Линклар

logo-print

Самарқандга борсам мен агар.....

  • Абдулла Искандар

Маҳмуджон Азимов куйлаган Мирзо Улуғбек Самарқанддаги Гўри Амир мақбарасида кўмилган.

Маҳмуджон Азимов куйлаган Мирзо Улуғбек Самарқанддаги Гўри Амир мақбарасида кўмилган.

Ҳофиз Маҳмуджон Азимов ижросидаги бу қўшиқ муҳрланган телелавҳа Ўзбекистонда клип суратга олиш энди атак–чечак қилаëтган 80-йиллар охирида кунора эфирга узатилди.


Самарқанднинг нилий миноралари, зангори гумбазлари узра юксалган Улуғбек ҳайкали олдида қўлида тор ушлаган йигит ҳузун тўла қўшиқ айтмоқда.

Бизнинг шууримиз, тасвир, тарих, мусиқа ва Муҳаммад Юсуф ëзган ҳиссий матн қамалида қолган эди, деб эслайди самарқандлик ҳофиз Баҳром Эгамбердиев.

- Ўша пайтда жуда бошқача, жозибали чиққан бу қўшиқ. Ҳаммага таъсир қилган эди бу. Чунки тарих билан боғлиқда, дейди Баҳром Эгамбердиев.

Манзилга то етиб олгунча қўшиқ менга абадий ҳамроҳ


Ҳозир Канадада юк машинасида ҳайдовчилик қиладиган Баҳром ака ҳам бу қўшиқни ўз даврида Самарқанддаги тўю-тўйчиқларда ижро этган эди.

Биз телефон қилган пайтимизда Баҳром ака улкан юк машинасида Канададан АҚШнинг Техас штатига кетаëтган эди.

Бу қўшиқни хиргойи қилиб мен бутун Америка қитъасини кезиб чиқдим, аммо ўз вақтида бу қўшиқ мени Улуғбекни ўлдирган падаркуш Абдуллатиф мозорига етаклаган эди, деб эслайди ҳофиз ва ҳайдовчи Баҳром ака.

- Мен ҳатто Самарқандда юрганимда Абдуллатифнинг қабрини кўрганман. Битта ўзи алоҳида ëтибди. Падаркуш дейдими алоҳида қабристон экан у. Битта ўзининг қабри бор эканда. Бир дўстим бор эди. Шу қўшиқ ҳақида гаплашган эдик. Қўшиқни ҳатто мен ўзим ҳам хиргойи қилганман. Жуда ҳам маъқул, яхши қўшиқ.

Озодлик: Ҳозир бир-иккита сатрини хиргойи қилиб берасизми?

- Самарқандга борсам мен агар, Улуғбекни кўриб қайтаман...

Мен дардимни кимга айтаман


Ўша йилларда республика газеталаридан бирида маданият бўлимини бошқарган журналист Садриддин ака бу қўшиқ замиридаги йиғлоқи оҳанг одамларнинг ўша пайтдаги ички руҳига мос эди деб эслайди.

- 1989 йил бу қўшиқ айтилган пайт жамиятда чуқур депрессия бор эди. Қимматчилик ва йўқчилик юзага чиқарган дардларга дарддош, ғамларга эса ғамдош керак эди. Ўша пайтда Охунжон Мадалиев ва Маҳмуджон Азимовлар қўшиқларида йиғлоқи оҳанг бор эди. Бу йиғлоқи оҳангнинг бозорбоплигини англаган ва бундан унумли фойдаланган ҳофиз Маҳмуджон Азимов бўлди, дейди санъатшунос.

Эрталабки ош қўшиғи


“Ўзбекнаво” бирлашмасининг Самарқанд бўлимида ишлайдиган мусиқашунос (исми айтилишини истамади) бу қўшиқ ўз вақтида наҳорги ошлар мусиқий дастурининг ажралмас қисми бўлганини айтади.

- Бир вақтлар тўйларда шуни кўп айттирар эдида халқ. Ҳозир буни ҳеч ким айтмаяптиям, ҳеч ким эшитмаяптиям. Аввал бизларнинг ўғил тўйлар кундузи бўлар эдику. Ана шунда қўшиқчилардан сўрарди. Ҳозир бир кеча битта вечер бўлаяпти. Классик қўшиқлар йўқда ҳозир вечерда. Классик айтилмайди ҳозир. Ҳозир бу қўшиқни айтмаяптилар. Бир вақтлар ривожланиб кетган эди, дейди “Ўзбекнаво” бирлашмасининг Самарқанд бўлимида ишлайдиган мусиқашунос.

Суҳбатдошга кўра, Самарқанддаги ҳовлиларда эрталаб оши софий тарқатилган пайтда дўппи кийган оқсоқоллар ва супаларда чордона қурган ўрта ëш кишилар бу қўшиқни жон қулоғи билан эшитишган.

Улуғбекни кўриб қайтаман


Бу қўшиқ яралишидан аввал Совет Ўзбекистонида Улуғбек сиймоси улуғланган, унинг ўз фарзанди тарафидан қатл қилингани фожеаси адабиëт ва санъат асарларидан ўрин олган эди.

Мақсуд Шайҳзода достони асосида Комил Ëрматов суратга олган “Улуғбек” филми, Одил Ëқубов асари асосида саҳналаштирилган “Улуғбек хазинаси” видеофилмлари одамлар шуурини эгаллаб бўлган эди.

Бухоролик мақом устаси Соип Ниëзов назарида шоир Муҳаммад Юсуф ëзган матн одамларнинг бу мавзуга тайëр бўлган шуур заминига уруғдай бўлиб қадалганини айтади.

- Бу қўшиқнинг машҳурлиги ўта даражада машҳур эмаску, лекин халқнинг ичида оммабоп бўлган. Кўп шинаванда орттирган бу қўшиқ. Сўраб қоладиган шинавандалари ҳам бор. Ўзи ëмон қўшиқ бўлмаган. Яхши қўшиқ бўлган.

Озодлик: Соипжон сиз мақомчисиз-а?

- Ҳа.

Озодлик: Мақом деганингиз куй бўладида кўпроқ. Замонавий қўшиқларда шеър рекламациясига ўхшайдида. Одамларнинг эътиборига кўпроқ етиб борадида.

- Асосийси бу ерда текст. Мавзу зўрлиги. Тарихга боғланганлиги учун одамларнинг эътиборини тортган. Улуғбекка нима берилганда шеърда. Куй ҳам ўртача. Матн тарихни эслатиб тургани учун ҳам одамларнинг эсида қолганда. Қолаверса, ўша даврда рекламаси яхши бўлган, дейди Соип Ниëзов.

Мусиқаси унча яхши бўлмаса ҳам таъсирли матн боис бу қўшиқ машҳур бўлди, дейди Ниëзов.

Самарқанд ноласими ë водийнинг саси


Бу қўшиқ ҳақидаги илк билгиларни йиға бошлаганимда фарғоналик бир журналист “Самарқандга борсам мен агар қўшиғини олтиариқлик ҳофиз айтган” деб қолди.

“Ўзбекнаво”нинг Фарғона бўлимига қўнғироқ қилдик. Трубкани кўтарган мулозима қиз бундай қўшиқни мутлақо эшитмаганини айтди.

Ўша ерда ишловчи Икромжон ака деган мусиқашунос бу ҳофизнинг самарқандлик эканини таъкидлаб, “буни қўшиқ матни ҳам айтиб турибдику” деб қўшиб қўйди.

- У фарғоналикмас. Самарқанд томондан. Менимча, самарқандлик бўлиши керак. Қўшиқ ўз даврида чиройли. Ҳар қўшиқнинг йили бўладию. Маҳмуджон Азимов қилган қўшиқда энди у. Ҳамма қўшиқнинг, қўшиқчининг ўзининг даври, қўшиғининг гули бўладию, дейди Икромжон ака.

Самарқандга телефон қилдик. Самарқанддаги “Ўзбекнаво” мутахассиси бу қўшиқчининг Фарғона водийсидан эканлигини айтди.

- Самарқандлик айтмаган бу қўшиқни. Менимча, водийлик бу. Исми эсимдан чиқди. Самарқандлик эмас у одам. Яхшилаб суриштирингда Тошкентдан. Ҳофиз самарқандлик эмас, дейди Самарқанддаги “Ўзбекнаво” мутахассиси.

Пировардида бу қўшиқни ижро қилган Маҳмуд Азимовнинг Тошкентлик эканини билдик.

Тафсилотларни билиш учун Ўзбекнавонинг республика бўлимига телефон қилганимизда биз билан суҳбатлашган ва ўзини Олим Алимов деб атаган “ходим” қўшиқчилар ҳақидаги барча маълумотлар давлат сири эканини айтиб, улар ҳақида хорижий радиода гапириш учун махсус идорадан изн лозимлигини таъкидлади.

Бу ходим Самарқандга борсам қўшиғини эшитмагани ва бундай қўшиқ “Ўзбекнаво” тасдиқлаган репертуар рўйхатида йўқ эканини айтди.

Қўшиқ умри


Бу қўшиқ ижро қилинганидан 20 йил ўтса ҳам ичимда шу қўшиқни ҳар доим хиргойи қиламан, дейди ўзбекистонлик ҳофиз, айни пайтда Канадада юк машинаси чамбарагини бураëтган Баҳром Эгамбердиев.

- 20 йил ўтган бўлса, 20 ëшдаги ëшлар бу қўшиқни эслай олмайдида. Ўзбекистонда такрор-такрор кўп қўйилганида болалар эшитиб улгурарди. Бизда замонавий йўлга тез ўтиб кетишди. Бизнинг замондаги инсонлар, санъатчилар фарқли бўларди. шунинг учун ҳам бизнинг ëдимизда қолган бу нарсалар. Ëши каттароқ ҳар қандай инсондан сўрасангиз, бу қўшиқ ҳақида яхши фикр билдирса керак, дейди Баҳром Эгамбердиев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG