Линклар

logo-print

Қозоғистондаги зўравонликларда камида 10 киши нобуд бўлди


Жанаўзен шаҳри, 2011 йил 16 декабр.

Жанаўзен шаҳри, 2011 йил 16 декабр.

Қозоғистон ғарбидаги Жанаўзен шаҳрида полиция ходимлари ва намойишчилар ўртасида рўй берган тўқнашувда камида 10 намойишчи нобуд бўлди. Қозоғистон расмийлари зўравонлик пайтида полиция ходимлари жароҳат олганини билдирди.


Қозоғистон Бош прокурори Асҳат Даулбаев Қозоғистон ғарбида жойлашган Жанаўзен шаҳридаги нефт заводидан ҳайдалган ишчилар ва полиция ходимлари ўртасида рўй берган тўқнашувда 10 киши нобуд бўлганини билдирди.

Ўтказилган матбуот анжуманида Даулбаев “оммавий тартибсизлик оқибатида 10 киши ҳалок бўлди”, деди. Бош прокурор хавфсизлик кучлари намойишчиларни ўққа тутганини рад қилди.

Полиция ходимлари билан нефт заводи ишчилари ўртасидаги тўқнашув 16 декабр куни эрталаб бошланган.

Мустақил “Odak” иттифоқи эълон қилган баёнотга асосланиб Франс пресс ахборот агентлигининг хабар қилишича, норозилик билдириш учун ишчилар ва улар тарафдори бўлган уч мингга яқин одам мустақиллик куни нишонланиши режаланган шаҳар марказидаги майдонга йиғилган.

Мухолифатнинг Республика журнали ўзининг Интернет сайти орқали намойишчилар темир тўсиқларни ағдариб ташлаганини маълум қилди.

К+ телеканали намойиш қилинган лавҳада одамлар Қозоғистон мустақиллигининг 20 йиллигини нишонлаш учун ўрнатилган саҳнани бузаётгани тасвирланган.

КазМугайГаз давлат компаниясига қарашли нефт заводининг юзлаб ишчиси маошлар оширилиши ва иш шароити яхшиланиши талаби билан олти ойдан ортиқ вақдан бери намойиш ўтказиб келаётган эди.

Намойишда қатнашган бир мингдан зиёд одам ишдан бўшатилганига қарамай, норозилик акцияси давом этган.

Интернетдан фойдаланувчилар ахборот тарқатувчи мустақил сайтлар ва Twitter ни оча олмаган.

Шу боис Қозоғистоннинг авторитар ҳукумати Жанаўзен шаҳридаги зўравонликлар тўғрисида маълумотлар тарқалишининг олдини олишга уринган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

16 декабр куни Қозоғистон Республикасининг 20 йиллиги нишонланди.

1991 йил 16 декабр куни Қозоғистон СССР Республикалари ичида охирги бўлиб ўз мустақиллигини эълон қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG