияси учун яхши аломатдир”.
Ширак устидан ўтказилган суд жараёнига Париж мэрияси вакиллари ҳам катнашмади.

Жак Шираккача Франциянинг яна бир собиқ раҳбари – Филипп Петен судланган эди. Францияни 1940 йилдан 44 йилгача бошқариб турган Петен Фашистлар Германияси билан ҳамкорлик қилгани учун судга 1945 йили тортилган. Петен умрининг сўнгги йилларини турмада ўтказган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG