Линклар

logo-print

Европа Парламенти депутатлари Ўзбекистонда болалар мажбурий меҳнатга жалб қилинишига оид хабарлар юзасидан Халқаро меҳнат ташкилоти текширув ўтказишига рухсат берилмагунча Ўзбекистондан импорт қилинаётган пахта ва текстил маҳсулотларига солиқни камайтириш ҳақидаги таклифни кўпчилик овоз билан рад қилди.


Eurasianet Интернет нашри маълумотига кўра, овоз беришда Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида эришилган ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни кенгайтириш масаласи ҳал қилиниши керак бўлган.

Лекин овоз беришда 603 депутатдан атиги саккиз нафари таклифни ёқлаб, қолган депутатлар унга қарши овоз бердилар.

Келишувнинг текстил савдосига оид бандини қайта ишлаб чиқиш учун депутатлар ҳужжатни Европа Комиссиясига жўнатди.

Европа Парламенти депутатлари резолюциясида “Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланилаётганини кескин қоралаган” ва “президент Ислом Каримовни Халқаро меҳнат ташкилотига болалар меҳнатидан фойдаланилаётгани ҳақидаги маълумотлар юзасидан мамлакатда текширув ўтказишга рухсат беришга чақирилган”.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматини пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланаётганини кўп йиллардан бери танқид қилиб келади.

Шу ҳафта Берлинда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволига оид янги ҳисобот тақдим қилган Ҳюман райтс уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти Европа Иттифоқини Ўзбекистонга савдо бўйича имтиёз бермасликка чақирган эди.

Берлиндаги Ўзбекистон-Германия форуми ташкилоти раҳбари Умида Ниёзова Европа парламенти депутатлари қабул қилган қарор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари олиб борган фаолият натижаси эканини айтди.

- Европа парламенти қарорини мен Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисидаги ҳуқуқ ҳимоячилари иши билан боғлайман. Чунки йиллар давомида Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни тузатмасдан келади ва пахта саноати устида турган элита болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланиб, уларга жуда кам ойлик тўлаб шу орқали бойлик орттиради.

Шунинг учун Ўзбекистон ҳукуматига фақатгина ташқи босим орқали инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш мумкин, дейди Ўзбекистон-Германия форуми ташкилоти раҳбари Умида Ниёзова.

Сўнгги йилларда ўнлаб ғарб ширкатлари Ўзбекистон ҳукуматини болалар меҳнатидан воз кечишга кўндириш мақсадида ўзбек пахтасини сотиб олишдан бош тортмоқда.

Wall-Mart, Marks&Spencer, Gap, TESCO, Gymbory сингари кийим-кечак билан савдо қилувчи дунёдаги етакчи улгуржи савдо ширкатлари Ўзбекистонда етиштирилган пахтага бойкот эълон қилган.

Ўзбекистон расмийлари дала ишларида болалар меҳнатидан фойдаланилишини рад этиб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG