Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:01

Ўзбек аёлларини фоҳишаликка мажбурлаганлар қайта суд қилинмоқда


Жиноий гуруҳ вакиллари сотган аёллар орасида ўзбекистонликлар ҳам бўлгани айтилмоқда.
Жиноий гуруҳ вакиллари сотган аёллар орасида ўзбекистонликлар ҳам бўлгани айтилмоқда.

Россия Олий судида одам савдоси билан шуғулланиб келган халқаро жиноий гуруҳга нисбатан Москва округ ҳарбий суди чиқарган ҳукм қонунийлиги кўриб чиқилмоқда. Исроил фуқароси ва Россия Бош разведка бошқармаси подполковниги бошқарган бу жиноий гуруҳ 8 йил давомида 129 нафар аёл, жумладан Ўзбекистон фуқароларини Европа ва Яқин Шарқ мамлакатларига фоҳишалик қилишга олиб ўтгани исботланган.


Пайшанба куни Россия Олий суди одам савдосида айбланиб турли муддатларга қамалган жиноий гуруҳ аъзоларининг адвокатлари берган шикоят аризасини кўриб чиқа бошлади. Шу йилнинг апрел ойида Москва округи ҳарбий суди чиқарган ҳукм бўйича жами 12 киши қамоққа ҳукм қилинган эди.

Россия Олий суди матбуот маркази ходимаси Валерия Захарова Озодликка буларни маълум қилди.

- Одам савдогарлари иши 15 декабрда кўриб чиқиш бошланди. Шикоят аризаси душанба куни ҳам кўрилади ўхшайди, чунки жума куни суд ариза топширганлар ишини кўриб чиқишга улгурмади. Ҳукм душанба куни чиқарилади, деб уйлайман, деди Олий суд вакиласи Валерия Захарова.

Шу йилнинг апрел ойида одам савдосида айбдор деб топилган молдовалик, россиялик ва исроилликлардан иборат жиноий гуруҳ 5 йил шартли жазодан 19 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эдилар.

Москва округ ҳарбий суди хулосасига кўра, халқаро жиноий тўда 1999 йилдан 2007 йилда қадар Исроил, Италия, Испания, Германия, Греция, Ҳолландия ва БАА мамлакатларига жами 129 аёлни олиб ўтган ва фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаган.

Ҳукмда айтилишича, фоҳишаликка мажбурланган аёллар орасида Ўзбекистон, Россия, Украина, Беларус ва Молдова фуқаролари бўлган. Жиноятчилар “Ғарбда яхши маош тўланадиган иш топиб берамиз, хизматкор, энага ёки официантлик қиласан”, деган ёлғон ваъдалар билан қизларни Европа ёки Исроилга сохта ҳужжатлар ёрдамида ўтказган ва фоҳишалик қилишга мажбурлашган.

Суд давомида фоҳишаликка мажбурланган орасида вояга етмаган қизлар ҳам бўлгани исботланган. Жиноий гуруҳ сотилган ҳар бир аёл учун 1,5 мингдан 8 минг АҚШ долларигача даромад олган.

Москва округ ҳарбий суди судяси ҳукмида сотилган ўзбекистонлик бир аёлнинг бошидан кечирганлари тафсилотлари келтирилган.

- Уни аэропортга олиб бориб, сайёҳ сифатида Мисрнинг Хургада шаҳрига юборишган. У ерда Ави Янай кўрсатмаси билан Шорустамовани кутиб олишади ва маҳаллий бадавий қабилаларга топширишади. Бадавийлар Ави Янай билан келишган ҳолда аёлни Миср-Исроил чегарасидан пинҳона олиб ўтишади. Араблар бу ҳудуддаги бошқа бадавийлар билан уруш ҳолатида бўлишига қарамасдан, улар мина майдонлари орқали ўтганлиги аниқланди. Ниҳоят Шорустамова Исроилда қўшмачиларга топширилади ва у ерда пул эвазига фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурланади,- дейди Ҳарбий суд судяси.

Олинган маълумотларга кўра, мазкур жиноятнинг фош этилишига 2006 йилда Италияда ўзбекистонлик бир аёлнинг маҳаллий хавфсизлик хизматларига қилган мурожаати туртки бўлган. Беш нафар Молдова, олти нафар Россия ва икки нафар Исроил фуқаросидан иборат жиноий гуруҳ таркибида Россия Бош разведка бошқармаси (ГРУ) офицери Дмитрий Стриканов ҳам бўлган.

Биргина ГРУ подполковниги Дмитрий Стрикановга 97та жиноий эпизод бўйича айблов қўйилди, бироқ суд уни фақат ҳужжат қалбакилаштиришда айбдор деб топди.

Тергов пайтида ўтказилган тинтувлар натижасида жиноятчилардан 2600та ўғирланган хориж паспортлари ва бошқа ҳужжатлар мусодара қилинган.

Жиноий гуруҳ Интерпол, Италия, Россия , Финляндия ва Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари ходимлари ўтказган қўшма амалиёт натижасида қўлга туширилгани айтилмоқда.

- Маҳкама қарорига мувофиқ, аёлларни фоҳишаликка мажбурлаган гуруҳ етакчилари Слесарёвга – 19 йил ва 600 минг рубл жарима, Ави Янайга - 18 йил ва 600 минг рубл жарима, Стрикановга – 12 йил ва 100 минг рубл жарима ҳамда заҳирадаги подполковник унвонидан маҳрум этиш ҳукм этилди, деди Москва округ ҳарбий суди судяси.

Мазкур жиноий иш юзасидан йиғилган материаллар жами 200 жилдни ташкил этгани айтилмоқда.

Интерпол маълумотига кўра, одам савдоси “бизнеси”нинг йиллик пул обороти 17-19 миллиард долларни ташкил этади. Биргина Осиёнинг ўзида, айрим маълумотларга кўра, бир йилда 30 миллион одам қулликка сотиб юборилмоқда.

Жумладан, ҳар йили Европа мамлакатлари чегараларидан ўтказилиб сотилаётган 200-500 минг кишининг ярмидан кўпини аёллар ташкил этмоқда.

Мустақил кузатувчилар ҳисоб-китобига кўра, Россияда қулдорлар томонидан йилига 50 минг одам сотилади.
XS
SM
MD
LG