Линклар

"Саломатлик ҳафтаси"да текин "спирал" таклиф қилинмоқда

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон вилоятларида ташкил қилинаётган "Саломатлик ҳафталари" баҳонасида туғиш ёшидаги аёлларнинг туғиши олди олинмоқда.

Ўзбекистон вилоятларида ташкил қилинаётган "Саломатлик ҳафталари" баҳонасида туғиш ёшидаги аёлларнинг туғиши олди олинмоқда.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ташкил қилинаётган "Саломатлик ҳафтаси"ни Жиззахга олиб келган шифокорлар вилоят қишлоқларида аёлларга текин бачадон ичи воситаси, яъни спирал қўйишни таклиф қилмоқда. Тошкентдан келган махсус дўхтирлар бригадаси амалга ошираётган кампания мамлакатда туғилиш суръатини назоратга олиш уринишларининг бир қисми сифатида кўрилмоқда.


Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Пўлат Бобоевнинг Озодлик радиосига айтишича, "Саломатлик ҳафталиги"дан кўзланган асосий мақсад оналик ва болаликни ҳимоя қилишдир:

- Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳар бир вилоятга саломатлик ҳафталиги ташкил қилинган. Бу ҳафталикда оналарга, болаларга саломатликни тиклашда амалий ёрдам берилади. Оналар УЗИ қилинади, спирали кўрилади, қандай касаллиги бўлса мутахассисларга кўрсатилади. Бу гуруҳ таркибида педиатр, гинеколог ва терапевтлар бор,- дейди Пўлат Бобоев.

Бошқарма бошлиғига кўра, агар оналар саломатлиги охирги ҳомиладорликдан кейин тикланишга эҳтиёжи бўлса, уларга спирал қўйиш таклиф қилинади:

- Кимдадир агар спирал бўлмаса, унга таклиф қилинади. Албатта бу мажбурий эмас, ўзини хоҳиши билан. Кўп болали бўлса, соғлиғини йўқотган бўлса, агар мурожаат қилса текин қўйиб берилади,- дейди Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Пўлат Бобоев.

Бироқ, вилоятнинг Дўстлик туманида истиқомат қилувчи Ҳафизанинг овозини ёзиб олмаслик шарти билан Озодликка айтишича, ҳамширалар уйма-уй юриб шу йил фарзанд кўрган оналарни қишлоқ врачлик пунктларига таклиф қилган:

- Медсестралар уйма-уй юриб Тошкентдан духтурлар келибди, текинга даволанишингиз мумкин экан, деб айтди. Менинг бош оғриғим бор. Борсам, биз бошингизни текширмаймиз, сизга текинга спирал қўйиб берамиз, дейди. Спиралинг бошингдан қолсин, дедимда қайтиб келдим,- дейди Ҳафиза.

Дўстлик туманининг Янгиобод қишлоқ врачлик пункти яқинида истиқомат қиладиган Ҳайдаржонга кўра, унинг хотини ҳам тошкентлик дўхтирлардан ўзига керакли муолажани ололмаган:

- Мана бугун учинчи кунки, биз турган хўжаликка Тошкентдан докторлар келган қишлоқ врачлик пунктига. Хотинимнинг икки-уч кундан бери мазаси йўқ эди. “Докторлар келибди. Бориб кўриниб келгин” деб жўнатсам, “Йўқ, у бизни кўрмас экан. У фақат 2011 йилда туққан аëлларга текинга спирал қўйишга келган экан” деяпти. Бу нима масала? Ўзбекистонда одам сони кўпайиб кетди демоқчими, ë тепадан буйруқ бўлганми шунақа. Текинга спирал қўйиб берар эмиш. Кўчама кўча айтиб юрибди аëлларга “докторлар келди кўрининглар”. Аёлларга қанақа доктор эканлигини айтмаяпти. У ëққа боргандан кейин сўралаяпти. “Нима бўлди?”, “Менинг бошим оғирийди” ëки бошқа касални айтса, “Йўқ, сиз керакмас. Бизга 2011 йил туққан аëллар керак. Текин спирал қўямиз” деяпти,- дейди Ҳайдаржон.

Ўзбекистонда кейинги йилларда туғишни камайтиришга қаратилган уринишлар кучаяётгани айтилади.

Хусусан, ўзбек оилаларида болалар сонини иккитадан кўпайтирмаслик талаб қилинаётгани тўғрисида хабарлар бор.

Кузатувларга кўра, туғиш ёшидаги аёллар агар фарзандлари иккита бўлса, уларга мажбурий равишда бачадон ичи воситаси (спирал) қўйилмоқда ёки улар стерилизация қилинмоқда, яъни бичилмоқда.

Ихтиёрий экани айтилаётган стерилизация жараёни аксар ҳолларда мажбурий тарзда ўтказилаётгани ҳақида жуда кўплаб маълумотлар бор.

Жорий йилнинг январ-сентябр ойларида Ўзбекистонда туғилиш кўрсаткичи 20,8 промилле, яъни ҳар минг кишига қарийб 21 чақалоқни ташкил қилди.

Агар бу рақамни Ўзбекистондаги 28,2 миллион аҳолига нисбатан олсак, ўтган тўққиз ой давомида тахминан 560 минг бола туғилган демакдир.

Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, туғилиш кўрсаткичи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,1 промиллега камайган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG