Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:07

Гострбойнинг Путинга саволлари


15 декабр куни камина- Гострбой ҳам Расий бош вазири Путин акамизга телевидение орқали савол беришга ҳаракат қилдим.

Ўн йилдан бери 800-400-20-20 рақамдан суҳбатлашишни ўзига урф этиб олган Путинга телефон этиш бепуллигини эшитиб, мен ҳам бир икки савол бериш баҳонасинда Жанна Сеттел деган дўндиқча жўрналис қизга бир- икки гап отиш ниятида рақамни тера бошладим.

Гўшакда бир оз жимликдан сўнг узун гудоклар кета бошлади.

Гарчи ит топмас жойда бўлсамда, гудокни эшитгач, Путин саволни эшитиш учун менга қараб тургандай, оёқ- қўлим увишиб, пешонамдан совуқ тер чиқа бошлади.

Гўшакни кўтарган Жанна эмасди. Товушидан катта ёшликларга ўхшаб кетадиган аёл ҳол -ахвол сўраб улгурмасимдан "Саволингизни, исмингиз ва регионгизни айтаверинг, ёзиб олинмоқда " деган буйруқ берди.

Мен ҳам бўш келмасдан, "Жанна қайда, гапим бор эди " деб бақирдим.

Шунда у "саволингиз учун раҳмат" деб гўшакни энди қўяман деганида, мен "Қўйманг савол беришни энди бошлаяпман "дедим дадиллик билан.

Жанна гўшакни кўтармаганлиги учун аччиғим чиққани овозимда ҳам акс этди.

Шунда Жаннанинг ҳамкасби "Вақт олмасдан саволингизни беринг, миллион рассиянлар савол беришга интиқлик билан навбатда туришибди, эшитаман марҳамат" деди.

Мен дарров тефал чойнакни каробкасига ёзиб қўйган саволаримни ўқиб бера бошладим.

Бу бир эмас, бешта савол эди.

1. Ўзбекистондан келган мардикорлар кунига 10, 12 соат ишласалар ҳам нима учун меҳнат ҳаққи кам?

2. Нима учун полиция бизларни тутиб олганларида киссаларимиздаги борини чиқарсак, қаноат этмасдан, "бориб жўрангдан олиб кел" деб очкўзлик этишади?

3. Ўша полициялар ўзлари регистрация тахлаб бериб, бир ой ўтар ўтмас танимасликга олиб, "регистрациянг қалбаки, ким ясаб берган айтасан, икковингни ҳам қамайман" деб дағдаға этишиб, ҳали чиқмаган маошларимизга шерик бўлишмоқда. Нима учун?

4. Мана 10 йиллардан бери Расийда ишлаб юрибмиз. Шу кетиш бўлса нафақага довур Расийда ишлашимизни тахмин этиб турибман. Агар шундоқ бўлса бизлар нафақамизни Расийдан оламизми ёки Ўзбекистондан?

5. Путин ака, охиргиси савол эмас илтимос. Ўзбекистонда ҳам бизнинг Ислом ака халк билан гаплашиб турсалар, телефон этиб, айтиб қўйсангиз. Бу ерларда сизга савол бериш бепул экан, Ўзбекистонда савол -жавоб жорий этилса, халқга пуллик бўлса ҳам розибиз. 30. 000. 000 халқ туну- кун пуллик савол бераверганидан телефондан тушган тушум пахта дароматидан ўтиб кетиши аниқ.

Энди гапимни тугатай десам телефоннинг нариги томонидаги аёл "Ўзбекистон ҳақида нималар деяпсиз, бизлар тушунайдиган тилда гапиринг илтимос " деб талмовсирашга тушди.

Тавба ўрисларни охирги пайтларга келиб, ўрис тилига тушунмайдиганлари кўп учрамоқда.

Хуллас ҳалиги қизни (мактабда яхши ўқимай, саводсиз қолганми дейман) оғзига нон чайнаб бергандай, ҳарифлаб, зўрға саволларни бўғинлаб ёздиргинимча қоринларим очқаб кетди.

Нихоят саволларни ёздириб, бўлиб, теливизорга термулдим.

Саволимни қачон Путин ўқир экан деб, қанча кутмайин ўқимади.

Путиннинг столи устида бир қанча варақлар бор эди. Телемулоқотнинг охирида ўша варақларга бир- икки қараб қуйди.

Назаримда кабинетига бориб, саволларимга алохида жавоб берса керак.

Манимча Жанна саволларимга Путиннинг жавобларини ахборот кўрсатуви орқали ўқиб берса, керак-ов.

Шу ният билан теливизорни ўчирмасдан термилиииб ўтирибман...

--------

Сотиволди аканинг жияни Гострбой.

Москва, 2011 йил, декабр.


P.S. Ўзини Сотиволди аканинг жияни Гострбой деб таништирган мухлисимизнинг ёзиш усули, баъзи сўзлар талаффузини ўзгартирмасдан эътиборингизга ҳавола қиляпмиз.
XS
SM
MD
LG