Линклар

Тожик депутатлари ўзбек ҳамкасбларидан кўмак сўради

  • Гулнора Равшан

Ўзбекистон ҳудудида Тожикистонга қарашли 320га яқин юк вагонларининг ушлаб турилгани қўшни республикада жиддий муаммоларга сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон ҳудудида Тожикистонга қарашли 320га яқин юк вагонларининг ушлаб турилгани қўшни республикада жиддий муаммоларга сабаб бўлмоқда.

Тожикистон Олий Мажлисининг қуйи палатаси депутатлари ўзбек ҳамкасбларидан тожик поездларининг Ўзбекистон ҳудудида ушлаб турилиши билан боғлиқ вазяитни ҳал этишда кўмаклашишни сўраб, мурожаат қилди.


Мурожаат Ўзбекистон Олий Мажлисининг қонунчилик палатаси раиси Дилором Тошмуҳаммедова номига йўлланган.

- Ҳурматли Дилором Ғафуржоновна, Тожикистон Олий Мажлисининг намояндалар палатаси икки мамлакат темир йўлларида вужудга келган вазиятдан ниҳоятда ташвишда. Ўзбекистон ва Тожикистон жанубий ҳудудларини боғловчи Термиз-Қўрғонтепа темир йўлидаги ҳаракат шу йилнинг 17 ноябрдан буён бутунлай тўхтатилди. Натижада Тожикистоннинг Хатлон ва Тоғли Бадахшон вилоятларига тегишли 24 минг тонна миқдордаги 320 та юк вагони Ўзбекистон ҳудудида тўхтаб қолди. Бу вагонларда асосан дори дармон, ёнилғи ва қурилиш маҳсулотлари билан бирга гуманитар ëрдам сифатида юборилаëтган озиқ-овқат моллари ҳам бор,- деди мурожаатномани ўқиб эшиттирган парламент қуйи палатаси спикери Шукуржон Зуҳуров.

Шунингдек, баёнотда айтилишича, бир ойдан буён Тожикистонга етиб келмаётган юк вагонларида Афғонистондаги НАТО кучларига тегишли ноҳарбий юклар ва Тожикистонда фаолият қилаётган Туркия, Эрон, Япония каби давлатлар ширкатларига тегишли қурилиш материаллари ҳам бор.

Тожикистон ҳукумати расмийси Зуҳуров жаноблари темир йўллардаги муаммо билан боғлиқ вазиятга баҳо берар экан “Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон ва Хатлон вилоятлари иқтисодий қамалда қолган”ини даъво қилди.

“Ўзбекистон темир йўллари“ ширкати “Тожикистон темир йўллари“ ширкатига юборган телеграммасида 17 ноябрга ўтар кечаси Ғалаба-Амузанг темир йўлида портлаш содир бўлгани сабабли Тожикистоннинг жанубий минтақаларига кетаётган юк вагонлари ҳаракатлари тўхтатилганини маълум қилган эди.

Тожик парламенти спикери Зуҳуровнинг билдиришича, республика темир йўллари ширкати бир неча марта Ўзбекистон томонга расмий мурожаат қилиб, Ғалаба-Амузанг темир йўлида вужудга келган вазият билан яқиндан танишиш ҳамда уни ўз маблағи ҳисобидан таъмирлашга рухсат беришни сўраган.

“Бироқ, афсуски “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати тожикистонлик темир йўлчилар таклифини ҳамон эътиборсиз қолдирмоқда”, деди Зуҳуров.

Шунингдек, Зуҳуров шу ҳафта бошида Тожикистон Бош вазири Оқил Оқилов Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевга иккита расмий мактуб йўллаб, икки республика ўртасидаги темир йўлларда вужудга келган муаммо ечимида амалий ёрдам кўрсатишини сўраган.

- Аммо афсуски, бу томон таклифлари нафақат “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати раҳбарлари, балки ҳукумат амалдорлари томонидан ҳам жавобсиз қолдирилмоқда,- деди парламент қуйи палатаси спикери Зуҳуров.

Айни пайтда БМТ қошидаги Жаҳон озиқ-овқат дастурининг Тожикистондаги ваколатхонаси директори Алзира Феррейра ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг ўз ҳудудидан ўтувчи Тожикистон поездлари йўлини ëпиқ қолдираëтгани бу мамлакатда озиқ-овқат тақчиллигига сабаб бўлишидан огоҳлантирганди.

Озодлик билан суҳбатда, Феррейра хоним Ўзбекистон ушлаб турган 300дан ортиқ вагонлар орасида 23таси БМТга қарашли бўлиб уларга инсонпарварлик ёрдами юклари ортилганини маълум қилди.

- Юкларнинг асосий қисми озиқ-овқат махсулотидир. Булар ун, ёғ ва ловиядир. Бу юклар БМТ Озиқ-овқат дастури амалга оширадиган лойиҳалар доирасида ишлатилади ва унинг катта қисми қишлоқ жойлардаги бошланғич мактаб болаларини ҳар куни иссиқ овқат билан таъминлашга оид лойиҳа учун ишлатилади. Бундан ташқари қиш кунлари Тожикистоннинг баъзи минтақаларида қашшоқ оилаларини озиқ-овқат рационлари билан таъминлаш лойиҳаси мақсадларида ишлатилади, дейди БМТ вакили.

Феррейра хонимнинг айтишича, БМТ вакиллари Ўзбекистон расмийларига муаммо хусусида мурожаат қилган, лекин бу хусусда аниқ жавоб олганича йўқ.

Тожикистоннинг Хатлон вилояти ва Кўлоб минтақаси аҳолиси Ўзбекистондан ўтувчи юк вагонларининг келмай қолаётгани боис озиқ-овқат нархининг кескин кўтарилиб кетганидан шикоят қилмоқда.

Термиз темир йўлининг Амузанг йўналиши Тожикистоннинг Хатлон вилоятига озиқ-овқат ва ёнилғи маҳсулотлари олиб кириш учун хизмат қиладиган ягона темир йўл саналади.

Ўзбекистоннинг Термиз ва Тожикистоннинг Қўрғонтепа шаҳари ўртасидаги 218 километрлик темир йўлдан тожикистонликлар 1974 йилдан бери фойдаланиб келади.

Шу йилнинг 17 ноябрига ўтар кечаси темир йўлнинг ана шу қисмида рўй берган потлашдан сўнг Тожикистонга қатнайдиган пассажир ва юк поездлари ҳаракати ҳам тўхтатилганди.

Айни пайтда, кузатувчиларга кўра, Москва сафарига отланган тожикистонлик фуқаролар Душанбе вокзалидан жўнаб кетишга мажбур бўлмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG